23:11 / 19.01.2023
14841

«Тошкент эртагиси» - Ўзбекистонда картошканинг ўта эртапишар нави яратилди 

У бошқа навларга қараганда 10-12 кун олдин етилади. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари картошканинг Ўзбекистон тупроқ иқлим шароитига мос «Тошкент эртагиси» навини яратишди. 

Янги нав бошқаларидан бир нечта устунлик жиҳатлари билан ажралиб туриши таъкидланмоқда. Жумладан, у ултра эртапишар нав, мавжуд маҳаллий эртапишар навлардан 10-12 кун олдин етилади. Унинг вегетация даври яъни униб чиқишидан токи палак қуригунича муддати 65-70 кундан иборат. Нав юқори унумдор тупроққа талабчан, вирусли касалликларга бардошли. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилда барча тоифадаги хўжаликларда 221,5 минг гектар ерга картошка экилган ва 3,4 млн тонна ҳосил олинган. Деҳқонлар томонидан картошканинг янги серҳосил «Суря», «Спунта», «Раноми», «Пассион», «Малис», «Луизана», «Ореа ва Констансе» каби юқори авлодли хорижий навлари етиштирилган. 

Ўзбекистонда 2023 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларида 286 минг гектар ерга картошка экиш ва 3,7 млн тонна ҳосил олиш режалаштирилмоқда.

Top