Россия президенти Владимир Путин ўз президентлик муддатининг янги фаслини Хитойга ташриф билан бошлади. Хўш, икки давлатнинг баёнотларда айтилаётган “чуқур ҳамкорлиги” реалликда қандай кўринишга эга? Иқтисодиёти учун аввало ғарб билан муносабатларини сақлашга интилаётган Хитой бир вақтнинг ўзида икки томонда ҳам бўла оладими?

“Геосиёсат” мавзуни таҳлил қилиш учун сиёсий таҳлилчилар Наргиза Умарова, Ҳамид Содиқ, Камолиддин Раббимов ва иқтисодчи Шуҳрат Расулни таклиф этди.

— Путин ва Си музокараларидан кейинги баёнотда қайси мавзулар муҳокама қилинди?

Шуҳрат Расул: — Бу ташриф қандай фонда юз бераётганига аввал эътибор беришимиз керак. Хитой ва ЕИ ўртасидаги савдо ҳажми март ойида 15 фоиз, апрел ойида 13 фоизга тушиб кетди, бир ой олдин Блинкен Пекинда бўлганди, куни кеча Байден Хитой билан савдога янги чекловларни эълон қилди. Назаримда, АҚШ бу ташрифдан олдин Хитой раҳбариятига очиқ сигналлар жўнатди, яъни эҳтиёт бўлинг, кўп нарса ваъда берманг, Блинкен айтган гаплар кучда, деган. АҚШнинг асосий мақсади Россияга қурол бўладиган товарларни бермаслиги, қолган савдо учун талаби йўқ.

Камолиддин Раббимов: — Россия коллектив Ғарб санкциялари остидаги давлат, Хитой ва коллектив Ғарб муносабатлари бир неча йиллардан бери совуқлашиб боряпти. АҚШ учун 21 асрда жанг катта стратегик рақиб Хитой. АҚШ давлат департаменти ўзининг глобал манфаатлари ва лойиҳалари бўйича ҳисоботлар чиқариб туради, охиргиларида Россия душман давлат, Хитой стратегик рақиб деб эътироф этилади.

Россия ва Хитой қисқа муддатли ёки тактик алянс яратган, уларни Ғарбга қарши курашиши мотиви бирлаштиради. 2019 йилда Россия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми 110 млрд доллар бўлган бўлса, 2023 йилда 240 млрд долларга чиққан, бу жуда катта ҳамкорлик ўсиши. Хитой қўрқадиган асосий сабаб коллектив Ғарб назоратида бўлган нефт ва газ ресурсларини Хитойга етказишда муаммоларга тўқнашишдан қўрқади, санкциялар остидаги Россия эса ўзининг нефт ва газини сотишда қийналиб қолди. Украина, Тайван каби масалалар бу икки давлатда глобал иттифоқчиликка заруратни ошириб боряпти.

Россия ва Хитойнинг муносабатлари ва биргаликдаги демократия ҳамда тартиб тамойилларини ҳимоя қилиш ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатан ҳам уларнинг сиёсатига мос келадими?

Ҳамид Содиқ: — Бу ташриф кутилмаган ташриф эмас, Си Жинпинг ҳам сайлангач, биринчи ташрифини Россияга қилганди. Ўзига хос рамзийлиги бор, демократик давлатлар бу сайловларни тан олмади, Путин легитим президент эмас улар учун, Россиянинг либерал сиёсатчилари учун ҳам шундай. Балансни ўзгартира оладиган катта бир давлатга ташриф ўзига хос легитимизациядек кўринади. Дунёда нормал фикрлайдиган, халқи билан ҳисоблашадиган давлатлар биладики, бу икки раҳбар авторитар ҳисобланади. Бу икки давлат сиёсатига талабалар қарши чиқса, уларнинг устидан танк юриши мумкин, лекин талабалар билан ҳисоблашадиган давлатлар бор. Бу нарса икки давлатнинг заифлигини, жамияти билан ҳисоблашадиган давлатлар эса кучли эканини ҳам кўрсатади.