18:34 / 13.12.2022
12175

Президент март ойигача Тошкентга 1000 та янги автобус олиб келишга топшириқ берди

“Мен бош вазирга алоҳида топшириқ бердим, март ойигача 1000 та янги автобус олиб келасизлар”, – деди Шавкат Мирзиёев Учтепа туманида бўлиб ўтаётган йиғилишда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Учтепа туманида инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишди. Айни пайтда давлат раҳбари шаҳар ва туман фаоллари ҳамда ҳукумат расмийлари иштирокида йиғилиш ўтказмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

“Бугун транспорт саройига бежиз борганим йўқ. Тошкентда транспорт тизимини ислоҳ қилиш ҳамиша диққат марказимизда. Шароитни яхшилаш, ҳайдовчилар маошини ошириш бўйича топшириқлар бердим. Ҳозир 370 та янги автобус олиб келишни режа қилдик. Мен бош вазирга алоҳида топшириқ бердим, март ойигача 1000 та янги автобус олиб келасизлар.

Мен бирор вилоятга Тошкент шаҳричалик имкониятлар қилиб бермаганман. Демак, пойтахт ҳар жиҳатдан намуна бўлиши шарт. Эътибор беринг, янги метро линиялари қурмаганимизда нима бўларди? Сергелига янги йўл қурмаганимизда, тирбандлик қай аҳволга келарди?” – деди Шавкат Мирзиёев.

“Бизнинг асосий тўсиғимиз – биринчи навбатда коррупция, иккинчиси – бюрократия, учинчиси – интилишимиз сустлиги. Тошкент шаҳрида ишсизлик бўлиши қабул қилиб бўлмас ҳолат. 60 та маҳалласи бор Учтепа туманида айни пайтда беш мингта ишсиз бор дейилди. Тақдимотда келгуси йилда 60 минг иш ўрни яратилишини айтдинглар. Демак, бу масала бўйича муаммо бўлмаслиги керак”, – деди давлат раҳбари йиғилганларга қарата.

Вазир Жамшид Қўчқоровнинг тадбирда маълум қилишича, туманда 2022 йилда 1100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иш бошлаган, 270 дан ортиғи фаолиятини тўхтатган. 70 мингдан ортиқ аҳоли шу субъектларда иш билан таъминланган.

Top