Украинада урушнинг 816-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Қора денгизда россияликларнинг «Ковровец» номли тралчиси (денгиз остини миналардан тозаловчи кема) чўктириб юборилгани ҳақида хабар берди. Россия томони расман изоҳ бермаган.
- Украинларнинг пилотсиз учиш қурилмалари Краснодар ўлкасидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди, шундан кейин мазкур корхона фаолияти тўхтаган. Шунингдек, Ленинград областидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳам ҳужум уюштирилган.
- Россия қўшини Харкив чеккасидаги Черкасская Лозовая қишлоғида жойлашган дам олиш базасига ҳужум қилган. Етти киши ҳалок бўлиб, яна 28 киши жароҳат олган.
- Белгородда дрон портлаши оқибатида 11 ёшли қиз жароҳатланган, у шифохонага ётқизилган.
Харкив областида дам олиш базаси ўққа тутилиши
Россия қўшини 19 май куни соат 11:00 атрофида Харкив областидаги Черкасская Лозовая қишлоғида жойлашган дам олиш базаси бўйлаб ракета зарбаси йўллади. Тахминан 10 дақиқа ўтиб базага яна бир ракета учирилган. Регион раҳбари Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, қишлоқ «Искандер-М» ракета комплексидан ўққа тутилган. Аввалига беш киши ўлими ҳақида хабар берилганди, кейин эса Харкив области прокуратураси шифохонада жабрланганлардан яна бири — 68 ёшли эркак вафот этганини маълум қилди. 20 май куни яна бир киши жасади топилди — 51 ёшли эркак бедарак йўқолган деб ҳисобланаётганди.

Evgeniy Maloletka / AP/ Scanpix / LETA

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA


























