08:36 / 26.11.2022
3985

Польша Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар импортини бир неча баробарга кўпайтирмоқчи

Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Польша Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқни ривожлантириш вазирлиги давлат котиби Рафал Романовский билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Учрашувда аграр соҳадаги Ўзбекистон-Польша алоқалари ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Элчи ўзаро товар айирбошлаш йиллик ўсиши 25-30 миллион долларни ташкил этишини, Ўзбекистоннинг Польшага экспорти ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа йўналишларни ҳисобга олган ҳолда 15-18 миллион долларга ошаётганини таъкидлади

Польша Европа Иттифоқи давлатлари орасида Ўзбекистон маҳсулотлари энг йирик импортчиси бўлиб, 2022 йил охирига келиб бу кўрсаткич 130 миллион долларгача ўсиши кутилмоқда, умумий товар айланмаси эса илк бор 300 миллион доллардан ошади.

Рафал Романовский яқин икки томонлама ҳамкорлик аниқ натижаларини, пандемия ва транспорт-логистика занжирларининг узилиши билан боғлиқ муаммоларга қарамай, 2021 йилда қарийб 30 миллион еврони ташкил этган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари икки томонлама айланмаси кўрсаткичларини юқори баҳолади. Унинг айтишича, Польша томони келгусида Ўзбекистондан мева-сабзавот импортини сезиларли даражада оширишга тайёр.

Польша Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқни ривожлантириш вазирлиги давлат котиби Польша томони қишлоқ хўжалиги соҳаси мамлакат иқтисодиёти энг муҳим тармоғи эканини ҳисобга олган ҳолда юқори инновацион технологияларни жорий этиш бўйича тажрибасини бўлишишга тайёр эканини билдирди.

Top