18:40 / 31.10.2022
8521

Фуқаро гематология шифохонаси ёнида беморлар ва уларнинг яқинлари учун вақтинчалик бепул тураржой ташкил қилди

Kun.uz мухбири Аброр Зоҳидов гематология шифохонаси ёнида беморлар ва уларнинг яқинлари учун вақтинчалик бепул тураржой ташкил қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилди.

“Тошкентга келганимдан буён шифохонага келганлар, айниқса, гематология марказига бемор келтириб, мажбурликдан дарвоза тагида ётганларга бир бошпана қурсам, деган орзу билан яшардим. Бугун шу орзунинг кичик қисмига эришдик. Яқин укамиз билан бир лойиҳани амалга оширдик.

Чилонзорда яшайман ва гематология шифохонаси ёнидан кўп ўтаман. Ёзин-қишин унинг дарвозаси тагида боласи ҳақида бир оғиз хабарга маҳтал, қаердан бўлса ҳам дори-дармон етказиб келишга тайёр ота-оналар бўлишади. Машинаси бори машинасида, йўқлари шундай ер устида ётишади. Ҳафталаб кўчада ётганларни биламан. Имкон борида уйга олиб кетардик, ювиниб, бир пиёла чой ичиб қайтишарди.

Kun.uz'га ишга ўтганимдан кейин хайриялар билан ҳам шуғуллана бошладим ва муаммонинг нақадар чуқур эканлигини кўпроқ англаб етдим.

Ана шундай муҳтожлар учун бепул бошпана, карвонсарой-меҳмонхона қуриш орзумиз бор эди. Бу орзу ҳануз бор, фақат унинг дебочаси бугун тайёр бўлди. Шифохона рўпарасидан ихчамгина хонадон сотиб олдик ва таъмирлаб, жиҳозладик. Ҳозир унда 3 она-болани ёки кутаётган 5-6 кишини бирваракайига қабул қилиш имконияти бор.

Барчаси бепул!” – деб ёзади у.

Тураржой билан бирга озиқ-овқатлар ҳам бепул бўлиши режалаштирилган. Шунингдек, бу вақтинчалик бошпанада ўртача 5-7 кун яшаш имконияти берилади ва бир нечта талабларга риоя қилиш керак бўлади:

“1. Хонадонда фақат шифохонага келганлар доимий бошпана топгунча яшаб туришлари мумкин. Шу боис ўртача 5-7 кун яшаш имконияти берилади. Шундан сўнг жойни бошқаларга бўшатиб бериш лозим. Бу талабни тўғри тушунинглар, беморлар шифохонада 6 ой, 1 йиллаб даволанишади. Бир кишига узоқ вақтга бериб қўйиб, бошқаларни мосуво қилиш дуруст эмас. Ўзи бундай бемори борларга Тошкентга келгандан кейин энг қийин пайт – ўша дастлабки 5-7 кун. Зарур ҳужжатлар сўралади, малол келмасин;

2. Нафақат тунаш, балки имконимиз қадар бепул егуликлар билан таъминлаш ниятидамиз. Фақат у ерда яшаётганлар кўчада кутаётганларга ҳам келиб овқат тайёрлаб олишларига имкон беришлари зарур. Шунингдек, хонадон тоза-озода сақланишига масъул белгиланади;

3. Беморларнинг қимматбаҳо дори-дармонлари сақланиши учун алоҳида қулфланадиган шкафчалар ўрнатилган. Кимнингдир нимасидир йўқолиши, аралашиб кетишининг олдини олиш яшовчилар зиммасида бўлади.

Карвонсарой-меҳмонхонада туриш истагида бўлганлар @Abror_Zohidov Telegram-манзили орқали боғланишлари, беморлар ва уларнинг яқинларига ёрдам бериш, таом келтириш истагида бўлганлар бевосита хонадонга келишлари мумкин”, дейилади эълонда.

Top