23:28 / 07.01.2023
14973

Россия «Рождество сулҳи» пайтида ҳам Украинани ўққа тутди — Пентагон 

Пентагон вакили Путиннинг баёноти «ташвиқот ҳийласи» бўлганини, аммо охир-оқибат иш бермаганини айтди. 

Фото: Reuters

Пентагон Россия томонидан ўз зиммасига олинган «Рождество сулҳи» бузилганини аниқлади. 

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Лора Купер сўзларига кўра, 6 декабр куни Россия Қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмади. Ваҳоланки, Россия президенти Владимир Путин 6-7 январ кунлари православ насронийларнинг Рождество байрами муносабати билан ўт очишни тўхтатишга буюрган эди. 

Купер Путиннинг бу баёнотини охир-оқибат натижа бермаган «ташвиқот ҳийласи» деб атади. 

Пентагон маълумотларига кўра, Россия маҳбуслар ёрдамида Украина позицияларига ҳужумларни давом эттиради. 

5 январ куни Рус православ черкови раҳбари Кириллнинг православлар бу кунларни черковда ўтказиши кераклиги ҳақидаги мурожаатидан сўнг Путин «Рождество» сулҳини эълон қилган эди. 

Украина Россиянинг «ташаббусини» дарҳол рад этди. Мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Кремл ташаббусида ёлғон ва иккиюзламачиликни кўришини таъкидлади. 

Америка президенти Жо Байден ҳам, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам Путиннинг ниятига ишонмади. 

Украина президенти офисида сулҳнинг асосий шартларидан бири рус қўшинларининг чиқиб кетиши экани айтилган эди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top