14:34 / 08.12.2022
53456

Урушдаги янги бурилиш. Украина Россия ичкарисидаги аэродромларга зарба бермоқда

Курск аэродромидаги ёнғин. Фото: ТАСС

Украина қуролли кучлари 5 ва 6 декабр кунлари дронлар ёрдамида Россиянинг ички ҳудудлардаги аэродромларига кетма-кет зарбалар берди. Етказилган талафот у қадар катта эмас, икки аэродромда биттадан самолёт шикастланган. Россия дарҳол ушбу аэродромлардаги самолёт ва қанотли ракеталарни эвакуация қилди. Аммо Украина дрони 6 декабр куни Курскдаги ёнилғи омборига яна ҳужум қилди. Шу куни Қримдаги аэродромни нишонга олган бошқа бир Украина дрони уриб туширилди.

Бу зарбалар урушнинг ҳозирги босқичи учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Киев ўзининг дрон ва қанотли ракеталаридан фойдаланишни бошлади. Улар Москвани мамлакат ичидаги инфратузилмаларни нишонга олиш монополиясидан маҳрум қилмоқчи.

Украина қуролли кучлари қандай дронлардан фойдаланди?

The New York Times газетасининг Украина ҳарбий раҳбариятидаги манбасига кўра, дронлар Украина ҳудудидан учирилган. Энг узоқ нишон — Саратов областининг Энгелс шаҳридаги аэродромгача бўлган масофа Киев томонидан назорат қилинадиган ҳудуддан (Харкив области шарқи) тахминан 630 километрни ташкил қилади.

Россия мудофаа вазирлиги зарбаларда «Совет иттифоқи даврида ишлаб чиқарилган реактив дронлар»дан фойдаланилганини маълум қилди. Бу версия Энгелс шаҳридаги кузатув камераси томонидан суратга олинган видео тасвирлари билан мос келади: портлашдан бироз олдин аэродромда реактив двигател овози аниқ эшитилган.

600 километрдан кўпроқ масофага уча оладиган ягона «совет даврида ишлаб чиқарилган реактив дрон» — Ту-141 «Стриж» ҳисобланади.

Душманнинг орқа чизиғини тезкор разведка қилиш учун мўлжалланган ушбу дрон 1970-йиллар охирида ишлаб чиқилган. У компютер хотирасига аввалроқ киритилган маршрут бўйлаб товуш тезлигига яқин тезликда минг километр масофани учиб ўта олади. Қурилма замонавий стандартларга кўра жуда катта: унинг узунлиги деярли 15 метр, оғирлиги эса беш тоннадан ортиқ.

1990-йилларга келиб, «Стриж» эскирди: стандарт отиш режимидаги икки километрдан кўпроқ баландликда у ҳаво мудофааси учун нисбатан осон нишонга айланди. Шундан бери бу дронлар Россия Федерацияси ва Украина қуролли кучларида зенит-ракета тизимлари ҳисоб-китобларини ўрганиш учун нишон сифатида ишлатилади. Бошқа қисмлар қаторида, дрон сенсорлари ҳам эскирган (асосий версияда кинокамералар ишлатилган).

Бироқ, 2014 йилдан кейин Украина қуролли кучлари «Стриж»ларни яна ўз разведка мақсадларида ишлата бошлади ва Донбассда улардан фойдаланди.

2022 йил октябр ойида Украина минг километр масофага уча оладиган ва 75 килограмм оғирликдаги жанговар каллакка эга бўлган ўзининг оғир камикадзе дронини ишлаб чиққани ва уни ишлаб чиқаришга тайёрланаётганини эълон қилди. 4 декабр куни, Россиядаги аэродромларга зарбалар берилишидан бир кун олдин, Киев дронлар «сўнгги синовлар»дан ўтаётганини маълум қилди. Эҳтимол, бу дронлар Ту-141’нинг буткул модернизация қилинган шакли бўлиши мумкин. Бунинг учун Украинада ишлаб чиқариш ва муҳандислик базаси мавжуд: СССР «Стриж»ларни Харкив авиация заводида ишлаб чиқарган.

Очиқ манбаларга кўра, Ту-141 ўз маршрутининг бир қисмини 50 метр баландликда учиб ўтишга қодир. Бу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун қийинчилик туғдиради, чунки баландлик қанчалик паст бўлса ва масофа қанчалик кам бўлса, зенит тизимларининг ҳаво нишонини уриб тушириш имконияти ҳам шунчалик паст бўлади.

Асосий вариантдаги Ту-141 дрони зарба бериш қобилиятига эга эмас. Бироқ Украина унга бу қисмни қўшишга ҳаракат қилган. Хорватия-Сербия ўртасида кенг кўламли уруш бошланишидан олдин Хорватия пойтахти Загребга Украинанинг Винница шаҳридан учирилган «Стриж» келиб қулаганди (катта эҳтимол билан бошқарувни йўқотган). Хорватиялик терговчилар ушбу дрондан 120 килограммлик портловчи модда топган.

«Стриж»нинг 1970 йилги ишланмалари инерциал тизим ёрдамида асосан разведка қилиш учун мўлжалланган, шунинг учун унда ихчам нишонларга зарба беришда юқори аниқлик бўлмаган. Бироқ, 2020 йилдан бу муаммони кенг тарқалган фуқаролик технологиялари — сунъий йўлдош навигация тизимидан сигнал қабул қилувчилар ва контроллерлар ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Айнан шундай тўплам Россия армиясида хизмат қилаётган Эроннинг Shahed-136 камикадзе дронларида қўлланади.

Зарбалар Украина Россия ички ҳудудидаги нишонларни мунтазам бомбалаши мумкинлигини англатадими?

Назарий жиҳатдан, бундай реактив камикадзе дронлари қанотли ракеталарга ўхшаш («Стриж» ҳам жанговар каллак билан жиҳозланган дрон).

Бироқ, «Стриж» сўнгги ойларда Украина қуролли кучлари томонидан қандай модернизациядан ўтказилгани маълум эмас (ва умуман, Украина айтган янги «оғир дронлар» айнан «Стриж»лар экани ҳам номаълум). Агар Ту-141 янги дронлар учун ҳақиқатан ҳам асос қилиб олинган бўлса, шуни ёдда тутиш керакки, 1980-йилларда Харкив авиация заводи атиги 150 га яқин дрон ишлаб чиқарган. Шундай қилиб, Украинада (айниқса, уруш шароитида) бу дронларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, бундай дронлардан фойдаланишнинг самарали тактикаси ўнлаб транспорт воситаларига зарба беришдир (фақат чекланган миқдордаги нишонларни уриб тушира оладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини «чалғитиш ва сарфлаш» учун). Россия Қуролли кучлари Украинадаги нишонларга кенг кўламли зарбалар берганда айнан шу усулдан фойдаланади.

Бундан ташқари, «Стриж»нинг барча компонентлари Украинада ишлаб чиқарилмаган. Бироқ, энг муҳим компонентлар (масалан, Запорижжядаги «Мотор Сич» концерни томонидан ишлаб чиқарилган двигател), эҳтимол, мамлакатда мавжуд. Қолган ҳаммасини сотиб олиш мумкин: Украина, Россиядан фарқли ўлароқ, мудофаа секторига қарши санкциялар остида эмас.

Лекин янги моделлардан биринчи фойдаланиш тажрибаси баъзи саволларни очиқ қолдирди. Ҳозирча Украина дронининг аниқлиги енгил жанговар каллак билан қанчалик интеграциялашгани маълум эмас. Масалан, 5 декабр куни ҳужум қилган дронлар бирорта бомбардимончи самолётни тўлиқ йўқ қила олмади ва ҳатто ушбу бомбардимончиларнинг Украинадаги нишонларга ҳужумини ҳам тўхтата олмади. Россия мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, дронлар аэродромларнинг ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилган ва нишонларга фақат уларнинг бўлаклар тушган (бу версияни тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқ).

Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай дронлар Украина Ғарбдан сўраётган ATACMS узоқ масофали баллистик ракеталари ўрнини боса олмайди. Бу ракеталар Киевга берилмади, чунки Вашингтон бундай ракеталарнинг Украинага етказиб берилиши Россия ичидаги нишонларга зарба беришга олиб келиши ва оқибатда урушнинг назоратдан чиқиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирди. ATACMS жуда юқори аниқлик ва 560 килограмм оғирликдаги жанговар каллакка эга.

Шу билан бирга, шубҳасиз, Украина Россиянинг орқа чизиқдаги нишонларига зарба берувчи қуролларга эга бўлиш учун барча имкониятини ишга солади. Демак, Украина қуролли кучларида Эроннинг Shahed-136 дронларининг муқобиллари пайдо бўлишини кутиш мумкин. Бунинг учун мамлакатда барча техник имкониятлар мавжуд. Бундай дронлар оғир реактив дронларга қараганда анча арзон ва ялпи ҳужум вақтида уларни яхши тўлдиради.

Украина дронлари ҳужуми Россияга жиддий ҳарбий зарар етказмаган тақдирда ҳам, РФ қуролли кучларини уларни тўхтатиш учун маблағ сарфлашга мажбур қилади. Россия армияси эндиликда ҳаво мудофааси билан нафақат фронт чизиғи ва Украина билан чегарани, балки мамлакат ички ҳудудларни ҳам таъминлашга мажбур бўлади.

Россия қўмондонлиги ҳам Украинадаги стратегик бомбардимонлари орқали худди шундай мақсадга эришишни кўзлаганди. Энди Украина қуролли кучлари ҳам симметрик тарзда жавоб бера олишини кўрсатди (кичикроқ кўламда бўлса ҳам).

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top