08:53 / 16.11.2022
4706

Япония Ўзбекистонда автомобил йўлларини бошқариш тизимини жорий этиши мумкин

Фото: Dunyo

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Япониянинг Kyosan Electric Manufacturring CO LTD компанияси бош директори ўринбосари Такаюки Таджима билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё».

Kyosan Electric Manufacturring CO LTD компанияси 1917 йилда ташкил этилган. Йўлларда ҳаракатни бошқариш ускуналари, светофорлар, уларни бошқариш тизимларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш, йўллар ва йўл кесишмаларида транспорт оқимларини бошқариш билан шуғулланади. 

Учрашувда транспорт соҳасида ҳамкорлик қилиш, йўллар ва чорраҳаларда, айниқса, тиғиз вақтларда тирбандлик олдини олиш мақсадида республика шаҳарларида транспорт оқимларини бошқариш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон шаҳарларида транспорт воситалари оқими ортиб, транспорт воситалари ҳайдовчилари учун йўлларда қийинчиликлар туғдираётгани қайд этилди. Тошкент учун хавфсиз шаҳар концепциясини яратиш бўйича режалар ҳам тасдиқланди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистонда автомобиль ва темирйўлларни бошқариш тизимлари ҳамда ускуналарини ишлаб чиқариш, жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Япония томони Ўзбекистонда электр жиҳозлари ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда зарур жиҳозлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.

Компания вакиллари Ўзбекистон шаҳарлари йўлларида, чорраҳаларда автотранспорт оқимини тушириш тизимларини жорий этиш орқали тадқиқот ишларини олиб бориш истагини ҳам билдирди.

Top