17:22 / 21.11.2022
11657

Совуққон эҳтиёткорлик ва синовдан ўтган таркиб. Англия мундиалда қандай ўйнайди?

Абадий фаворитлар ҳақида.

Тўрт нафар ўнг қанот ҳимоячилари ва Магуайр

Жон Стоунз ва Ҳарри Магуайр. Фото: Global Look Press

Ўтган йил ёзида, Евро-2020 чемпионати вақтида барча Англия таркибига фақат ўнг қанот ҳимоячилари йиғилиб қолгани кулги остига олинганди. Ўшанда заявкага Кайл Уокер, Киран Триппьер, Рис Жеймс ва Бен Уайт киритилганди. Чемпионатга Трент Александр-Арнолд ва Аарон Уан-Биссака олиб кетилмаганди. Ўшанда Пеп Гвардиоланинг орзуси — бошланғич таркибда 11 нафар яримҳимоячини тушириш бўлса, инглизлар бош мураббийи Гарет Саутгейтники — 11 нафар ўнг қанот ҳимоячисини тушириш эканини айтиб, ҳазил қилишганди.

Бу сафар Қатарга келган 26 нафар футболчи орасида ҳам мудофаанинг ўнг қанотида ўйнай оладиган футболчилар етарлича. Булар Уокер, Триппьер, Трент, Уайт ва баъзида «Манчестер Сити»да шу позицияни ёпадиган Жон Стоунз. Лекин бу сафар Англияда ЖЧ-2022 учун заявка эълон қилингач, муҳокамалар мавзуси марказий ҳимоя бўлди. Бош мураббий мундиал учун таркибга Ҳарри Магуайр ва Эрик Дайерни олиб, А Серияда ўтган мавсумнинг энг яхши ҳимоячиси бўлган «Милан» аъзоси Фикайо Томори ҳамда сўнгги бир ярим йилда «Кристал Пэлас»да жиддий ўсишга эришган Марк Гуэҳини олиб кетмаётгани эътирозларга сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқлардаги жиддий муҳокамалар ва ғазабланишларни тўғри тушуниш мумкин. Магуайр учун сўнгги бир ярим йил — шунчаки даҳшатли туш. Иш шунгача бориб етдики, баҳорда терма жамоа мухлислари жуда кучсиз ўйинлари туфайли 29 ёшли ҳимоячига ҳуштакбозлик қила бошлади. У бу мавсумда «МЮ» сафида ҳам жароҳат, ҳам жуда ёмон формаси туфайли деярли ўйнамаяпти, у жамоа марказий ҳимоячилари орасида Лисандро Мартинес, Рафаэл Варан ва Виктор Линделёфдан кейин тўртинчи ўринда: у барча турнирлар доирасида жами 612 дақиқа майдонда бўлган (АПЛда эса 4 ўйинда 280 дақиқа ўйнаган).

Аммо, афтидан Сатугейтнинг Магуайрга ишончи чегарасиз. Ҳимоячи жорий йилда Миллатлар лигасида бешта ўйинда ҳам тўлиқ ўйнади.

Бош мураббий бу борадаги қарорини аниқ ва қатъий қилиб изоҳлади: «Биз мудофаадаги ёш футболчиларимиз ёши катта жамоадошларини таркибдан сиқиб чиқариш учун етарли даражада иш қилди деб ўйламаймиз. Ҳа, ишончим комил, Магуайр энг яхши марказий ҳимоячилардан бири».

Саутгейт ўз танловида ўта консерватив. ЖЧ-2022 учун 26 кишилик заявкадан бир ярим йил олдинги Европа чемпионатига жалб этилган 20 футболчи ўрин олди. Бу сафар икки захира дарвозабонлари (Дин Ҳендерсон ва Сэм Жонстон), марказий ҳимоячи Тайрон Мингз, қанот ҳимоячилари Бен Чилуэлл ва Рис Жеймс (улар бошланғич таркиб футболчилари эди, аммо жароҳат туфайли мундиалда иштирок эта олмайдиган бўлишди), шунингдек, ҳужумкор футболчилар Жейдон Санчо ва Доминик Калверт-Льюин якуний таркибдан тушиб қолишди.

Қатарга ҳатто Келвин Филлипс ҳам олиб келинди, у Евро-2020 чемпионатида кучли ўйин намойиш этган, аммо бу ёзда «Лидс»дан «Манчестер Сити»га ўтиб, асосий вақтни даволаниш билан ўтказди (у барча турнирлар доирасида 4 ўйинда захирадан майдонга тушиб, 53 дақиқа ўйнаган).

«Келвин етти ўйин давомида 90 дақиқадан ўйнай олмаслиги аниқ. У билан бироз таваккалчилик қилдик. Ҳа, биз унинг жисмоний формасини яхшилашимиз керак, аммо бизда майдон маркази учун вариантлар кўп эмас. Шу туфайли, биз бу қарорни таваккалчиликка арзийди деб ҳисоблаймиз», — дея изоҳлади Саутгейт.

Гарет Саутгейт. Фото^ AFP

Евро-2020 конспекти бўйича

Англия миллий жамоасининг бир ярим йил олдинги Евро-2020 турниридаги иштироки — совуққонлик ва математик ҳисоб-китобларга асосланган эҳтиёткорона услуб бўлганди. Бу ҳатто финалда ўйиндан кейинги 11 метрлик зарбалар сериясида ижрочиларни танлашда ҳам татбиқ этилди, мураббий пеналти тепиши учун икки футболчи - Маркус Рэшфорд ва Жейдон Санчони туширганди, аммо улар ишончни оқламади. Афтидан, бу сафар ҳам «уч шерлар» шу йўлдан юришга тайёрланмоқда. Камида ЖЧ-2022 учун танланган таркиб шундан дарак беради.

Бу сафар турнирга тайёргарлик кўриш учун вақт деярли бўлмади. 13 ноябр куни — АПЛда сўнгги ўйинлар ўтказилди, 21 ноябр куни эса Англия гуруҳ босқичининг биринчи ўйинини Эронга қарши ўтказади. Йиғилиш, учиб бориш, барча зарур тадбирлардан ўтиш — энг яхши ҳолатда тайёргарлик кўриш учун беш кун вақт бўларди. Кейин эса ҳар уч-тўрт кунда ўйнашга тўғри келади. Яхши томони, Қатарда узоқ сафарлар бўлмайди, барча ўйинлар бир шаҳарда бўлиб ўтади.

Саутгейт тарғиб этаётган максимал эҳтиёткорликка асосланган ҳолда, у бундай шароитда фақат синовдан ўтган, ўзаро ўйнаш кўникмасига эга бўлган футболчиларга ишонч билдиришини тахмин қилиш мумкин. Агар одатий шароитлар бўлганида, яъни тайёргарлик ва машғулот йиғинлари учун икки-уч ҳафта вақт ажратилганида, Томори сингари футболчиларда таркибдан жой олиш учун имкон кўпроқ бўларди, аммо ҳозир эмас. Заявкада Филлипсга жой берилганини ҳам шу назария билан изоҳлаш мумкин.

Англиялик тактик гуру Майкл Кокс ҳам шу мантиқни қўллаб-қувватлайди, у The Athletic нашрида эълон қилинган катта материалида жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш учун шартларни келтириб ўтган. Унинг тезисларидан бири шундай: «Футболчиларнинг ҳозирги формасига эмас, улар қанчалик синовдан ўтганига қаранг».

 

Кейн муаммоси

Ҳарри Кейн. Фото Reuters

Бироқ, бир киши борки, унинг формасига Англияда барча ташвиш ва хавотир билан қарамоқда. Бу Ҳарри Кейн — сардор ва миллий жамоадаги муҳим фигура. У нафақат тўпурар ҳужумчи, балки ақлли плеймейкер ҳамдир.

Ва гап голлар сонида эмас, «Тоттенҳэм» форвардида, агар шунчаки статистикага қаралса, бу борада муаммо йўқ. Кейн жорий мавсумда «шпорлар» сафида 13 гол уришга эришди (12 таси АПЛда ва Чемпионлар лигасида битта), шунингдек Англия миллий жамоаси учун голлари сонини биттага ошириб қўйди. Премьер-лигада ундан кўпроқ фақат Эрлинг Ҳоланд гол урган.

Муаммо бошқа томонда. Кейн, агар клуб ва терма жамоадаги ўйинлар бирга ҳисобланса, бу мавсумда 24 ўйинда жами 2117 дақиқа майдонда бўлди. Ўтган ҳафта ўрталарида «Тоттенҳэм» Англия лигаси кубоги доирасида «Ноттингҳем Форрест»га қарши бошланғич таркибда майдонга тушди ва форвард 59-дақиқада алмаштирилди. Кейн ҳеч қачон бу қадар эрта майдондан олинмаганди ва бу вақтда ҳали ўйин тақдири ҳал бўлмаганди.

Ўйиндан кейин «шпорлар» бош мураббийи Антонио Конте ўз жамоаси етакчиси ҳақида гапирар экан, Кейн — ажойиб инсон ва ҳамиша жамоага ёрдам беришни истайдиган намунали профессионал экани, аммо у толиққани ҳақида айтди. Италиялик мутахассис ҳатто «ҳолдан тойган» иборасини қўллади. «Биласизми, биз кеча енгил тикланиш машғулотларини ўтказгандик ва машқлардан бирини бажариш вақтида у тўхтаб, танаффус қилишни сўради», — деганди Конте.

Унинг сўзлари қўрқинчли эшитилади. Чиндан ҳам, 19 октябрдан кейинги етти ўйинда Кейн атиги икки гол урган. ЖЧ-2022 учун танаффусдан олдинги охирги ўйинда у «Лидс»га гол урди, аммо у ўша ўйинда ҳам тетик ва ўзига ишонган кўринмаётганди.

Шундай экан, Саутгейтнинг яқин кунлар учун асосий вазифаси  — ўз жамоаси сардорининг формасини тиклаш бўлади. Лекин бунинг учун айтарли вақт йўқ. Қолаверса, Англияда бу сафар гуруҳ анча кучлироқ. АҚШ, Уэльс ва Эрон — тўрт йил олдинги Бельгия, Панама ва Тунисдан иборат гуруҳдан анча фарқ қилади. Англия миллий жамоасининг бу турнирдаги истиқболи мураббийлар штабининг ечимларига боғлиқ бўлади.

Англия термасининг ЖЧ-2022 учун таркиби

Дарвозабонлар: Жордан Пикфорд («Эвертон»), Ник Поуп («Ньюкасл»), Аарон Рэмсдейл («Арсенал»).
Ҳимоячилар: Трент Александр-Арнолд («Ливерпул»), Конор Коади («Эвертон»), Эрик Дайер («Тоттенҳэм»), Ҳарри Магуйар, Люк Шоу (иккиси ҳам — «Манчестер Юнайтед»), Жон Стоунз, Кайл Уокер (иккиси ҳам — «Манчестер Сити»), Киран Триппер («Ньюкасл»), Бен Уайт («Арсенал»).
Яримҳимоячилар: Жуд Беллингем («Боруссия» Дортмунд, Германия), Жордан Ҳендерсон («Ливерпул»), Мэйсон Маунт, Конор Галлаҳер (иккиси ҳам — «Челси»), Кэлвин Филлипс («Манчестер Сити»), Деклан Райс («Вест Ҳэм»).
Ҳужумчилар: Фил Фоден, Жек Грилиш, Раҳим Стерлинг (барчаси — «Манчестер Сити»), Ҳарри Кейн («Тоттенҳэм»), Жеймс Мэддисон («Лестер»), Маркус Рэшфорд («Манчестер Юнайтед»), Букайо Сака («Арсенал»), Каллум Уилсон («Ньюкасл»).

Эронга қарши ўйин учун бошланғич таркиб:

Мавзу
Қатар-2022
20 ноябр куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди.
Барчаси
Top