12:05 / 22.11.2022
5425

ISW: Москва уруш ҳақидаги маълумотлар устидан назоратни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда

Россия ҳукумати ахборот майдони устидан назоратни кучайтиришга интилмоқда. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари маълум қилди. 

Фото: Unsplash

Уларнинг фикрига кўра, бу мамлакатнинг ўзида ҳам, хорижда ҳам оммавий ахборот воситаларида россиялик ҳарбийлар ҳаракати тобора кўпроқ танқид остига олина бошлангани билан боғлиқ. 

ISW таҳлилчилари ўз ҳисоботларида, шунингдек, Запорижжя атом электр станциясидаги ядровий фалокат таҳдидининг доимий муҳокамаси Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашига путур етказишга қаратилган ахборот кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. 

Москва Запорижжя атом электр станциясини ўққа тутишдан станция устидан тўлиқ маъмурий назоратга эришиш ва ядровий фалокатнинг олдини олиш кафолатига эга бўлиш учун фойдаланмоқда, деб ҳисоблайди институт. 

ISW пресс-релизида, шунингдек, Украина разведкаси маълумотларига таянган ҳолда, Россия махсус хизматлари Беларус ҳарбийларини Украинага қарши урушга киришишга ундаш учун Беларуснинг муҳим инфратузилмасига ёлғондан ҳужумлар уюштиришни режалаштираётгани келтирилган.

Бундан олдин ISW Россияда Путиндан норозилик кучайиб бораётгани ҳақида хабар берганди.

Россия президенти Владимир Путинга Украина ҳукуматини ағдариш ва бутун Украинани эгаллаб олишдек максималистик мақсадларини амалга оширишга қўшинлар қодир эмаслиги сабабли ўта мафкуравий, уруш тарафдори бўлган электоратнинг бир қисмини тинчлантириши тобора қийинлашмоқда. Бу ҳақда ISW Twitter'да маълум қилди.

Қайд этилишича, Россиянинг Херсондан чиқиб кетиши уруш тарафдорлари ва Путин ўртасида мафкуравий келишмовчиликни кучайтирмоқда, президентнинг Украинага қарши урушда ўз ваъдаларини бажариш истаги ва қобилиятига ишончни сусайтирмоқда.

ISW маълумотларига кўра, россиялик ўта миллатчилар орасида Путиннинг рус мафкурасига содиқлигига шубҳа кучайгани Путиннинг миллатчилар учун қизиқишини пасайтиради, шу билан бирга сафарбарлик ва кўп қурбонлар Россия жамиятида норозиликни келтириб чиқаришда давом этиши мумкин.

ISW ҳисоботида қайд этилишича, Херсон йўқотилганидан сўнг, "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси билан боғлиқ ижтимоий тармоқдаги каналлар ҳам Кремлга қарши чиқди, бу эса ҳарбий блогерлар орасида рус қўшинларини олиб чиқиш қарори қўллаб-қувватланмаётгани ҳамда Россия хавфсизлик кучлари вакиллари орасида кескинликнинг янада кучайиши кузатилиши мумкинлигидан далолат бериши айтилади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top