20:13 / 17.11.2022
23239

“Аскарнинг юрагидаги тромб тўсатдан ўлимни келтириб чиқариши мумкин эди” – Мудофаа вазирлиги

Мудофаа вазирлиги мутасаддиларига кўра, текширувлардан сўнг Сурхондарёдаги ҳарбий қисмда бурчини ўтаётган аскарнинг юрагида ҳилпиллаб турувчи тромб аниқланган. У исталган вақтда қон-томирларга тиқилиб қолган тақдирда тўсатдан ўлим ҳолати юз бериши эҳтимоли бўлгани сабабли аскар операция қилинганини таъкидлашди.

17 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Баҳодир Абдулаҳадов Сурхондарёда ҳарбий хизматни ўтаётган аскар ўлимига доир тафсилотларни очиқлади.

Баҳодир Абдулаҳадов, Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи / Фото: АОКА

– Ҳақиқатда шу аскаримиз ихтисослаштирилган даволаш ва текшириш усулларини амалга ошириш учун 11 ноябрь куни Термиз ҳарбий госпиталидан Тошкент шаҳридаги Марказий ҳарбий клиник госпиталга кўчириб ўтказилган. Текширув давомида унда юракнинг ўнг бўлмачасида ҳилпиллаб турувчи тромб пайдо бўлгани аниқланди. Шу тромб биринчи даражага чиқди. Ҳаммамизга маълумки, у юрак қон томирлари, ўпка қон томирларига ёки бош мия қон томирларига тиқилганда тўсатдан ўлим хавфи юзага келиши мумкин.

Мен ўзим шу аскарнинг касаллиги бўйича мутахассисман – 18 йиллик иш тажрибасига эга анестезиолог-реаниматологман. Бу соҳани мукаммал биламан. Бизда ишлайдиган кардиожарроҳ – юрак-қон томир жарроҳи тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков 4 та клиникада ишлайди. Жумладан, Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида, шу билан бирга хусусий клиникаларда, жумладан, бизда ҳам консультант бўлиб фаолият кўрсатадилар. Аскар йигит хусусий клиникада операция қилинганининг сабаби шу.

Беморга мутахассисларимиз томонидан ташхис қўйилгач, тиббий текширув натижаларини зудлик билан ихтисослаштирилган жарроҳлик операциялари билан шуғулланадиган мутахассис консультациясига юборганимизда, профессор Рустам Ёрбеков бу ҳилпиллаб турувчи тромб кўчиб кетадиган бўлса тўсатдан ўлим ҳолати юз бериши мумкин, беморни қимирлатишга ҳам рухсат бермайман. Мен ҳозир режалаштирилган жарроҳлик амалиётимни тугатганимдан кейин бу йигитни операция столига олиб тромбини олиб ташлаймиз, деган хулоса бердилар.

Шундан сўнг Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали мутахассислари билан ҳамкорликда зудлик билан операциядан олдинги тайёргарликлар ўтказилди. Ўзим ҳар ярим соатда унинг аҳволидан хабарлашиб турдим. Операция столига олингандан кейин кўкрак қафасини очганда кўкрак-қафасини ўсма қамраб олгани маълум бўлди. Бу ҳосила қачон пайдо бўлганини аниқ айтиш қийин. У ҳарбий хизмат давомида ривожланиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Операция пайтида ўсма юрак қон-томирларига, организмнинг юқори қисмларига ўсиб кириб, чирмашиб кетгани кўринди, у олиб ташлангандан кейин юракка йўл очилди ва юракнинг ўнг бўлмачасида беморнинг ҳаётига хавф солиб турган тромб олиб ташланди.

Биз ўзимиз ҳам беморимизнинг ҳаётини сақлаб қолишга жудаям хайрихоҳ эдик. Аҳволи яхшиланганидан сўнг уни ўзимизнинг ҳарбий тиббиёт муассасамизга олиб келмоқчи эдик. Ўсма-ҳосила олиб ташлангандан кейин реанимация бўлимида беморни жадал даволаш тадбирлари амалга оширилди. Бироқ шунга қарамай операциясининг эртасига эрталаб соат саккиз атрофларида тўсатдан юрак фаолияти тўхтаган. Беморга қилинган реанимацион тадбирлар натижа бермагани сабабли биологик ўлим қайд этилди”, дейди Баҳодир Абдулаҳадов.

Мудофаа вазири матбуот котиби Отабек Йўлдошев аскар ўлими бўйича ҳодиса тафсилотлари тўлиқ ўрганилмасдан  туриб бир томонлама ахборот тарқатилаётгани армияга нисбатан салбий тасаввур шаклланишига олиб келаётганини таъкидлади.

Фото: АОКА

– Ижтимоий тармоқларда аскарнинг ўлими бўйича ҳар хил маълумотлар тарқатилмоқда. Айрим нашрлар марҳумнинг отаси ва амакисидан интервью олишган. Шу жойда битта нарсани, журналистик суриштирув ўтказаётганда марҳумнинг оилавий аҳволини, уйидагиларнинг ўзаро муносабатларини ҳам ўрганиб, кейин бир хулосага келишларини сўраган бўлардик.

Айни пайтда интернетда ҳодисани тўлиқ ўрганмасдан, бир томонлама ахборот тарқатилаётгани армияга нисбатан салбий тасаввур шаклланишига олиб келяпти. Ҳодиса икки томонлама ўрганилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Биз бекорга госпиталга – операция жараёнига онасини ва тоғасини чақиртирганимиз йўқ. Бу оиланинг ижтимоий муаммоларига тўхталиб ўтмайман. Агар зарур бўладиган бўлса бу бўйича алоҳида маълумот тақдим этишим мумкин.

Фото: АОКА

Баҳодир Абдулаҳадов марҳумнинг танасидаги жароҳатлар операция вақтида қўйилган дренажлардан қолган излар экани, аскар тиғ уриш натижасида ўлгани ҳақидаги гумонлар нотўғри эканини таъкидлади.

– Марҳумнинг танасидаги тиғ излари масаласига тўхталсам, юракдаги жарроҳлик амалиётидан кейин дренажлаш бўлади. Кўкрак қафасини тешиб қовурғалар орасига 4-5 та дренаж қўйилади. Марҳумнинг танасидаги кичик жароҳатлар, айримлар айтаётган тиғ излари ўша дренажлардан қолган.

У нимага қўйилади: агар ўша жойда қон кетиши кузатиладиган бўлса биз буни назорат қилишимиз керак. Тўсатдан юз берадиган ўлим ҳолатлари ёки қон кетишининг бошқа асоратлари олдини олиш учун тезроқ бунга қарши чора кўришимиз лозим бўлади.

Аскар тиғ уриш натижасида ўлган деб ҳам айтишлари мумкин, бу умуман нотўғри нарса. Жараён видеоёзувларини марҳумнинг яқинларига ҳам берганмиз. Марҳумнинг отаси ва онаси қандай муносабатда экани бизга қоронғи. Биз аскар йигит ўзи берган рақамларга телефон қилганмиз, унинг ўзи чақиришимизни сўраган одамларни госпиталга таклиф қилганмиз. Йигитнинг ўзи ҳам операциядан олдин тоғасига телефон қилиб гаплашди. Тоғаси уни қарамоғига олган экан, у отаси билан бирга яшамас экан. Унинг хоҳишига кўра тоғаси ва онасини чақиртирганмиз.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёда ҳарбий хизмат ўтаётган аскар юрак касаллиги бўйича шошилинч операция ўтказилганидан сўнг шу йилнинг 14 ноябрь куни вафот этган эди.

Top