21:09 / 22.11.2022
67800

Алишер Усмонов туфайли Германия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик баҳс юзага келгани айтилмоқда

РФ президенти матбуот хизмати / ТАСС

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган, Россия фуқароси олигарх Алишер Усмоновга киритилган санкциялар оқибатида Германия ва Ўзбекистон ўртасида сиёсий таранглик юзага келган. Бу ҳақда Spiegel нашри ўтказган журналистик суриштирувда айтилади.

Германиялик терговчилар Алишер Усмоновни жуда катта миқдорда пул ювиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашда айбламоқда.

Немис нашрининг маълум қилишича, Усмоновнинг Германиядаги виллаларида тинтув ўтказилгач, икки мамлакат дипломатлари ўртасида баҳсли музокаралар бўлиб ўтган. Сентябр ойи охирида ушбу масалани муҳокама қилиш мақсадида Тошкентдаги Германия элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Усмонов масаласи расмий Берлин юқори доираларигача кўтарилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчиси Германия ташқи ишлар вазирлигидан Жиноий полиция Федерал бюроси билан учрашув ташкил қилишни сўраган. Лекин элчининг бу илтимоси қабул қилинмаган.

Германия ташқи ишлар вазирлиги Reuters нашрининг ҳолат юзасидан изоҳ сўраб юборилган сўровига жавоб бермаган.

Kun.uz мухбири билан гаплашган Тошкентдаги Германия элчихонаси ҳолатни «рад ҳам қилмаслиги ва тасдиқламаслигини ҳам» айтди. Шунингдек, элчихона бу масала юзасидан изоҳ бермаслигини билдирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бу масалада изоҳ сўраб юборилган сўровларга жавоб бермади.

Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати пул ювиш ва солиқлардан қочиш бўйича айбловларнинг ҳеч қандай асоси йўқлигини билдирган.

Бизнесмен 2014 йилдан буён Россия Федерациясида солиқларни тўлаётганини, бу эса Германия ва РФ ўртасидаги икки томонлама солиқ тўлашларнинг олдини олишга доир келишувга мослигини билдирган. Усмонов жамоаси пул ювиш билан боғлиқ ҳар қандай тахминлар ёлғон ва тадбиркорни обрўсизлантиришини айтмоқда.

Аввалроқ, Financial Times нашри ҳам ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон Европа Иттифоқига Алишер Усмонов ва унинг синглисига нисбатан санкциялар юзасидан хавотирларини билдираётганини ёзган эди. Шунингдек, Европа Иттифоқи чекловларни олиб ташлаш талабларини рад этса, Ўзбекистон Усмоновга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтган.

Расмий Тошкентга кўра, Усмоновга киритилган санкциялар унинг Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятини чекламоқда.

Усмоновнинг матбуот котиби Ўзбекистон ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини изоҳлай олмаслигини, лекин санкциялар ҳақиқатан ҳам сармоявий ва хайрия лойиҳаларига тўсқинлик қилаётганини билдирган эди.

Европа Иттифоқининг Усмоновга санкциялари

USM Holding асосчиси, келиб чиқиши ўзбек бўлган рус миллиардери Алишер Усмонов Путин босқинидан сўнг Европа Иттифоқининг «қора рўйхат»идан жой олди.

Усмонов темир рудаси ва пўлат ишлаб чиқариш, оммавий ахборот воситалари ва интернет компанияларида улушларга эга. Энг катта ҳолдинги – пўлат гиганти «Металлоинвест». Ушбу миллиардер охирги йилларда Ўзбекистонда қатор лойиҳаларга ҳомийлик қилмоқда. Шунингдек, унга тегишли компаниялар «Капиталбанк» ва «Оҳангаронцемент» акциядорига айланди.

Top