Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги кунларнинг энг асосий трансфер хабарлари дайжести.

Кейн «Бавария» ўтмоқда

Ҳарри Кейн. Фото: CHARLIE CROWHURST/GETTY IMAGES

Here we go! Ҳарри Кейн «Бавария»га ўтишга розилик берди. 

10 август куни тонгда The Athletic нашри немислар клуби ҳужумчи трансфери бўйича ниҳоят «Тоттенҳэм» билан келишиб олгани ҳақида ёзди. Британиялик журналистлар Германиядаги манбаларига таянган ҳолда «Бавария»нинг 100 млн евродан кўпроқ миқдордаги трансфер таклифини қабул қилганини айтишди. Шундан сўнг 30 ёшли форварднинг якуний қарори кутилаётганди.

Сўнгги хабарларга кўра, «шпорлар» форвард учун 100 миллион евро олади, яна 20 миллион евро миқдорида бонуслар кўзда тутилган. 30 ёшли англиялик футболчи мюнхенликлар клуби билан 4 йиллик шартнома имзолайди. Бугун у Германияга йўл олиб, тиббий кўрикдан ўтади. 

Инсайдер Флориан Плеттенбергга кўра, Кейн «Бавария» сафида 12 август куни Германия Суперкубоги учун «РБ Лейпциг» клубига қарши кечадиган ўйиндаёқ майдонга тушишни истамоқда.

АПЛда трансфер рекорди янгиланиши мумкин

«Ливерпул» «Брайтон» яримҳимоячиси Мойсес Кайседо учун 127 миллион евро (110 миллион фунт стерлинг) миқдорида таклиф бергани ҳақида бир вақтда икки ишончли манба хабар берди — The Athletic нашри ва инсайдер Фабрицио Романо.

Бундан олдинроқ «Челси» 100 миллион фунт стерлинг таклиф қилганди, «Брайтон» эса каттароқ таклифни қабул қилган ва барчаси режа бўйича кечса, трансфер 11 август куниёқ эълон қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, Романонинг охирги хабарига кўра, Мойзес Кайседо «Ливерпул»га фақат «Челси»га ўтишни исташини билдирган. У бу орқали ўз сўзида турмоқчи, чунки «Челси» билан май ойи охиридаёқ шахсий шартномани келишиб қўйганди.

Эндиликда «Челси» «Брайтон»ни кўндириш учун янги таклиф юбориши кутилмоқда.

Бу трансфер амалга ошса, Англия клубларининг Энцо Фернандес трансферида ўрнатилган рекорд янгиланади, «Челси» қишда «Бенфика» ҳавбеки учун 121 миллион евро тўлаганди.