18:55 / 13.11.2022
32063

«Ичкарида нима бўлгани аниқланиши шарт» — фаоллар фарғоналик 15 яшар ўсмир ўлими ҳақида

Фото: Kun.uz

15 ёшли Равшанбек Абдусатторов Фарғона вилоят ИИБга қарашли Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сирли тарзда ўлим топгани жамоатчиликда эътироз ва саволлар уйғотмоқда. Фаоллар бу ҳодиса тизимнинг муаммосини кўрсатгани, ҳалигача юқорироқ лавозимли бирор мулозим юз берган воқеа бўйича тушунтириш бермагани ёки узр сўрамаганига урғу қаратмоқда.

Равшанбек Абдусатторов 16 октябр куни савдо мажмуасидан жами 17 минг сўмлик қурут ва ичимлик олиб, пулини тўламай чиқиб кетаётганда сотувчилар томонидан ушланиб, ҳудуддаги профилактика инспекторларига топширилган. Инспекторлар Равшанбек Абдусатторовни дастлаб Бувайда ИИБга, сўнгра Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб боришган. Орадан икки кун ўтгач шу муассасадан унинг жасади чиқади.

Kun.uz суриштируви давомида унинг ўлими анча вақт унинг яқинларидан сир тутилгани маълум бўлди. Расмийлар марҳумнинг ўлимига марказдаги саккиз нафар бола билан келиб чиққан низо сабаб бўлганини айтишмоқда. Бироқ боланинг яқинлари бунга ишонмаяпти. Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, икки кишига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган. Вилоят ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган, икки нафар ходим ИИО хизматидан бўшатилган. Улар навбатчилик қилган кунда тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжалнинг олдини олмагани учун жазоланган. Ҳолат Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар Омбудсмани) назоратига олинган.

«Очиқ суд бўлиши шарт!»

Журналист Азиза Қурбонова прокуратура тез орада «ичкарида» аслида нима бўлганини аниқлаши, суд иши эса очиқ бўлиши шартлигини таъкидлаган.

– Учкўприклик 14 ёшли Равшан 16 октябр куни Фарғона вилояти Бувайда туманидаги «Ансор» дўконидан қурут ва пепси (17 минг сўм) ўғирлайди, уни олдин туман ИИБга, сўнг Қўқондаги вояга етмаганлар марказига олиб кетишади. Уйидагиларга хабар ҳам берилмайди.

2 кундан сўнг, 18 октябрда боланинг ўлгани маълум бўлади… Боланинг ўлими ҳақда биринчи бўлиб тоғасининг «Морг»да ишлайдиган таниши айтади: «Танидим, жиянингнинг мурдасини ёрмасимдан олдин келиб кўр…»

ИИБ ходимлари эса бу икки кунда она шўрликка такрор ва такрор «яхши жойда юрибди, ухлаяпти» деган гапларни айтишади…

Бола марказдаги ўсмир болалар калтаклагани туфайли жароҳатлардан вафот этган деган дастлабки версиялар айтиляпти. Икки киши эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, ходимларга хизмат текшируви ўтказилмоқда, дейилибди.

Шунчаки, она ва тоғанинг ҳикоясини эшитганингиздаёқ тизимнинг чириб кетганини кўрасиз: сўроқ қилинувчиларнинг элементар ҳуқуқлари бузилиши, яқинларига ўз вақтида хабар берилмаслиги, хавфсизлиги таъминланмаслиги, қийноқлар қўллаш давом этаётгани — классик ҳолат.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, айниқса ички ишлар органлари биносидан одамларнинг ўлиги чиқиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Мисоллар интернетда тиқилиб ётибди.

Ҳар куни давлат телеканалларида эфирга берилган «урди-қочди-ўлди-кетди», «ички ишларнинг малакаси оширилди» каби лавҳаларни ИИВ расмий каналига жойлаштиришади. Бу воқеанинг дастлабки тафсилоти ҳақида расмий каналда бирорта материални тополмадим.

Дод десак ҳам 45 ёшли онанинг ёлғиз кўз билан ўстирган боласини ҳеч ким энди қайтаролмайди. Лекин яна бошқалар ўлмаслиги учун ҳам бизни ҳимоя қилиши керак бўлган тизим бошбошдоқчилигидан, тизимсизлигидан бугун дод солишимиз шарт.

Тармоқларда одамлар изоҳ сўраб ёниб ётибди. Прокуратура тез орада «ичкарида» аслида нима бўлганини аниқлаши, суд иши эса очиқ бўлиши шарт.

«Қачон аниқ ҳисобот берилади?»

BBC Ўзбек хизмати мухбири Ибрат Сафо ҳолат юзасидан шу пайтгача тайинли ахборот берилмаганидан ёзғирган.

– Водийлик 15 яшар бола борасида на бир тайинли маълумот берилди, на вазир «ўзим назоратга оламан, кимнинг қўли остида бу содир бўлган бўлса жазолайман» деди. Ҳеч нарса бўлмагандек, форумлар-у карнай-сурнайлар.

Минг азоб билан уни катта қилган ёлғиз онанинг ўзи етим қолди. Икки кун унга ўғлининг ўлганини айтмаган ва турли баҳоналар берган ИИБ ходимлари айб ўзларида эканини билишгандирки, ўлим ҳолатини яширганлар. Ҳатто онасига телефон қилиб, «ўғлингизнинг бирор касали бормиди» деб сўраганлар.

Қачон аниқ ҳисобот берилади, қачон бирор юқори даражали амалдор буни ваҳшийлик дея тасвирлайди?

Мелиса ушлаган 15 яшар бола ичкарида ўлди

Журналист Аброр Зоҳидов фарғоналик вояга етмаган боланинг ўлими юзасидан берилган изоҳлардан қониқмаганини билдирган.

– Фарғонада мелиса ушлаган 15 яшар бола ичкарида ўлди. Изоҳни қаранг: Бола ўзидан ўзи ҳушидан кетди, ҳодисага алоқадор икки нафар киши ушланди, ходимларга хизмат текшируви тайинланди...

Тагига қўшимча қилишмабди – «урганлар обеддан, ички ишлар ходими ярим ойлик премиядан маҳрум қилинди. Болани назоратсиз қолдирган қариндошлари эса жавобгарликка тортилиб, иши судга оширилди», деб.

Э, «жамиятининг кўзгудаги акси» бўлган тизимингга ўйнаб қўяй!

«Уни ҳибсга олганлар кимлиги аниқ»

Блогер Баҳодир Бобоев марҳум дарсдан бўш вақтларида бекор юрмай ҳунармандчилик билан шуғуллангани, адашиб қилган ўғрилиги учун унга тўғри йўл кўрсатиш ўрнига хулқи оғир болалар ўртасига ташлашганини қоралаган.

– Қўқон шаҳрида ўсмир йигит 17 минг сўмлик маҳсулотни пулини тўламай чиққани учун воқеа жойида ҳибсга олинган ва воқеа ўсмир йигитнинг ўлими билан якун топган.

9-синф ўқувчиси бўлган ўсмир ўқишдан бўш вақтида ҳунармандлик билан шуғулланган. Умуман олганда, безори сифатлари бўлмаган. Боланинг онасига ачиндим жудаям. Орзуларини боласига боғлаган қанча ёлғиз оналар бор. 45 ёшли ёлғиз она учун ҳаётига мазмун берадиган ҳеч кими қолмади.

Тўғри, бола бироз айб қилган, аммо бу ўсмирнинг ўлими учун сабаб бўла олмайди. Ўсмирлар ўтиш ёшида кўп адашади. Уларга тўғри йўл кўрсатиш ҳар биримиз учун масъул вазифадир.

Фарзандларингизни эҳтиёт қилинглар. Камбағал бўлсангиз ҳам болани яхши кунлар келишига ишонтириб яшанг. Бундай ўлим топиш барча оналар учун жуда қайғули.

Боланинг ўлим топиши ўта сирли, аммо уни ҳибсга олганлар кимлиги аниқ...

Top