14:20 / 28.10.2022
15320

“Сотишга уйимиз, бирор арзирли нарсамиз бўлса эди”— йўқчилик олдида ожиз оналар ноласи

Боласига зирапча кирса, онанинг юраги оғрийди. Дард етса қандай оғриқ туйишини тасаввур қилаверинг. Мол-давлати етарли бўлса даволатади, агар қўли юпқа бўлса, бир дарди минг бўлади. Ўзи ижарада яшайдиган бу оилаларнинг дарди юракни ўртаб юборади. Ҳеч бўлмаса сотишга уйимиз, бирон каттароқ нарсамиз бўлса эди, дея ич-этини еяётган онаизорлар яхшилар кўмагидан умидвор.

“Ая, мен қачон мактабга бораман?”

Икки йил интиқ кутиб топган фарзандини еру кўкка ишонмайдиган Жумахол опа қизалоғининг бу дардга чалинишини хаёлининг кўчасига ҳам келтирмаган. Учинчи фарзанди туғилгунича шифохонада — қизининг олдидан жилмади. Фарзандини даволатиш учун ҳатто сотишга уйи ҳам йўқ.

“Етти йилдан бери ижарада турамиз. Уй-жойимиз йўқ. Отаси доимий ишда ишлай олмайди. Ревматизми бор. Фақат иссиқ кунлари ишга чиқади.

Кун-тун боламга термулиб ўйлайман фақат. Менинг болам ҳам мактабга чиқармикан, тенгдошларидек чопқиллаб юрармикан?..”, дейди онаизор ўкинч билан.

Бу йил боласи тенгилар мактабга чиққанини кўриб, аёлнинг юраги эзилади.

“Ая, мен қачон мактабга бораман, дейди. Уйда таълим оладиган бўлди. Бир ҳафтада икки кун. Лекин шунга ҳам чарчаб қоляпти.

Лабларигача оқариб, шишиб кетади. Икки курс даволатдик. Учинчисига қурбимиз етмай қолди. Ҳеч нарса емай қўйди. Бу касалликни душманимгаям раво кўрмайман”, дейди Жумахол опа кўз ёшларини артиб.

Фарангиз Абдуғаниевага оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0803 0952 9461 онаси Жумахол Расулова номида

Манзил: Сирдарё вилояти, Мирзабод тумани, Наврўз маҳалласи, Тараққиёт кўчаси 2-уй.

“Кунлар совиса, юрагим безиллайди”

Қиш келиши кўпчилик оналарни ташвишга солади. Айниқса, болага иссиқ кийим, этик олиш керак, уйни иситиш керак... Лекин Сайёра опанинг хавотири бошқа нарсадан. У хаста қизалоғининг қийналишидан қўрқади.

“Кунлар совийверса юрагим безиллайди. Иммунитети паст, оғриб қолишидан қўрқаман. Икки марта ковид ўтказди. Ҳатто иссиқ ёзда ҳам шамоллади. Энг оғир ҳадик – даволаш самара бермай, илик кўчириш зарурати туғилгани бўлди. Бу жуда мураккаб операция экан ва катта маблағ керак бўларкан”.

Сайёра опанинг қизи Маликахон ҳам бу йил мактаб ёшига етди. Лекин асосий вақти шифохонада ўтаётган қизалоқ уй таълимини олишга ҳам улгурмаяпти.

“Ўзим ўқитувчи бўлиб ишлайман. Бир йилдан бери қизим билан бўлиб, ишламаяпман. Турмуш ўртоғим эл қатори чет элда ишлайди. Яқиндан жигарида ҳам муаммолар пайдо бўла бошлади. Оладиган уколлари оғирлик қилибди. Энди жигари учун ҳам даволатишни бошладик”, дейди Сайёра опа қизалоғига термулиб.

Маликахон Эркиновага оид маълумотлар:

Ўзкард: 6262 9100 6266 4230 онаси Сайёра Асатуллаева номида

Манзил: Андижон вилояти, Избоскан тумани, Пойтуғ шаҳар, Янги аср 13-уй.

“Сотишга уйимиз, бирор арзирли нарсамиз бўлса эди”

Аёлнинг жони қирқта бўлади, дейишади. Йўқчиликкаям, хасталиккаям чидайди. Эри билан елкама-елка рўзғор аравасини ҳам тортади. Аммо фарзанди хасталанса, қирқ жони ҳам узилиб кегандек бўлади. Жайна опа ҳам шундай аёллардан бири.

“Эрим ҳам ўзим ҳам ишсизман. Қизим касаллангунга қадар бозордан сут-қатиқ олиб келиб қўшниларимга сотиб кун кечирардим. Тўққиз йилдан бери ижарада турамиз. Қизимнинг мазаси бўлавермагач, шифохонага олиб бордик. Оғзи-бурнидан тинимсиз қон келаверди. Зудлик билан реанимацияга ётқизишди. Кейин Нукусга олиб боришимизни айтишди. Қўлимда 35 минг пулим қолган, нима қилишни билмайман. Қариндош-уруғ ёрдами билан қайнонам иккимиз қизимни Тошкентга олиб келадиган бўлдик. Поездга чиқарканмиз болам отасини қучоқлаб олган. Сиз кетмасангиз мен ҳам бормайман, деб йиғлайди. Отаси ҳам кўз ёшларини тия олмайди. Бирга келаман деса пулимиз йўқ, нима қилишни билмаймиз”, дейди Жайна опа ўкинч билан.

Уйдагилари Нукусдаёқ боласининг касаллиги ҳақида хабар топади, лекин хотинининг юраги касаллиги боис унга айтишолмайди. Касални яширганинг билан иситмаси ошкор қилади, дейишади. Жайна опа қизи ҳақидаги ҳақиқатни Тошкентда эшитади.

“Текширувлардан кейин доктор қизимда касаллик аниқланганини айтганда ўзимни билмай йиқилиб тушдим. Уйдагилар Нукусдалигимиздаёқ буни билган, юрагимнинг мазаси йўқлиги учун айтишмаган экан. Йиғлайман-йиғлайман, ўзимни ҳеч тўхтатолмайман. Қанийди, уйимиз бўлса-ю, сотиб боламни даволатсам, ёки сотишга арзигулик бирон нарсамиз бўлса. Қизимнинг азобланаётганини кўриб туриб ҳеч нарса қилолмасликдан оғири йўқ, мен учун”. 

Ҳурлиман Болтабоевага оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 6911 8976 онаси Жайна Холмуротова номида

Манзил: Қорақалпоғистон Республикаси, Кунград тумани, Алтин кўл посёлкаси, Х. Реджепов 11-уй.

45 кун жазирама асфалтда боласининг тузалишини кутди...

Она-ку она, боласининг дарди оталарни ҳам йиқитади. Шоҳигул опа набирасининг хасталиги сабаб ўғли ҳам соғлиғини йўқотганидан юрак-бағри куйиб кетяпти.

“Боламнинг тўрт қиздан кейин тилаб-тилаб олган ўғли эди. Тинимсиз мазаси бўлавермагач шифокор анализ қилиб кўрди. Ўғлимга анализ жавобларини кўрсатиб, боланг оққон бўлиб қолибди, пешонанг шўр экан, буни тез Тошкентга олиб бор, деб айтди. Доктор ҳам йиғлаб юборди.

Ўшанда тунги 11 эди. Кечаси бўлишига қарамай болам йўлга тушди. Докторлар бу бўлмайди, қайтариб олиб кетаверинглар, дебди. Шу гапни эшитиб боламнинг миясига қон қуйилибди. Сарғайма, бошидан гематома орттириб олди болам шўрлик.

45 кун жазирама асфалтда боласининг тузалишини кутди. Қайт болажоним, деб ёлвордим. Она, болам бўлмаса менга ҳаёт керак эмас, деб бир қадам силжимади. Ҳовлисини, бор мол-ҳолини сотди. Худога шукур докторлар анча яхши қилиб беришди”, дейди ҳам набираси ҳам боласига куйинаётган онаизор.

Жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган ота, боласининг хасталигидан сўнг соғлиғини йўқотиб, ишлашга яроқсиз бўлиб қолади. Юсуфжон тузалиши учун эса ҳали бир неча даволаш босқичларини босиб ўтиши керак.   

Юсуфжон Эшпўлатовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0602 5148 2114 бобоси Эшпўлат Саидов номида

Ҳумо: 9860 0825 2143 0775 бувиси Шоҳигул Султонова номида

Манзил: Қашқадарё вилояти, Касби тумани, Юксалиш маҳалласи, Учқун кўчаси 1-уй.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top