Россия Мудофаа вазирлиги Россиянинг Болтиқ денгизидаги чегараларини материк қирғоқлари ва Болтиқ денгизидаги Россия оролларидаги ҳудудий сувлар кенглиги ўлчанадиган нуқталар рўйхатини янгилаш орқали ўзгартиришни таклиф қилди. Тегишли ҳужжат 21 май, сешанба куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари расмий порталида бироз вақтга эълон қилинган. Кейин у сайтдан ғойиб бўлди, у ерда фақат қонун лойиҳасининг тавсифи қолди.

The Moscow Times журналистлари танишишга муваффақ бўлган қонун матнида таъкидланганидек, жорий координаталар рўйхати 1985 йил 15 январда «кичик миқёсдаги денгиз навигация хариталари асосида» тасдиқланган ва ўзгартиришни талаб қилади, чунки у «замонавий географик вазият»га мос келмайди.

«Фин кўрфазидаги тўғридан тўғри линиялар Россия Федерацияси ҳудудида давом этмайди ва ёпилмайди, бу ўз навбатида ички денгиз сувларининг ташқи чегарасини аниқлашга имкон бермайди», дея аниқлик киритди Мудофаа вазирлиги. Жорий рўйхат «бошқа давлатларнинг тўғридан тўғри базавий чизиқларини ўрнатиш амалиётини ҳисобга олмайди». 

Россия давлат чегарасини ўзгартириш 

Мудофаа вазирлиги Фин кўрфазининг шарқий қисмида ҳамда Балтийск ва Зеленоградск ҳудудларида тўғридан тўғри базавий чизиқлар тизимини яратишни таклиф қилди. Бу Болтиқ денгизидаги давлат чегарасининг текисланишини ўзгартиради ва ундан ички денгиз сувлари сифатида фойдаланиш имконини беради, дея қўшимча қилди департамент. Шу билан бирга, лойиҳада давлат чегарасини акс эттирувчи бундай нуқталар координаталарининг янги рўйхати киритилган илова мавжуд эмас. 

Росреестрга Болтиқ денгизидаги Россия давлат чегарасидаги ўзгаришларни ҳисобга олиш, Россия Ташқи ишлар вазирлигига эса тўғриланган ва қайта чиқарилган хариталар нусхаларини БМТ бош котибига сақлаш учун бериш топширилди. Ўзгаришлар 2025 йил январ ойида кучга кириши кутилмоқда. Лойиҳа ҳозирда жамоатчилик муҳокамаси босқичида.

Финландия ва Швеция хавотирда 

Финландия Россияни БМТнинг денгиз ҳуқуқи бўйича конвенциясига риоя қилишга чақирди. «Ташқи ишлар вазирлиги БМТнинг денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясида қирғоқбўйи давлатлари денгиз зоналарини белгилаш ва уларни қайта кўриб чиқиш бўйича қоидалар мавжуд, деб ҳисоблаймиз. Шунга кўра ҳаракат қилинг», деб ёзди Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен 22 май, чоршанба куни X платформасида.