07:34 / 30.01.2023
21434

Нукусда қутқарувчилар портлаган уй вайроналари остидан 5 ёшли қизни чиқариб олди

Нукус шаҳридаги газ портлаган 4 қаватли уй вайроналаридан бир киши жасади топилди ва 5 ёшли қиз қутқариб қолинди.

Фото: Видеодан кадр

Нукус шаҳрида кўп қаватли уйда газ портлаши оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган. ФВВ матбуот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Унга кўра, юзага келган кинетик зарба натижасида бино конструкцияларига қисман шикаст етган. Зудлик билан воқеа жойига ФВВ қутқарувчилари ва тегишли идоралар ходимлари етиб бориб, қидирув-қутқарув ва бинонинг қулаган конструкцияларини тозалаш ишларини амалга оширмоқда.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қиз турли даражадаги жароҳатлар билан қутқарувчилар томонидан чиқариб олиниб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

Бино конструкциялари орасидан қидирув-қутқарув ишлари олиб бориш жараёнида бир нафар фуқаронинг жасади топилган.

Айни вақтда бинонинг конструкцияларини тозалаш ишлари давом этмоқда.

Воқеа юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилди.

Бундан аввалроқ ушбу портлаш вақтида жароҳатланган икки киши шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Top