17:07 / 07.12.2022
21543

Қаршида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган қизчани уриб юборган Cobalt ҳодиса жойидан қочиб кетди

Ҳодиса оқибатида жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Қарши шаҳридаги Насаф кўчасида жойлашган пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган вояга етмаган қизни Cobalt уриб юборган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йил 5 декабр куни соат 20:00 да Қарши шаҳридаги Насаф кўчасида пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган, Қарши шаҳар 6-митти туманида яшовчи, вояга етмаган Х.Д.ни оқ рангда бўлган Cobalt машинаси уриб юборган.

Машина давлат рақамисиз бўлган ва ҳайдовчи ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолган жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Ҳодиса оқибатида жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми ва 117-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят миқёсида қочиб кетган машинани қидириб топиш бўйича ишлар ташкиллаштирилган.

«Ҳурматли фуқаролар! Агарда Сизда юқоридаги ЙТҲ билан боғлиқ маълумот бўлса, ички ишлар органларининг 102 қисқа телефон рақамига ёки яқин орадаги ички ишлар бўлимларига хабар беришларингиз сўралади», дейилади ИИБ хабарида.

Top