Иқтисодиёт | 13:43 / 19.02.2024
7344
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қуруқ меваларини Японияга экспорт қилиш бошланади 

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаcи делегацияси амалий ташриф билан ушбу мамлакатнинг Хоккайдо префектурасида бўлди.

«Дунё» хабарига кўра, ташриф давомида Хоккайдо префектураси губернатори Наомичи Сузуки, Саппоро шаҳри мэри Кацухиро Акимото, Хоккайдо университети вице-ректори Ая Такахаши, шунингдек, ARCS Group, Gorizontal Line Co.Ltd., ROYCE Confect Co., Ltd., OISCA ташкилотининг Хоккайдо бўлими раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Хоккайдо университети вице-ректори Ая Такахаши билан учрашув давомида япон томони 2024 йилда мамлакат университетлари билан академик алмашинувларни амалга ошириш, биргаликда илмий-амалий форумлар ва конференциялар ташкил қилиш, қўшма ўқув дастурлари ва талабалар алмашинувини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Япониянинг қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик ROYCE Confect Co., Ltd. компанияси ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрилиб, ушбу компаниянинг халқаро алоқалар департаменти директори Маико Ямазаки билан учрашув ўтказилди.

Маико Ямазаки билан суҳбат давомида ROYCE Confect Co., Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган қандолатчилик маҳсулотларида Ўзбекистонда тайёрланган қуруқ мевалардан (майиз, ёнғоқ) фойдаланиш масаласи муҳокама қилиниб, ушбу таклиф япон томонида катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф давомида, шунингдек, Horizontal Line Co.Ltd компанияси президенти Рю Хирай билан ўзбек миллий маҳсулотларини япон бозорига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди. Рю Хирай ҳозирги кунда компания томонидан Silk Raisin бренди остида қуритилган меваларни Японияга экспорт қилиш масаласи ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Учрашув якунлари бўйича мамлакатдан Японияга қуруқ мевалар, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ошириш, ўзаро ҳамкорликда Хоккайдо префектураси савдо тармоқларида маҳаллий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид