13:04 / 24.12.2022
42243

«Одамларга ишонмай қўйдим» – уй сотиб олиб, раҳмдиллиги ортидан муаммога дуч келган инсон (Ҳаётий ҳикоя)

«Уй бозорига чиқсак, биздан сал нарида яшайдиган оила уйини сотмоқчи экан, ўшанга харидор бўлдим. Мендан аввалги харидорлар уй эгаси сўраётган пулнинг ярмини ҳам айтишмасди. Навбат менга келганда уй эгаси қарз бўлиб қолгани учун уйини сотаётганини айтди. Буни эшитиб у билан савдолашмадим ва сўраётган пулини беришга рози бўлдим. Кейин ёрдам тариқасида қўлимда қолган минг долларни ҳам қўшиб бердим. Аммо ўшанда улар келажакда менга қандай муаммолар туғдиришини билмасдим».

Фото: KUN.UZ

Ҳамсуҳбатим, ёши олтмишларга яқинлашиб қолган, ўз шевасида чиройли лутф билан сўзловчи киши эди. У билан суҳбатлашар эканман, зиёли инсонлиги билиниб турарди.

«Вилоят марказларидан бирида, эски шаҳар деб аталувчи қисмида яшаймиз. Биласиз, йирик шаҳарлардаги бундай мавзеларда тор кўчалар ва кичик ҳовлилар жойлашган. Менинг ҳовлим ҳам унча катта эмас, нари борса иккита оилани сиғдирса бўларди. Бир пайтлар ўғлим учун сотиб олинган бир ҳовлини деб анча можароларга дуч келганман», деб қолди.

Ҳаётда нима кўп, ҳовли ёки уй сотиб олиб турли ҳолатларга дуч келган инсонлар кўп. Шундай бўлса ҳам бу инсон қандай можарога дуч келгани менга жуда қизиқ туюлди. Ундан тафсилотларни сўрамоқчи бўлган эдим, ўзи гап бошлаб қолди:

«Мактабни тугатиб педагогика йўналишида ўқиганман. Узоқ йиллар мактабда ўқитувчи, сўнг директор бўлиб ишлаганман. Тўрт ўғлим ва икки қизим бор.

Мустақилликка энди эришган давримизда уйимга яқин мактаблардан бирида директор эдим. Мустақил бўлганимизда «озод бўлдик» деб энг кўп мен қувонганман.

Ўшанда қўл остимдаги ўқитувчиларга «Энди чопиққа чиқмаймиз, пахта термаймиз. Металлолом ва макулатура йиғмаймиз. Фақат таълим бериш билан банд бўламиз» деганман.

Аммо чучварани хом санаган эканман. 1992 йил 1 сентябрдан ўқув мавсуми бошланди. Сентябрнинг охирига бориб ўқувчиларни пахтага олиб чиқишимиз ҳақида буйруқ (!) келди.

9, 10 ва 11-синфлар билан ноябр ойи ўрталаригача пахта даласида бўлдик. Пахтадан қайтганимиздан сўнг металлолом ва макулатура режаларини ҳам беришди.

Ўшанда ўқитувчиларга «энди ўзимизга тегишли бўлмаган ишлардан озод бўламиз» деб катта гапириб қўйганим учун уларнинг юзига қарай олмасдим. Қолаверса, мустақилликдан кейин ўқитувчиларга бўлган муносабат яхшиланиш ўрнига ёмонлашгани руҳиятимга ёмон таъсир қилди. Охири бўлмади, ариза ёзиб ишдан бўшадим.

Директорликни топширганимдан сўнг катта оилани қандай боқиш муаммоси кўндаланг бўлди. Ўша кезларда ўзим ўқитган йигит вилоятимиз марказидан Москвага қатновчи поездда вагон кузатувчиси бўлиб ишларди.

Камбағал оиланинг фарзанди бўлган бу йигитга ўқувчилик йилларида анча ёрдамим текканди. Ишдан бўшаганимни эшитиб қидириб келибди. У менга жўяли бир таклиф берди:

«Устоз, ишдан бўшаганингизни эшитдим. Таълим тизимида ҳеч нарса ўзгармаган бўлса, бошқа соҳаларда ўзгаришлар бўлган. Ҳозир олдингидай ОБХСС (Совет даврида милициянинг социалистик мулкка зарар етказувчиларга қарши кураш бўлими шундай деб аталарди) йўқ. Одамлар бемалол олди-сотди қилиб юрибди. Хўп десангиз сизга ёрдам бераман. Бозордан 5-6 хил нарсаларни олиб сумкаларга жойлайсиз, кейин Москвагача билет оласиз. Йўлда нарсаларингизни сотиб борасиз. Қайтишда ўзимизда тақчил бўлган нарсаларни олиб келасиз, ундан ҳам яхши қолади».

Шундан сўнг 5-6 та сумкага турли кўкатлар, қуруқ ва ҳўл мевалар олиб йўлга чиқдим. Поезд Қозоғистон ҳудудига ўтгандан сўнг нарсаларимни яхши нархларда сотиб боравердим.

Олган нарсаларим Россия чегарасигача ҳам етмади, сотиб бўлдим ва Москвагача бемалол кетдим. Қайтишда ўзимизда харидоргир нарсалар олиб келиб, буёқда яхши фойда билан сотдим. Шу тариқа, бир думалаб тадбиркорга айландим.

Ишим бир неча йил шу тарзда давом этди. Бу орада болаларим мактабни битириб турли институтларда ўқий бошлашди. Иккита катта ўғлимни навбати билан уйлантирдик ва тор ҳовлида учта хўжалик амаллаб яшай бошладик.

Орадан яна бир неча йил ўтиб учинчи ўғлимни уйлантиришга навбат келганда уй-жой муаммоси кўндаланг бўлди. Уни уйлантириш учун аввал акаларидан бирини кўчириб чиқаришимиз керак эди. Йиғиб қўйган пулларим бор эди, уй сотиб олишга қарор қилдим.

Уй бозорига чиқсак, биздан сал нарида яшайдиган бир оила уйини сотмоқчи экан, ўшанга харидор бўлдим. Мендан аввал харидор бўлганлар уйнинг эгаси сўраётган пулнинг ярмини ҳам айтишмас, эр-хотин улар таклиф этаётган нархга кўнмасди.

Навбат менга келганда уй эгаси эгаси катта қарз бўлиб қолгани учун уйини сотаётганини айтди. Буни эшитиб у билан савдолашиб ҳам ўтирмадим. Сўраётган пулини беришга рози бўлдим. Савдони кузатиб турган бошқа харидорлар «шунақа қилиб нархларни кўтариб юборишади-да», деб нари кетишди.

Тушдан кейин бориб уйни кўрдик, бизга маъқул бўлди. Бир неча кун ўтиб уни нотариусда ҳужжатлаштириб ҳам қўйдик.

Уйни сотган одам бизга ижарага уй қидираётганини, жой топгач чиқиб кетишини айтди. У билан хайрлашиб чиқар эканман, ўша пайтда қўлимда қолган минг долларни ҳам унинг қўлига тутқаздим:

«Ука, мушкулингизни Худо осон қилсин. Хафа бўлманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Мана бу мендан сизга ёрдам. Уйни бўшатиб чиқишда шошилмасангиз ҳам бўлади. Учинчи ўғлимни уйлантирмоқчиман, тўйдан олдин акасини кўчираман. Унгача бемалол яшаб тураверинглар».

Бечора буни кутмаган экан, жуда хурсанд бўлди ва аёли билан бирга қайта-қайта миннатдорчилик билдирди.

Аёл ҳам келишилган пулга минг доллар қўшиб берганимни кўриб йиғлаб юборди. Иккаласи ҳам такрор-такрор раҳмат айтарди. Кейинчалик ўйлаб кўрсам, ўшанда унга ёрдам пули беришим ва ҳали яшаб тураверинглар дейишим катта хато бўлган экан.

Орадан қарийб бир йилча вақт ўтди. Бу орада учинчи ўғлимга бир қизни фотиҳа қилдик. Тўйдан аввал акаларидан бирини сотиб олинган уйга кўчириш ҳаракатига тушдик.

Сотиб олган ҳовлимга бордим, эшикни уйни сотган одамнинг аёли очди. Унга тўй бошлаб қўйганимни, унгача ўғилларимдан бирини алоҳида қилиб чиқаришим кераклигини, шу учун уйни бўшатиш ҳаракатида бўлаверишларини айтдим.

Аёл индамай қараб турдида, «Бу масалани эрим билан гаплашасиз» деб эшикни ёпди. Аёлнинг миннатдорчилик билан хўп дейишини кутганим учун унинг совуқ муомаласидан ҳайрон бўлдим.

Шу пайтда хаёлимдан «Булар уйни бўшатмоқчи эмас шекилли» деган ўй ўтди. Эшикни яна тақиллатдим. Аёл бироз куттириб эшикни очди. Ундан эри қачон уйда бўлишини сўрагандим, «Билмайман, хоҳлаган пайтида келиб кетяпти», деган жавобни эшитдим.

Эртаси куни тонгда ўғлим билан келиб эшикни яна тақиллатдим. Аёл чиқиб эри уйда эмаслигини айтди. Шу тобда бу одамни қандай топишни билмасдик.

Аёл ёлғон гапиряпти деган гумонга борганимизда ҳам уйга бостириб кириб бўлмайди. Ҳар келганимизда эри уйда бўлса ҳам йўқ деб тураверса, нима қилиш мумкин? Битта йўл қолганди – сал панароқда туриб пойлаш.

Аёл машинамизни кўрмаганди, уни четроққа қўйиб пойлай бошладик. Икки соат деганда ҳалиги одам уйдан чиқди. Тезда бориб уни ушлаб олдик.

Унга уйни бўшатиш вақти келганини энди айта бошлагандик эшик очилиб хотини чиқиб келди ва эрининг ўрнига гапириб ташлади:

«Биз бу уйдан чиқмаймиз. Пулингизни қайтариб берамиз. Эримнинг муаммоси ҳал бўлган. Қарздан қутулган. У пулларингни қандай қайтариб беришни билмай юрганди».

Аёлнинг гапларини эшитиб ҳайрон қолдим. Нега ўшанда савдолашмасдан уйни булар сўраётган пулга олдим? Нега яна минг доллар қўшиб бердим? Нега бемалол яшайверинглар дедим? Энди яхшилигимнинг «мукофоти»ни оламан шекилли, деб ўйладим.

Аёлга пулни қайтариб олмаслигимни, уйнинг қонуний эгаси эканимни, агар яхшиликча чиқишмаса ички ишларга мурожаат қилиб, куч билан чиқартиришимни айтдим.

«Ука, уй бозорида ночоргина қараб турган пайтингизда раҳмим келганди. Бир кун келиб бунақа қилишингизни айтганингизда уйингизни олмасдим. Қаердан чиқди энди бунақа гаплар?» деб эркакка анча гапларни гапирдим. У индамас эди. Тўғрироғи хотини унга навбат бермасди.

Ўша куннинг ўзидаёқ ички ишларга мурожаат қилдим. Эр-хотинни бўлимга чақириб огоҳлантиришибди ва муддат беришибди. Аммо улар берган муддатда ҳам уйни бўшатишмади.

Тўй санаси белгиланганди. Тўйдан аввал катта ўғлимни ижара уй топиб кўчирдим ва тўйни ўтказдик. Бу орада аёл бир неча марта уйимга ва маҳалла идорасига жанжал қилиб келди.

Аёлнинг уйни қайтармаслик масаласида аниқ важи йўқ эди. Пулни қайтариб берамиз, уйни бермаймиз дерди. Аммо тили ёмон экан, ҳар келганида дам қарғайди, дам эркакчасига сўкинади. Мени ноинсофликда айблайди.

Ўзим-ку аёлга умуман жавоб қайтармасдим. Ўғилларимнинг жаҳли чиқиб унга жавоб бермоқчи бўлишганда ҳам қўймадим:

«Аёл бизнинг жаҳлимиз чиқишини, сўнг уни сўкиб ҳақорат қилишимизни, кимдир қўл кўтаришини хоҳлаяпти. Ҳозир унинг рўпарасига чиқиб сўксанг, аёл ҳақ бўлиб чиқади. Мабодо туртиб-пуртиб юборсанг, қаматиб юборишдан ҳам қайтмайди. Қолаверса, эркаксан, аёл билан тенг бўласанми?»

Аёл биз билан жанжаллашиб ўз мақсадига эриша олмагач устимдан турли идораларга шикоят ёзибди.

Ҳокимиятдан ва прокуратурадан қидириб келишди. Уларнинг айтишига қараганда мен ноҳақдан аёлнинг уйини тортиб олаётган эмишман.

Шунда уларга ҳолат ундай эмаслигини, ҳозир мен нима дейишимдан қатъи назар аёл унинг аксини гапириши мумкинлигини айтдим. Масалани аёл ва унинг эри иштирокида муҳокама қилишни таклиф қилдим. Улар рози бўлишди.

Биргаликда сотиб олган хонадонимга бордик. Аёл ва эрининг олдида бўлган воқеаларни прокуратура ходими ва ҳокимият мутасаддисига айтиб бердим. Гапираётиб эр-хотинга савол бериб турдим:

«Ўшанда мен уйларингни сотинглар деб сизларни олдиларингга келмадим, ўзларинг уй бозорига чиқдинглар ва сизларга ўша ерда дуч келдим, тўғрими? Бошқа харидорлар нархни ерга ураётганини кўриб, уйларингни айтган пулларингга сотиб олдимми? Уйни ҳужжатлаштиргандан сўнг ёрдам деб яна минг доллар қўшиб бердимми? Шу жараёнларда мен томонимдан сизларга босим ёки қандайдир мажбурлаш бўлдими?»

Улар гапимга йўқ деб туришди. Шунда мутасаддиларга уйни сотиб олганим ҳақидаги нотариус ҳужжатларини бердим. Улар аёлга «Ҳаммаси қонуний ҳал бўлган экан, нимадан норози бўляпсизлар ва уйни нега бўшатмаяпсизлар?» деб сўрашди.

Аёл гап бошлади:

«Ҳаммасини тўғри гапиряпти. Аммо биз сотган пайтда уйлар нархи арзон эди, уч баравар ошиб кетди. Биз қарздан қутулдик, ишларимиз ҳам секин ўрнига тушяпти. Аммо бу ердан чиқсак энди уй ололмаймиз. Шу учун бу акага пулини қайтарамиз ва уйни бермаймиз».

Шунда мутасаддилар уларга бунинг иложи йўқлигини, уй қонунан менга тегишли эканини ва бўшатишга мажбур эканликлари ҳақида гапирди.

Уларнинг гапини эшитган аёл «Бу ака бой, Россияга қатнайди. Пули кўп. Шунга пулини қайтиб олиб уйни бизга қолдирса бўларди», деб қолди.

«Синглим, агар бошида уруш жанжалсиз шу гапни гапирганингизда маслаҳатлашиб бир йўлини қилсак бўларди. Мени муттаҳамга чиқариб, шунча жанжал қилиб, энди чорасиз қолганда бу гапни гапирасизми? Қолаверса, ўзимга тинчман, аммо бойиб кетган жойим йўқ. Катта ўғлим ҳозир ижарада яшаяпти. Бой бўлганимда унга бошқа уй олиб бермасмидим?» дедим унга.

Шундан сўнг ҳокимият вакили ва прокурор уларга уйни бўшатиш кераклиги, акс ҳолда мажбуран чиқарилишлари ҳақида огоҳлантириб кетишди.

Аммо шундан кейин ҳам уларни уйдан чиқариш осон бўлмади. Аёл яна бир неча марта уйимизга келиб жанжал қилди. Баланд овозда яна қарғаб-сўкиб кетди.

Ўшанда ИИБ ходимларига аёлни уйдан чиқариш жараёнига умуман бормаслигимни, уйни бўшатишганидан сўнг хабар беришларини илтимос қилдим. Орадан олти ой ўтгач улар қўнғироқ қилишди. Улар бу оилани уйдан қандай чиқаришгани менга қоронғи.

Бориб кўзларимга ишонмадим, уйдаги ҳолат бомба тушганга ўхшарди. Эшик ва деразалар қийшайган, уларда биронта бутун ойна йўқ, ҳаммасини синдириб ташлашган. Харидор бўлиб илк келганимда уйнинг таъмири ҳам яхши эди, ичкарига кирсак деворлар, шифтларгача чизиб-қириб ташланган.

Барака топкурлар чироқ осадиган биронта сим қолдиришмабди, ҳаммасини тагидан кесиб ташлашибди. Розетка ва чироқни ўчириб ёқадиганларнинг ҳам барчаси синдириб ташланган.

Алам устида уйнинг дабдаласини чиқариб кетишибди, анча пул сарфлаб уни таъмирлашга мажбур бўлдик. Шундан сўнг менда одамларга умуман ишонч қолмади».

Ҳамсуҳбатимнинг ҳикояси мени ҳайрон қолдирмади. Ҳаётда турли феъл-атворга эга инсонлар кўп. Ичимда «Ҳаммамизга Худо инсоф берсин» деб қўйдим.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top