11:36 / 17.12.2022
10396

Маънавий-маърифий соҳанинг бир гуруҳ фаолларига «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони топширилди

Кеча, 16 декабр куни Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан «Маънавият фидойиси»  кўкрак нишони топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида энг муҳим ўрин эгаллаган, ушбу соҳа ривожида ўзининг фидокорона меҳнатлари орқали муносиб ҳисса қўшиб келаётган 96 нафар номзодга «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони топширилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо тантанали маросимни очиб берар экан, мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳиятини ҳақида атрофлича тўхталиб, бу борада жонкуяр фидойи зиёлиларимизнинг ҳиссалари беқиёс эканини таъкидлади.

— Ҳар қандай жамиятнинг энг мустаҳкам устувор пойдеворларидан бири бу — маънавиятдир. Чунки айнан ватанпарварлик, эзгу фазилатлар, фидойилик, миллий қадриятлар ҳам мана шу пойдевор устида шаклланади. Давлатимиз раҳбари бунинг моҳиятини шундай ифода этиб берадилар: «Агар жамият танаси иқтисодиёт бўлса, жон-у руҳи бу маънавиятдир». Бугун мамлакатимизда соҳага қаратилаётган эътибор, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари, яратилиб берилаётган шароитлар боис маънавият соҳасида янги тизим ташкил этилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази бутун вазирлик, идоралардаги маънавий-маърифий фаолиятни мувофиқлаштиришга кўмаклашувчи катта ташкилотга айланди. Марказ томонидан жорий йилда 105 дан зиёд вазирлик, идора ва ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиниб, вилоятларда икки мингдан ортиқ йўл хариталари тузилди. Айнан мана шу соҳада ташаббускорлик, фидойилик билан янгиликка интилиб фаолият юритаётган масъулларни эътироф этиш, рағбатлантириш мақсадида «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилди. Бу мукофот номининг ўзиёқ моҳиятида қанчалик заҳматлар ётганини, масъулият залворини англатиб турибди. Эътиборлиси эса йилдан йилга мана шу мукофот эгалари кўпаймоқда, — деди  Минҳожиддин Мирзо.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда кейинги йилларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш борасида алоҳида тизим яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2019 йил 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 октябрдаги «Маънавият фидойиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди.

Мазкур қарорлар асосида кўкрак нишонига тавсия этилган номзодларни тақдирлаш учун танлаб олиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари бошчилигида вазирлик, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат нуфузли комиссия ташкил этилган. Ушбу комиссия зиммасига ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчилик ҳурматига сазовор бўлган, фидокорона меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган фуқароларни «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш вазифаси юклатилган. 2020-2021 йиллар мобайнида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасида фидокорона меҳнат қилган ва самарали натижаларга эришган 132 нафар маънавият фидойилари мазкур мукофот билан тақдирланган.

Жорий йилда номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда унинг аҳоли ўртасида маънавий-маърифий ишларни юксалтиришга бағишланган оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари сони, маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, жамиятда маънавий-маърифий ишлар ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали усулларнинг ишлаб чиқилгани инобатга олинди. Комиссия ушбу 500 нафарга яқин тавсия этилган номзодлардан энг муносиб кўрилган 96 нафарини «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирлашга қарор қабул қилди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан 2022 йил мобайнида амалга оширилган ишлар ҳисобот ролиги намойиш этилди. Мазкур роликда ташкилотларнинг жорий йилги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг май-декабрь ойларида «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида республикамиз бўйлаб «Маънавият фестивали» ўтказилди. Шунингдек, фестивал доирасида 103 нафар миллатимиз ғурури бўлган қаҳрамонлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» китобининг ҳудудларда ўтказилган тақдимоти давомида 54 нафар қаҳрамонлар ва уларнинг оила аъзоларига китоб-албом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирларда 3 минг 500 нафар маънавият фидойилари, олимлар, зиёлилар ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ва ёшлар иштирок этди. Шунингдек, «Зиёлилар форуми» доирасида 1200 нафардан ортиқ мактаблардаги ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъуллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар қамраб олинди. Жорий йил 22-25 август кунлари Тошкент шаҳрида «Маънавият фестивали» доирасида «Учинчи ренессанс – маърифатли жамият сари!» мавзусида ўтказилган Республика илмий-амалий анжуманида ҳудудлардан 130 нафар таниқли олимлар, зиёлилар, профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда «Китоб карвони» лойиҳасида 7 та ҳудудда 50 мингдан ортиқ ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари жойлардаги таълим муассасалари, маънавият масканлари, кутубхоналар шунингдек, аҳоли вакилларига тарқатилди. Турли соҳаларда катта ютуқларга эришаётган, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари «Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри!» лойиҳаси доирасида муносиб тақдирланди.

Жойларда Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланган «Зукко болажон!» фотоалбоми тақдимоти бўлиб ўтди ҳамда вилоятлардаги мактабгача таълим муассасаларига фотоалбомдан жой олган деворий лавҳалар ва болалар адабиётининг энг сара дурдоналари, фотоалбоми тақдим этилди. Шу билан бирга 1 июн — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилган «Бахтли болалик шарафига» лойиҳасида 4000 нафардан ортиқ «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган оила вакиллари учун хайрия концерти намойиш этилди.

 «Меҳр-мурувват ва саховат», «Инсон қадри» лойиҳалари доирасида Мурувват уйлари, тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим олаётган ўқувчилар ҳолидан хабар олиниб, уларга 3500 дан ортиқ жаҳон ва ўзбек адабиёти намуналари, 1500 дан зиёд совғалар тўплами ҳамда 1500 нафардан ортиқ эҳтиёжманд оила фарзандларига 19 турдаги ўқув қуроллари жамланмаси берилди. «Маърифат тур» лойиҳасида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган оила вакилларининг тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларга ташрифи амалга оширилди. Ҳудудларда «Маънавият кубоги» лойиҳаси давомида футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Тадбир давомида жорий йил мобайнида ташкил этилган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида фаол иштирок этган бир гуруҳ «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари ҳам тақдирланишди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган мумтоз куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бахш этди.

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти ахборот хизматиⓉ

Top