14:53 / 26.01.2023
12943

Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси “қайчилаб” ташланди. Лойиҳа ижодкорлари бундан норози

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашган экспертлар эса унинг жиноий жавобгарлик билан боғлиқ жойлари “кесиб ташлангани”ни маълум қилишди. Гендер комиссия аъзоси Саида Мирзиёева оилавий зўравонлик учун жавобгарлик жорий этишга чақирган эди.

Фото: KUN.UZ

2023 йилнинг 11 январ куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. 24 январь куни Олий мажлис Сенатида сенаторлар, болалар омбудсмани вакили, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, “ЮНИСЕФ” халқаро ташкилоти ва НТТ вакиллари, фаоллар иштирокида ушбу қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳани ишлаб чиқишда иштирок этган Nemolchi.uz лойиҳаси вакилларининг Kun.uz’га маълум қилишича, Адлия вазирлиги қонун лойиҳасини қисқартирилган, экспертлар томонидан халқаро нормалар асосида ишлаб чиқилган муҳим моддаларини олиб ташлаган ёки таҳрир қилган ҳолда муҳокамага қўйган. Хусусан, жамиятда авж олаётган, кўплаб аёлларнинг ўлимига, болаларнинг зўравонликка учрашига сабаб бўлаётган оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик масаласи ушбу лойиҳада ҳам очиқ қолдирилган.

Адлия вазирлиги оиладаги зўравонликни криминаллаштиришга қаршими?

Бунга далил сифатида Nemolchi.uz вакиллари шундай дейди:

“Биз иштирок этган Сенат қошидаги ишчи гуруҳ қуйидаги вариантда:

126-1-модда. Оилада зўравонлик:

Бир оила аъзоси томонидан бошқа оила аъзосига нисбатан қасддан содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик, у қуйидагиларда намоён бўлганда:

а) калтаклаш ёки баданга енгил шикаст етказишга сабаб бўлган бошқа зўравонлик ҳаракатларини содир этиш;

б) тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ўз хоҳиш-иродасини сингдириш ёки унинг устидан назоратни олиш мақсадида уни изоляция қилиш, қўрқитиш;

в) иқтисодий воситалардан маҳрум қилиш натижасида иқтисодий воситалардан, шу жумладан яшаш учун маблағдан маҳрум қилиш, камситиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг соғлиғига унча оғир бўлмаган зарар етказиш, бир юз эллик соатдан бир юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) икки ёки ундан ортиқ оила аъзоларига нисбатан;

б) ўз оила аъзосига нисбатан вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса;

в) айбдор шахсга нисбатан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлиги учун маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин содир этилган бўлса;

г) баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказишга сабаб бўлганда, бир йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран содир этилган;

б) оғир тан жароҳати етказишга сабаб бўлган;

в) ўз жонига қасд қилишга уринишга сабаб бўлган бўлса, саккиз йилдан ўн бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг 3-қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган бўлса, ўн бир йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деган таклиф берилган эди.

Бироқ Адлия вазирлиги лойиҳадан оиладаги зўравонлик учун жазони назарда тутувчи моддани тўлиқ олиб ташлади. Бу оиладаги зўравонлик тушунчаси қонунчиликка киритилади, лекин бунинг учун жазо бўлмаслигини англатадими?

Нега оиладаги зўравонликни криминаллаштириш муҳим?

Ўзбекистон 1995 йилда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган ва Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш қўмитасига ушбу соҳадаги ишлар тўғрисида ҳисобот тақдим этган. 6-ҳисоботга якуний тавсияларда қўмита «оиладаги зўравонлик учун аниқ жиноий жавобгарликни таъминлаш, жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш»ни тавсия қилган.

БМТнинг хотин-қизларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича тавсияларида ҳам ҳимоя ордерларининг бузилиши жиноий жавобгарликка тортилиши кераклиги кўрсатилган.

Бироқ Ўзбекистонда оиладаги калтаклаш, иқтисодий ва психологик зўравонлик ҳолатларида жабрланувчини фақат расмий ҳимоя қиладиган ҳимоя ордерлари берилади. Уларнинг бузилиши ва тан жароҳати етказиш ҳолатида жиноий ва маъмурий ишлар деярли бошланмайди.

Шунингдек, БМТнинг аёлларга нисбатан зўравонлик бўйича қонунчиликни ишлаб чиқиш бўйича тавсияларига мувофиқ, “ҳимоя ордерларини бузиш қонун билан жиноий жавобгарликка тортилиши керак”. Қонун лойиҳасининг янги таҳририда бу тавсия яна эътиборга олинмади. Бундай қонун лойиҳасини болалар ва аёлларни ҳимоя қилиш деб ҳисоблаш мумкинми?",- дейди гуруҳ вакиллари.

Сенат ишчи гуруҳи таркибида бўлган иқтисодчи, жамоатчилик фаоли Барногул Санақулованинг айтишича, бу лойиҳа улар ишлаб чиққан лойиҳадан катта фарқ қилади:

“Биз 2022 йилнинг май ойидан бери Сенат қошида ташкил этилган ишчи гуруҳ билан аёллар ва болалар зўравонлигига қарши жазо чораларини кучайтириш юзасидан ўз таклифларимизни ишлаб чиққандик. Лекин бу қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилганидан ҳатто бехабар қолдик. Ишчи гуруҳ фаоллари қонун лойиҳаси таҳлилини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишгандан сўнг, жамоатчилик муҳокамасига қўйишдан аввал бизга ҳам кўрсатишларини сўраб бир неча маротаба мурожаат қилдик. Лекин бу сўровлар гуруҳ раҳбари томонидан эътиборсиз қолдирилди.

 Яна бир нарса ажабланарлики, бугунги муҳокамада тегишли вазирлик-идораларнинг биз билан иш олиб борган вакиллари эмас, бутунлай бошқа вакиллар иштирок этишмоқда. Қонун лойиҳаси устида ишлаганлар билангина унинг таҳлили ҳақида гаплашиш мумкин. Ҳозир солиштирсак муҳокамага қўйилган вариант ишчи гуруҳ берган вариантдан катта фарқ қилади. Мисол учуна айбдор шахс томонидан вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик жинояти содир этилган тақдирда, болалар билан боғлиқ муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш мажбурий шарт бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Айнан айбдор шахснинг ҳуқуқларининг бундай чекланиши айбдорнинг бундай жиноятларни келгусид яна содир этиши эҳтимоллигининг олдини олиши мумкин. Бундай тақиқ айбдор шахс вояга етмаган шахс билан бевосита алоқада бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай лавозимни эгаллашга ёки ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга тааллуқли бўлиши керак. Чунки Ўзбекистон Жиноят кодексида ҳуқуқдан умрбод маҳрум қилиш институти ҳали мавжуд эмас, шунинг учун уни Жиноят кодексининг 45-моддасига фақат вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилиш билан боғлиқ муайян жиноий таркибларга нисбатан киритиш тавсия этилган эди. Бундай чекловлар жаҳон амалиётида бор. Афсуски, Адлия вазирлиги томонидан тақдим этилаётган Қонун лойиҳасида бу модда бутунлай чиқариб ташланган”,- деди у.

Санақулованинг эътирозларига жавобан Бош прокуратура масъули бу модданинг олиб ташланиши инсон ҳуқуқлари топталиши билан боғлиқ дея изоҳлади. Яъни вояга етмаган шахсга нисбатан зўравонлик билан судланган шахс яқинлари ва атрофдагилар олдида бутун умр бу ҳолатдан руҳий изтироб чекиши мумкин экан.

“Жамиятдаги энг ҳимояланмаган вояга етмаган болалар ҳуқуқи, уларнинг ҳимоялаш механизми, жинсий зўравонлик қилган шахсдан жазони ўтаб бўлганидан кейин ҳимоялаш масаласи нима бўлади, бугун қайсидир ташкилот кафолат бера оладими, келгусида бундай зўравонлик такроран содир этилмайди деб, жаҳон тажрибасида вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган бундай зўравонликка психологик касаллик сифатида қаралади, бундай зўравонларнинг “махсус регистри” юритилади, жамият бундай зўравонлардан огоҳлантирилади, агар бундай зўравонликни амалга оширган шахс ўз яшаш локациясини ўзгартирса, теварак атрофдаги инсонларни ўзи ҳақида огоҳлантирилишига мажбур қилинади, бундай инсонлар болалар билан ишлайдиган муассасаларга яқинлаштирилмайди, ўз фаолиятини олиб боришига имконият бермайди ва айнан шу орқали келгусида юз бериши мумкин бўлган жиноятни олди олинишига эришилади,- дея Бош прокуратура вакилига фикр билдиришди ишчи гуруҳ аъзолари.

Kun.uz мухбири ушбу қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилишидан олдин кўриб чиққан экспертлардан бири “Оила” ННТнинг ҳуқуқий бўлими раҳбари, Сенатнинг Хотин-қизлар масалалари ва гендер тенглиги бўйича қўмитасининг миллий эксперти Гулнора Эшонхонова билан боғланди.

“Лойиҳа билан танишиб ҳайратда қолдим. Қонун лойиҳасига таклиф этилган “Оилавий зўравонлик” жиноят таркиби қандайдир номаълум сабабларга кўра тушиб қолган. Жамиятда ушбу жиноятларга қарши муросасиз муҳитни яратишнинг энг асосийси ушбу қонунбузарликларга қатъий чора кўришдир.

Бундан ташқари қонун лойиҳасига “жинсий тегажоғлик” аниқ тушунчаси киритилиши ва жавобгарлик белгиланиши лозим. Муҳокамага қўйилган лойиҳада эса “тазйиқ” деган тушунча янги таҳрирда берилган: “тазйиқ – хотин-қизларни унинг жинсий тааллуқлилигидан келиб чиқиб, шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик”.

Тўғрисини айтсам, тазйиқни қандай қилиб харакатсизлик орқали содир этишни тасаввур қила олмаяпман. Аммо Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жинсий тегажоғликка кирадиган барча ҳаракатлар санаб ўтилган. Бу ҳуқуқбузарлик таркибига ўқиш, иш жойида, кўчада содир этилган шахснинг хоҳишига қарши, шаъни, қадр-қимматини камситувчи, хақоратловчи сўз билан ёки сўзсиз ифодаланган ҳар қандай шаҳвоний харакатлар, шу жумладан хизмат ваколатидан фойдаланиб, шантаж қилиб ёки пул эвазига жинсий алоқага кириш тўғрисида таклифлар киради. Муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасида эса жинсий тегажоғликка кирадиган барча ҳаракатлар кўрсатилмаган. Бу эса амалиётда ушбу ҳаракатларни суд томонидан малакалашда ва жабрланувчининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамда тиклашда қийинчиликларни келтириб  чиқариши мумкин. Бундан ким манфаатдор?”,- дея таъкидлади эксперт.

Бир неча соат давом этган баҳсли муҳокамалардан сўнг йиғилишга раислик қилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев иккала версия устида яна ўрганиш олиб борилиши лозимлигини айтди.

“Қонун лойиҳасини қайта ўрганиш учун маълум муддат талаб қилади. Икки кун давомида Сенат ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган ва вазирлик томонидан муҳокамага қўйилган вариантлар чуқур ўрганилади. Шундан сўнг бугун очиқ қолаётган саволларга жавоб топишимиз мумкин”,- деб муҳокамага якун ясади у. Йиғилиш қатнашчилари 26 январ куни қонун лойиҳасини қайта муҳокама қилишга келишишди, regulation.gov.uz’даги лойиҳа муҳокамаси ҳам 26 январ куни якунланади.

Эслатиб ўтамиз, Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ўз саҳифасида мазкур қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши ҳақида ёзиб, қонун чиқарувчиларни оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик тайинлашга чақирди.

Шунингдек, Мирзиёева 6 декабр куни “Зўравонликка қарши курашни институтлаштириш” мавзусидаги халқаро конференцияда оилавий зўравонликни жиноят деб баҳолаш кераклигини таъкидлаган эди.

“...биз зўравонликка нисбатан жуда сабрлимиз. Менимча, эндиликда зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига аёлларгина эмас, биринчи навбатда давлатнинг ўзи қарши эканлигига урғу беришимиз лозим. Оиладаги зўравонлик фақат бир оиланинг ички иши эмас, бу муаммо ва масъулият бутун жамиятга тегишлидир.

Аёл ўз дарди билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак. Вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш зарур. Бу борада болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишнинг аниқ ва қатъий механизмларини ишлаб чиқиш лозим. Оиладаги зўравонликни росмана жиноят деб баҳолаш вақти келди.

Зўравонликка қарши курашнинг барча босқичларида тўлақонли ишлайдиган механизм яратиш зарур. Бу эса ҳамма тегишли идора ҳамда вазирликлар, шунингдек, нодавлат сектор ва ОАВнинг биргаликдаги фаолиятини талаб этади”, – деган эди у.

Гулмира Тошниёзова, Kun.uz мухбири

Top