11:32 / 31.01.2023
8097

ДХХ катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дорилар ноқонуний савдосига чек қўйди

Кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний савдосига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ички ишлар ва божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.

Видеодан кадр

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган “Чинор” ЙПХ масканида “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб, текширилди. Автомашина ҳайдовчиси бўлган, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи шахс ва унда йўловчи сифатида кетаётган, Фарғона туманида истиқомат қилувчи фуқаро 10 864 дона “Регапен” ҳамда 1 995 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкент шаҳрига олиб кетаётгани маълум бўлди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Сергели туманида ушбу дори воситаларини қабул қилиб олган вақтларида Яшнобод туманида яшовчи, муқаддам судланган аёл ва Учтепа туманида истиқомат қилувчи фуқаро ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Тошкент ҳалқа автомобиль йўли Бектемир тумани ҳудудидан ўтган қисмида тўхтаб турган “Кобальт” русумли транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, салонида бўлган Фарғона туманида яшовчи икки фуқаро 5 450 дона “Регапен” ва 466 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Фарғона вилоятидан Тошкент шаҳрига олиб келгани маълум бўлиб, ушбу дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Яна бир ҳолатда “Наманган – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина пойтахтга кираверишдаги “Шарқ” ЙПХ масканида тўхтатилиб текширилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Учқўрғон туманида яшовчи аёлга тегишли сумкада 590 дона “Селофен” ва 478 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур дори воситаларини Тошкент шаҳрида кутиб турган, Жиззах вилоятида туғилган икки фуқарога олиб бориб бериши кераклиги маълум бўлиб, Сергели туманида ушбу шахслар ҳам дори воситаларини қабул қилиб олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Чилонзор туманидаги меҳмонхонанинг улар вақтинча жойлашган хонасидан 137 дона “Селофен” ва 11 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Барча кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келинган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top