13:22 / 16.01.2023
84149

«Қуруқ гап билан, ёлғон сводка билан пастга тушмагани учун ноинсофни ишдан олдим» — Президент Ортиқхўжаев ҳақида

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни лавозимидан озод этганига тушунтириш берди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев энергия таъминоти масалаларига бағишланган йиғилишда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни лавозимидан озод этганига тушунтириш берди. 

«Аҳолимиз табиий газ ва электр таъминоти, коммунал хизматлари сифатидан жиддий эътирозларини билдиряпти. Буни барчамиз кўриб турибмиз.

Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарларининг бугунги ҳолатга тайёр эмаслигини мен ўзим ҳам кўриб турибман, халқимиз ҳам кўриб турибди.

Ҳозирги кунда пойтахтда кунлик 3 млн киловатт чеклов ўрнатилгани, 6 мингга яқин улгуржи истеъмолчилар газ тармоғидан узилганига қарамай, 120 та маҳаллада электр ва газ таъминотида узилишлар бўлди. 584 та маҳалладан 120 тасида мана шундай муаммолар бўлди.

Биргина 15 январ куни Тошкент шаҳридаги еттита юқори ва 524 та паст кучланишли трансформатор ҳамда 87 та трансформатор ортиқча юкламаларга бардош беролмай ишдан чиқди. Айниқса Юнусобод, Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида бир кунда юзга яқин авария бўлди.

Нега пойтахтда шундай бўлди? Нега олдиндан тайёргарлик қилмадик? Шунча гап гапирганимизга қарамай, Вазирлар Маҳкамаси қаерга қараган деган савол мени қийнаяпти», деган президент.

Шундан сўнг давлат раҳбари Тошкент шаҳри ҳокими ишдан олиниши тафсилотларига тўхтаб ўтилган.

«Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон «сводка» билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деди президент.

Шунингдек, Юнусобод тумани ҳокими Абдувалиев, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Эргашев ҳамда Учтепа тумани ҳокими Абдуллаевга охирги марта ҳайфсан берилиши айтиб ўтилган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил апрелидан буён Тошкент шаҳрига раҳбарлик қилиб келаётганди. Энди унинг ўрнини вақтинчаликка биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов эгаллаб туради.

Top