19:46 / 29.10.2022
22168

Самарқандда сохта ҳарбий мактаб юзлаб ота-оналарни чув туширди: қонуний хусусий мактабларни қандай фарқлаш мумкин?

Фирибгарлар Самарқанд шаҳрида хусусий ҳарбий мактаб очилганини айтиб, турли вилоятларда яшовчи ота-оналардан 2 ой давомида пул олиб келишган. Ўқиш бошланадиган кун «ҳарбий мактаб» учун очилган Telegram гуруҳи кийим-кечак гуруҳига айлантирилиб, «мактаб раҳбарлари» йўқолиб қолган.

Фото: KUN.UZ

Жимжимадор эълонлар

Тарқалган видеога кўра, 2022/23 ўқув йили бошланмасидан олдин Самарқандда «Темурийлар мактаби» номи остидаги ҳарбий хусусий мактаб очилаётгани ва унга қабул бошлангани ҳақида эълонлар ёпиштириб чиқилади. Мактаб манзили дея Самарқанд шаҳри Ҳунармандлар маҳалласи кўрсатилади.

Эълонда мактабга 7–21 ёшдаги йигит-қизларнинг ўқишга қабул қилиниши, ўқувчилар ётоқ ва 3 маҳал овқат, ҳарбий спорт формаси билан таъминланиши ёзиб қўйилган. Шунингдек, ўқувчиларга ҳайдовчилик гувоҳномаси, кириш имтиҳонларида 72 балл қўшиб берилиши ҳам кўрсатилган. Ўқувчиларга рус тили, математика, физика, тарих фанлари ўқитилиб, таэквондо, полигон дала машқлари, сузиш каби машғулотлар билан шуғулланишлари ҳақида ваъдалар берилган.

Бу ваъдалар кўплаб ота-оналарни қизиқтириб, республиканинг турли вилоятларидан ота-оналар фарзандларини мактабга ёздириб қўйишади. Ўқув йили сентябрда бошланишига қарамай, фирибгарлар мактабда таъмирлаш кетаётганини айтиб, алдаб келишган.

Мактаб ҳам, раҳбар ҳам йўқолиб қолган

Маълум бўлишича, ота-оналардан фарзандлари ҳарбий мактабда ўқиши учун 2 ой давомида пул йиғиб келинган.

Мактабга ўғлини ўқитиш учун тўлов қилган она Дилдора Абдувоҳидованинг айтишича, у мактаб учун 1 миллион 230 минг сўм пул берган.

«Қўлимда чеки ҳам турибди. Бу қонуний ёки йўқлигини билмайман. Улар менга мактабда ўша пайтда таъмирлаш кетаётгани, 3 октябрдан мактаб очилишини айтишган. Биз ҳаммамиз кутдик. Болаларимиз мактабга бормади. Уйда ўтириб, таълимдан қолди», — дейди аёл.

Яна бир ота боласини Навоийдан кўрпа-тўшаги билан олиб келганини айтади.

«Бизни соат 3га чақиришган. Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарёдан одамлар келиб кутиб туришибди», — деган ота.

Ота-оналарнинг айтишича, ваъда қилинган ўқув йили бошланадиган кун ҳарбий мактаб учун очилган Telegram гуруҳи кийим-кечак гуруҳига айланиб қолган.

«Бизга берган телефон рақамлари ҳам ўчирилган кўрсатяпти», — дейди аёллардан бири.

Фирибгарлар аниқланган

Самарқанд вилоят ИИБ фирибгарлар ким экани аниқланганини маълум қилиб, жабрланганлар Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирган.

«Ҳозирда фуқаро С.Бозорова, ўғли А.Узоқов ва уларнинг шерикларига нисбатан тадбиркорлик ниқоби остида таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмасдан, ноқонуний равишда Самарқанд шаҳри «Ҳунармандлар» МФЙ Бедил кўчаси 17-уйда «Темурбек ўғлонлари ҚКТМ мактаби» нодавлат таълим муассасасини ташкил қилгани ва кўплаб фуқаролардан пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади ИИБ муносабатида.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси нима дейди?

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Kun.uz’га маълум қилишича, хусусий ҳарбий мактаб ҳақидаги эълонлар онлайн эмас, қоғоз варақа шаклида чиқариб тарқатилган.

«Эълонлар интернет платформаларида берилганда биз турли ижтимоий тармоқлар орқали бундан хабар топган бўлардик», — дейди матбуот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов.

Шунингдек, инспекция Самарқанд вилоятидаги «Темурийлар мактаби» нодавлат ҳарбий умумий ўрта таълим фаолияти билан шуғулланиш учун Таълим инспекциясидан лицензия олмагани, бу муассаса лицензия олиш учун мурожаат ҳам қилмаганини қўшимча қилди.

Маълум бўлишича, бу мактабда фарзандини ўқитишни истаган ота-оналар ёки маҳаллий ташкилотлар унинг фаолияти қонуний асосда йўлга қўйилганини аниқлаш бўйича инспекцияга ёки ҳудудий бўлимига савол билан мурожаат қилмаган.

«Ота-оналар ички ишлар органларига хабар бергач, муассаса фаолиятини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳда инспекциянинг ҳудудий бўлими ходими ҳам иштирок этган. Бу ташкилотга алданиб қолган ўқувчиларни ўз яшаш ҳудудидаги мактабларга жойлаштириш бўйича тегишли ташкилотларга топшириқ берилган», — дейди инспекция матбуот хизмати раҳбари.

Ноқонуний таълим муассасаларини фарқлаш

Турли ноқонуний таълим ташкилотларига алданиб қолмаслик учун улардан лицензиясини кўрсатишни талаб қилиш керак. Ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайтида лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотлар рўйхатидан билиб олиш мумкин.

Лицензия бланкасида QR-код билан ҳимояланган юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, таълим фаолиятини амалга ошириш манзили, солиқ тўловчи идентификация рақами (СТИР), фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати акс этади.

Агар бу таълим муассасаси фуқароларга лицензия тақдим қила олмаса, ноқонуний таълим фаолияти ҳисобланади.

Шунингдек, фуқаролар нодавлат таълим ташкилотлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан инспекциянинг @nodavlattalim_bot манзилидаги Telegram ботига ёки +998 71 231-07-53 (ички рақамлар 1027, 1020 1037 ёки 1050) телефон рақамлари ёхуд ижтимоий тармоқларидаги саҳифалар орқали жавоб олишлари мумкин.

Ота-оналар билиши керак...

Ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллар хусусий мактабнинг ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва бошқа шартлар белгиланган шартнома асосида мактабга фарзандларини жойлаштиришлари мумкин.

Хусусий мактаблар фаолияти халқ таълими вазирининг 2015 йил 2 июндаги «Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 13-мҳ-сон буйруғи ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги «Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1028-сон қарори билан тартибга солинади.

Бундан ташқари, нодавлат мактабларда ҳам 1-синфга қабул ёши «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида кўрсатилганидек, 7 ёш ҳисобланади. 

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб амалга кирган бу қонун нормаси давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун бирдек мажбурий.

Зуҳра Абдуҳалимова, Kun.uz журналисти 

Top