17:29 / 21.02.2024
8082

Уч вилоятда ноқонуний ер сотиш ҳолатларининг олди олинди

Самарқандда 1 гектар ерни 13 минг долларга, Қашқадарёда эса 12 сотих ерни 10 минг долларга сотишга уринган шахслар ушланди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Самарқанд, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида ноқонуний равишда ер майдонларини сотмоқчи бўлган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Департаментнинг Иштихон туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда О.Д. исмли шахс фуқаро О.А.га «Э.А.» фермер хўжалигининг 1 гектар ер майдонини фирибгарлик йўли билан 13 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда М.А. исмли шахс фуқаро Н.Қ.га 35 сотих захирадаги ер майдонини 24 минг долларга кадастр ҳужжатларини унинг номига расмийлаштириб олиб беришини айтиб, олдиндан 11 минг доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса А.С. ва С.А. исмли шахслар «Парғуза» МФЙ ҳудудидаги 12 сотих захирадаги ер майдонини фуқаро Н.Т.га гўёки кадастр идораларида ишловчи танишлари ёрдамида расмийлаштириб олиб бериши эвазига 10 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Департаментнинг Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда  М.Х. исмли шахс фуқаро С.С.нинг ишончига кириб, унга Мирзачўл туман «Мирзадала» ШФЙда жойлашган 6 сотих захирадаги ер майдонини қалбаки ҳужжатлар орқали ўзиники эканлигини айтиб, ушбу ер майдонини 6,4 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар орқали ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top