16:44 / 27.12.2022
36212

18 болани ўлдирган бепарволик. Давлат рецептсиз дори савдосини дарҳол тўхтатиши керак

Бугун Ўзбекистон фармацевтика бизнеси шу даражада “тараққий” этдики, бу “тараққиёт” фуқароларнинг касалхонага боришларига ҳам ҳожат қолдирмаяпти. Кun.uz бу борада кичик бир тажриба ўтказди. Бир нечта дорихоналарга кириб, бизни турли касалликлар безовта қилаётганини айтганимиз ҳамоно, дорихоначиларнинг таклифларидан лол қолдик.

Ўзингиз ёки яқинингизга бирор хасталик етиб, оғриб қолса, аввало шифокорга борасизми ёки дорихонага қараб югурасизми? Иккинчи танлов осонроқ, қулайроқ ва яқинроқдек, а? Чунки қўлингизда шифокор ташхиси йўқ бўлса ҳам, дорихоначига дардингизни айтсангиз кифоя: улар ҳеч қандай асос сўрамасдан, сиз келтирган таърифлар асосида дорилар тавсия қилади.

Биз бозордаги харидор эмас, бемор бўлсак ҳам, бунинг ҳеч кимга қизиғи йўқ. Деярли ҳеч бир дорихоначи харидордан шифокор тавсиясини сўрамайди. Рецептсиз фойдаланиш мумкин бўлган витаминлар комплекслари майлику-я, аммо таклиф этилаётган бошқа акс таъсир қилиши мумкин бўлган дорилар-чи?

Аслида кўплаб шифокорларга ҳам ишониш қийин: доришунослар-у дорихоналар билан “тили бир” бўлган ҳолатлар кўп. Бироқ жон кўзга кўринганида кимгадир ишониш керак-да, аксарият инсонлар шифокорлар тавсия қилаётган, айниқса, олишинг шарт, дея уқтирилган дориларни пули бўлса-бўлмаса, чўнтагида, ёнида, ҳовучида нимаики бўлса бериб, сотиб олади. Натижа эса мавҳум. Чунки Ўзбекистонда беморнинг тузалишидан кўра дориларнинг сотилиши манфаатлироқ.

Ҳақли саволлар бор: йиллар ўтса-да ечимини топмаётган бу тизим қачондир ўз йўлига тушадими? Наҳотки, қурбонлар бериб ҳам ҳеч кимнинг кўзи, кўнгли очилмаса? Препаратларнинг рецептсиз сотилиши, шифокорларнинг бўлар-бўлмас дорилар тавсия қилиши, хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг сифат назорати, умуман, беморларнинг тузалиши Янги Ўзбекистонда кимнидир қизиқтирадими? Хуллас, саволлар кўп, аммо жавоб ҳам, жавоб берувчи ҳам йўқ.  

Top