13:48 / 18.01.2023
22332

Навоий шаҳар ҳокимлиги мансабдорларига 5 ой олдин жиноий иш очилгани маълум бўлди

Ҳокимлик ва шаҳардаги МЧЖлардан бирининг мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағларини талон-торож қилган.

Фото: AP

Kun.uz ихтиёрига 2022 йил 26 август куни Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳамда шаҳардаги “Севдиёр Сурайё” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш очилгани ҳақидаги ҳужжат келиб тушди. Унда ҳокимлик ва МЧЖ мансабдорлари тил бириктириб, бюджет маблағларини талон-торож қилганлари ҳақида гап боради.

Жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорда келтирилишича, Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Севдиёр Сурайё” МЧЖ ўртасида 2022 йил 28 март куни ҳар бир донаси 400 минг сўм бўлган 380 дона 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси сотиб олиш учун шартнома тузилган. Мазкур шартномага асосан “Аёллар дафтари” жамғармасидан МЧЖ ҳисобрақамига 152 млн сўм маблағ тўлаб берилган. Аммо ҳокимлик ва МЧЖ мансабдор шахслари олдиндан ўзаро тил бириктириб, 380 дона озиқ-овқат жамланмаси қабул қилиб олингани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирган. Аслида эса ҳақиқатда 200 дона озиқ-овқат жамланмаси қабул қилинган. Бу орқали 72 млн сўм маблағ растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Шунингдек, ҳокимлик ва мазкур МЧЖ ўртасида 2022 йил 30 апрель куни ҳайит байрами муносабати билан ҳар бири 488 минг сўм бўлган 450 дона 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси сотиб олиш бўйича шартнома тузилган. Бунинг учун “Аёллар дафтари” жамғармасидан МЧЖ ҳисобрақамига 219,9 млн сўм маблағ тўланган. Бироқ “ишбилармонлар” бу сафар ҳам эски услубни қўллашган: аслида олинмаган 238 дона озиқ-овқат жамланмаси учун сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган. Бунинг оқибатида 116,3 млн сўм маблағ талон-торож бўлган.

Ҳокимлик ва МЧЖ мансабдорларига Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Kun.uz манбасига кўра, мазкур жиноят иши ҳали судда кўриб чиқилмаган. 

Бу Навоийда эҳтиёжмандларга аталган ёрдамларга кўз олайтирилган илк ҳолат эмас. Kun.uz олдинроқ ушбу вилоятда эҳтиёжманд оилаларга фарзандларининг мактаб формаси учун ажратилган пулларни “туя” қилишга уриниш бўлгани ҳақида ёзганди.   

Top