08:29 / 07.01.2023
12581

Абрамович миллиардлаб долларни санкциялар таъсиридан олиб чиққан бўлиши мумкин

Абрамовичнинг етти нафар фарзанди Украинадаги уруш бошланишидан сал аввал камида 4 миллиард долларга тенг активлари бўлган трастларнинг бенефициарига айланди, деб ёзади The Guardian.

Фото: Getty Images

Россиялик олигарх Роман Абрамович манфаатларини кўзлаб яратилган ўнта махфий офшор трастлар 2022 йил февраль ойи бошида - Украинада Россия уруши бошланишидан уч ҳафта олдин тезда қайта ташкил этилган. Бу ҳақда 6 январь, жума куни The Guardian нашри хабар берди. Катта ҳажмдаги қоғозлар анонимлик шарти билан нашрга топширилди. Улар, афтидан, трастларни бошқарадиган Кипр офшор компанияси серверларига бузиб кириш натижасида олинган.

Оммавий қайта ташкил этиш Ғарб расмийлари Россия Украинага кенг кўламли бостириб кирган тақдирда россиялик олигархларга қарши санкциялар қўллаш билан таҳдид қилганидан бир неча кун ўтиб амалга оширилди.

Ҳужжатларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, Абрамовичнинг етти нафар фарзанди, энг кичиги тўққиз ёшда, активлари камида 4 миллиард доллар (3,7 миллиард евро) бўлган трастларнинг бенефициарлари. Бундай ҳолда умумий миқдор бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, деб ёзади газета.

АҚШ қонунчилигига кўра, агар санкция қўйилган шахс тўғридан тўғри ёки билвосита 50 фоиз ёхуд ундан ортиқ акцияларга эгалик қилса, компания активлари музлатилиши мумкин. Буюк Британия ва Европа Иттифоқи қонунчилиги, агар эгаси компания акцияларининг 50 фоизи ёки ундан камига эгалик қилса, активларни музлатишга рухсат беради, шунингдек, у бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширади.

Бу маълумотлар Абрамовичнинг фарзандлари ҳам санкцияларга дучор бўладими, деган савол туғдириши мумкин, деб ёзади нашр.

Роман Абрамович 2022 йил 10 мартда Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган эди. Кейинчалик, 15 март куни Европа Иттифоқи томонидан тадбиркорга нисбатан чекловлар жорий этилди. The Wall Street Journal 2022 йил март ойида хабар қилганидек, Қўшма Штатлар Буюк Британия ва ЕИдан кейин, АҚШ президенти Жо Байден ва Украина етакчиси Володимир Зеленский ўртасидаги маслаҳатлашувлардан сўнг Абрамовичга қарши санкциялар киритмаган. The Guardian нашрининг ёзишича, тадбиркор тинчлик музокараларини ташкил этиш мақсадида норасмий воситачи сифатида пайдо бўлган.

2022 йил 19 декабрда Канада ҳукумати санкциялар остида бўлган россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли Granite Capital Holdings Ltd компаниясининг 26 миллион доллар миқдоридаги активларини хатловга олиш ва мусодара қилиш жараёни бошланганини эълон қилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top