Афғонистондаги ноҳукумат ташкилотлар аёлларга нисбатан тақиқ туфайли ёпилди
"Толибон" аёлларнинг уларда ишлашини тақиқлагани сабабли тўртта халқаро хайрия ташкилоти Афғонистондаги фаолиятини тўхтатди.
Афғонистондаги тўрт нодавлат хайрия ташкилоти (НХТ) "Толибон" ҳаракати аёллар меҳнатини тақиқлаш тўғрисида қарор эълон қилганидан сўнг ўз фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда НХТнинг 25 декабрь, якшанба куни эълон қилинган баёнотида айтилади.
Фаолият тўхтатилишини бутун дунё бўйлаб болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Save the Children, CARE International, Норвегия қочқинлар агентлиги (NRC) ва Халқаро ёрдам қўмитаси эълон қилди. «Аёл ходимларимизсиз биз Афғонистондаги муҳтож болалар, аёллар ва эркакларга самарали ёрдам бера олмаймиз», дейилади ташкилотларнинг қўшма баёнотида.
Нодавлат хайрия ташкилотларининг таъкидлашича, ёрдам етказиб беришга бевосита таъсир кўрсатишдан ташқари, "Толибон" тақиқи мамлакатдаги иқтисодий инқироз шароитида минглаб иш жойларига таъсир қилади. «Ушбу эълонга аниқлик киритгунимизча, биз эркаклар ва аёллардан Афғонистондаги қутқарув саъй-ҳаракатларимизни тенг даражада давом эттиришни талаб қилиб, дастурларимизни тўхтатамиз», деди ноҳукумат ташкилотлари.
"Толибон"нинг маҳаллий ва хорижий ноҳукумат ташкилотларига аёлларнинг ишлашига рухсат беришни тақиқлагани куни кеча маълум бўлди. Тақиқ айрим аёлларнинг гўёки "Толибон" томонидан ўрнатилган исломий кийиниш қоидаларига риоя қилмагани ҳақидаги «кўплаб шикоятлар» билан изоҳланади.
Тақиқни бузган ҳар қандай ноҳукумат ташкилотининг Афғонистонда фаолият юритиш учун лицензияси бекор қилинади. Мамлакат иқтисодиёт вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, тақиқ Афғонистонга ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш агентлиги (ACBAR) таркибига кирувчи 180 дан ортиқ ташкилотга тегишли.
Аввалроқ "Толибон" аёлларга университетларда ўқишни тақиқлагани маълум бўлган эди. Ҳаракат бу қарорини «миллий манфаатларни сақлаб қолиш», шунингдек, ўқув дастурини ислом нормаларига мос равишда ўзгартириш зарурати билан изоҳлаган.
Олтинчи синфдан ошган қизлар март ойида мактабларга боришни тўхтатдилар. "Толибон", шунингдек, у ерда «исломий муҳит» яратилса, болалар мактабларга қайтишини даъво қилган. Мамлакатда аёллар учун кўплаб тақиқлар мавжуд: улар кўпчилик иш жойларида ишлай олмайдилар, уларга парклар ва спорт залларига ташриф буюриш тақиқланади, шунингдек, жамоат жойларида бутунлай ёпиқ кийим кийиш талаб қилинади.
Европа Иттифоқи, Бирлашган миллатлар ташкилоти ва АҚШ "Толибон"нинг қарорини қоралади. Европа Иттифоқи дипломати Жозеп Боррелнинг матбуот котиби Набила Массрали буни «Афғонистондаги аёлларнинг ўз ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини амалга ошириш имкониятларини яна бир қаттиқ чеклаш» ва «инсонпарварлик тамойилларини очиқдан-очиқ бузиш» деб атади.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, толибларнинг қарори «афғон халқи учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши» мумкин. "Толибон"нинг Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказиш билан шуғулланувчи аёлларга нисбатан тақиқи миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қоладиган қутқарувчи ёрдамни етказиш жараёнини тўхтатиб қўйишидан чуқур хавотирдаман. Аёллар бутун дунё бўйлаб гуманитар операцияларнинг марказидадир", - деб ёзди Блинкен Twitter'да. БМТ бу тақиқ мамлакатда фаолият юритаётган кўплаб гуманитар ташкилотлар фаолиятига путур етказишидан огоҳлантирди.
Мавзуга оид
17:13 / 25.12.2024
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
17:52 / 07.12.2024