08:25 / 24.11.2022
11019

Пашинян КХШТ якуний декларациясини имзолашдан бош тортди

Арманистон бош вазири КХШТ декларациясини имзоламади, чунки иттифоқчилар Озарбойжоннинг «тажовузкорлиги»га «аниқ сиёсий баҳо» бермади. Песковнинг айтишича, Пашинян КХШТнинг бу борадаги ишини «фиаско» деб талқин қилмоқда.

Фото: kremlin.ru

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммити якунлари бўйича декларация, шунингдек, Арманистонга ёрдам кўрсатиш бўйича қўшма чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳужжатни имзолашдан бош тортди. Уларнинг лойиҳалари «етарлича якунлангани йўқ ва бу шаклда мен ушбу ҳужжатларни имзолашга тайёр эмасман», деди Пашинян 23 ноябрь, чоршанба куни бўлиб ўтган учрашувда.

У рад этишини КХШТ томонидан Озарбойжоннинг Арманистон ҳудудий яхлитлигига қарши «тажовуз»ига «аниқ сиёсий баҳо» берилмагани билан изоҳлади. «Биз бугунги кунгача Озарбойжоннинг Арманистонга бўлган тажовузига КХШТнинг муносабати бўйича бир қарорга кела олмаётганимиз ачинарли. Бу бизнинг мамлакатимиз ичида ҳам, унинг ташқарисида ҳам КХШТ обрўсига катта путур етказмоқда», - дейди Арманистон ҳукумати раҳбари. У иттифоқчиларни «Озарбойжон қўшинларининг Арманистон суверен ҳудудидан зудлик билан ва сўзсиз олиб чиқиб кетилишига» дипломатик ёрдам кўрсатишга чақирди.

Кейинроқ Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Арманистон бош вазири Ереван ва Боку ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича КХШТ фаолиятини «фиаско» деб талқин қилишга мойил эканлигини айтди. «Бу Арманистон томонининг нуқтайи назари, Арманистон томони вазиятга шундай қарашга ҳақли», — дея қўшимча қилди Песков.

КХШТга аъзо Арманистон ва Озарбойжон ўртасида Тоғли Қорабоғдаги кескинлик бир неча бор қуролли тўқнашувлар босқичига етиб келди.

2022 йил сентябр ўрталарида Ереван Озарбойжон қуролли кучлари Арманистон ҳудудига ўт очганини маълум қилди. Никол Пашинян икки томонлама келишув доирасида КХШТга ва бевосита Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Арманистон-Озарбойжон чегарасида вазият кескинлашгани сабабли Арманистонга миссия юборишга қарор қилинди. Ереванда кўпчилик бундай реакциядан норози бўлиб, буни етарли эмас деб ҳисоблади.

1992 йилдан бери постсовет давлатлари ўзаро қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш ва бир-бирини ташқи душманлардан ҳимоя қилиш мақсадида Коллектив хавфсизлик шартномасини имзолаган. Бу вақт ичида бир қанча давлатлар – Озарбойжон, Грузия ва Ўзбекистон келишувдан чиқиб кетди. Ҳозирда КХШТга Арманистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларус киради. Битим иштирокчилари КХШТ фаолияти самарадорлигига бир неча бор шубҳа билдиришган.

Top