20:18 / 31.01.2023
34825

Путин Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида «тўлиқ» ҳарбий ҳолат жорий қилди 

Тегишли фармон билан маҳаллий аҳолининг ҳаракатланиши чекланди.

Фото: Getty Images

Россия президенти Владимир Путин чегара ҳудудларида террорчилик хавфи даражасини жорий этиш муддатларига қўйилган чекловларни бекор қилди. Бу ҳақдаги тегишли фармон имзоланди. 

Қайд этилишича, аввалроқ террорчилик таҳдиди даражаси 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга белгиланар эди, шу сабабли уни доимий равишда узайтиришга тўғри келган. Охирги марта у 20 январ куни узайтирилган. 

Бундан ташқари, Кремл раҳбари ҳудудий таҳдид режими ўрнатилган чегара ҳудудларида транспортни текшириш ва назорат қилишни кучайтириш бўйича топшириқ берди. Машиналардан қурол ва портловчи моддалар қидирилади. 

Кремл қуйидаги террорчилик таҳдиди даражаларини белгилади: 

- Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида маҳаллий аҳолининг ҳаракатланишини чеклашни назарда тутувчи ҳарбий ҳолат жорий этилди;

- чегарадош ҳудудларда, жумладан, босиб олинган Қримда жамоат тартибини муҳофаза қилиш кучайтирилди, транспортда «махсус режим» жорий этилди, ҳаракат эркинлиги чекланди, шунингдек, аҳолига нисбатан «хавфсиз жойларга вақтинчалик кўчириш» чораси қўлланадиган бўлди;

- Россиянинг Жанубий ва Марказий федерал округлари 18 та ҳудудида ҳуқуқ-тартибот чоралари кучайтирилди, транспорт ва энергетика инфратузилмаси объектлари учун «махсус режим» жорий этилди. 

2022 йил 19 октябрда Россия президенти Владимир Путин вақтинча босиб олинган ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилган эди. 

Шу билан бирга, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида Кремл томонидан «ҳарбий ҳолат» жорий этилишини «талон-торож қилиш ва мол-мулкни талон-торож қилишни псевдолегаллаштириш сифатида баҳолаш керак», деган эди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top