22:32 / 20.11.2022
29895

Амирнинг нутқи, Морган Фриманнинг чиқиши, қатарлик қоридан тиловат. ЖЧ-2022 очилиш маросими бўлиб ўтди

Бугун, 20 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳада ҳар тўрт йилликнинг энг йирик футбол байрами – 2022 йилги жаҳон чемпионати очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: Tribuna.uz

ЖЧ-2022ни Доҳадан туриб ёритиб бораётган Tribuna.uz ва Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, «Ал-Байт» стадионида ўтган маросим юқори ташкилотчилик ва тайёрланган турли саҳна кўринишлари билан ўтган.

Маросимда жанубий кореялик қўшиқчи ва BTS гуруҳи аъзоси Чонгук ва қатарлик қўшиқчи Фаҳад Ал-Кубайси «Dreamers» компазицияси билан чиқиш қилишди.

Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ат-Тани очилиш нутқи билан чиқиш қилиб, барчани мундиал билан табриклади.

«Қатардан, араб мамлакатидан барчани жаҳон чемпионатидан қутлайман. Биз бу турнирни жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг муваффақиятлиси бўлиши учун биргаликда меҳнат қилдик. Буюк футбол фестивалидамиз. Турли ирқ, миллат, эътиқод ва қарашлардан қатъи назар футбол барчамизни бирлаштиради. Бу ерда бутун инсоният манфаати учун ҳам бор кучимизни сарфлаб, сармоя киритдик.

Ниҳоят, бугун биз-у, сиз кутган дамларга етиб келдик. Бугундан бошлаб, Худо хоҳласа, 28 кун давомида бутун дунё биз билан ажойиб футбол байрамини кузатиб боради. Барча иштирокчи жамоалар, мухлисларни қутлайман», - дейди Қатар амири ўз нутқида.

Эътиборли жиҳати, ЖЧ-2022 очилиш маросимида қатарлик қори йигит Ғаним Муфаҳ Қуръони Карим оятларидан тиловат қилди. «Ал-Байт» стадионида Хужурот сураси 13-оят ўқилди:

«Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир..»

Ҳолливуднинг машҳур актёри Морган Фриман футбол инсониятни бирлаштириши ҳақида гапирди.

Очилиш маросимидан кейин, Қатар - Эквадор учрашуви стартидан аввал «Ал-Байт» стадионига ЖЧ бош соврини макети кўрсатилди. Шу тариқа, ушбу ўйин билан ЖЧ-2022 расман старт олди.

Фото: Tribuna.uz

Маълумот учун, Tribuna.uz ва Kun.uz мухбири деярли бир ой давомида Қатардан ЖЧ-2022 атрофидаги воқеалар, жонли эфир ва репортажларни тақдим этиб боради.

Фото: AP
Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: Reuters

Мавзу
Қатар-2022
20 ноябр куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди.
Барчаси
Top