Она ҳар қандай вазиятда ҳам боласига далда бўлишга ўзида куч топа олади. Гарчи ўзи далдага муҳтож бўлса-да. Қанчалик оғир бўлмасин, ичи йиғлаб, устида табассум қилади. Чунки кўз ёшлари билан боласининг дардига малҳам бўлолмаслигини билади.

Фарзандига шифо истаб бор-будини, уй-жойи-ю, мол-мулкини сотади. Ейишга нони қолмаса бировдан сўрашга уяладиган инсонлар ҳам фарзанди учун оғир дамда саховатпешалардан кўмак истайди. 

“Эрим мендан яшириб кўп йиғлайди”

Дилором опанинг катта ўғли айни шижоати ичига сиғмайдиган, мактабни тамомлаб, мустақил ҳаётга илк қадамларни босадиган ёшда оғир дардга чалинди.

Синфдош ўртоқлари билан жисмоний тарбия институтига ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётган Фозил дарсларга боришга ҳам ўзида куч тополмай қолди.

“Болам оққоннинг оғир варианти билан оғриган экан. Дадаси Россияда эдилар. Хавотир олмасинлар деб аввалига уларга айтмадик. Учинчи марта химия олаётганда жим бўлиб қолди. Аҳволи оғирлашди. Қўрқиб кетдим.

Ташқарида амакиси бор эди. Чиқиб айтдим. Гапирмаяпти, энди нима қиламиз, деб йиғлаб юбордим. Бормаган жойимиз, қилмаган ишимиз қолмади. Докторлар дадасини чақиринг, кўриб зора аҳволи яхшиланса, дейишди. Кейин дадасини чақириб олдик.

Илик кўчириш керак, дейишяпти. Докторлар жуда бемалолсизлар, болани тезроқ операция қилдириш керак, деб уришишади. Нима қилайлик, пулимиз бўлса қилдирмасмидик?! Дадаси кунлик ишларга чиқиб келадилар.

Олиб келган пулларини қай бирига етказишни билмаймиз. Квартирагами, еб-ичишгами, боламнинг дори-дармонларигами... Эрим мендан яшириб йиғлайди. Болам ичига ютади. Ҳаммасини биламан, лекин нима қилай, уларнинг кўнглидан ўтаётганини мен ҳам ҳис қилиб турибман” - дейди Дилором опа хўрсиниб.

Фозил Назаровга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 3501 0955 4039 онаси Дилором Ашурова номида

Манзил: Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, “Манғит” МФЙ, 11-уй.

“Туни билан нафасига қулоқ тутиб чиқаман”