16:50 / 06.12.2022
13724

Курскда аэродром ҳудудида ёнғин. Бу икки кун ичида учинчи ҳолат

Фото: KURSK REGION ADMINISTRATION/TASS

Сешанба куни тонгда Курск аэропорти ҳудудидаги нефт сақланадиган омборда йирик ёнғин юзага келди. Регион раҳбари Роман Старовойтга кўра, аэродромга дронлар ҳужум қилган.

«Учувчисиз учиш қурилмалари ҳужуми оқибатида нефт омборида ёнғин чиқди. Жабрланганлар йўқ. Ёнғин ўчирилган. Барча махсус хизматлар воқеа жойида ишламоқда», дея ёзган Старовойт.

Аэродромдаги ёнғин дрон зарбаси оқибатида келиб чиққанини тасдиқловчи бошқа маълумот йўқ. РИА Новости хабарига кўра, соат 11 ҳолатига ёнғин майдони 500 кв.м. ҳудудни ташкил этган.

KURSK REGION ADMINISTRATION/TASS

Душанба тонгида бир вақтнинг ўзида Россия ҳудуди ичкарисидаги иккита ҳарбий аэродром ҳужумга учраганди - Рязан яқинида ва Саратов областидаги Энгельс аэродромида портлашлар рўй берди. Икки авиабазада ҳам ядровий қурол ташиб юрувчи стратегик авиация самолётлари жойлашган.

Россия ҳукумати бу ҳодисаларга украинлар дронлар орқали ҳужум қилгани сабаб бўлганини маълум қилди. РФ мудофаа вазирлигига кўра, дронлар Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилган, аммо парчалар қулаши оқибатида уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, тўрт нафари яраланган, яна икки самолёт корпуси шикастланган.

Курск аэропорти шаҳар четида, марказдан 7 километр шарқда жойлашган. Бу ердан Украина чегарасигача тўғридан тўғри масофа - 100 км атрофида. Бу ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий авиация учун фойдаланиладиган аэродром ҳисобланади. Россиянинг Украинага босқини бошлангач, аэропорт фуқаролик рейсларига хизмат кўрсатмаяпти, чунки ҳудуд осмони фуқаролик авиацияси парвозлари учун ёпилган.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, айни вақтда аэродром ҳудудида Ғарбий ҳарбий округнинг 14-гвардия қирувчи авиаполки базаси жойлашган, бу полк ихтиёрида Су-30СМ самолётлари мавжуд. Аэродром энг яқин аҳоли яшаш манзили бўлган Халино номи бир хил номланади.

Курскдаги аэродром аввал ҳам ҳужумга учраганди. 6 август куни Россия ҳукумати аэропорт ҳудудида қўпорувчилик ҳаракати содир этилишининг олди олингани ҳақида хабар берган, аммо тафсилотлар келтирилмаганди. Кейинроқ Baza телеграм-канали аэропорт ҳудудига 45 миллиметрли бешта миномёт снарядлари келиб тушганини хабар қилди. Област маъмурияти қурбонлар ва жабрланувчилар бўлмаганини билдирганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top