18:01 / 02.02.2023
21015

“Бирлашишдан ўзга чора йўқ” – сиёсатшунос қудратли давлатларнинг Марказий Осиёга босимлари ҳақида 

Сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов Kun.uz’га берган интервьюсида Марказий Осиё давлатлари бугунги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, Россия билан алоқаларни қандай йўлга қўйиши ёки ўзгартириши керак, мазмунидаги саволга ҳам жавоб берди.

Вазият табиатан жуда зиддиятли. Айни пайтда таҳлил қилсак, собиқ иттифоқ давлатларидан Россия тарафида бўлганлари деярли қолмади. Ҳатто Беларусда ҳам иккиламчи қандайдир ўйинлар содир бўляпти. Россия собиқ совет ҳудудини йўқотяпти.

Хўш, бугун бу вазиятда Марказий Осиё ўзини қандай тутяпти ва яна қандай имкониятлар бор?

Айни пайтда Марказий Осиё ва жумладан, Ўзбекистон ҳам ғалати ҳолатга тушиб қолган. Масалан, Россия ва Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқдошлик тўғрисида битим имзолаган. Хўш, ҳозир ўша ҳужжатлар амалдами, уни ҳеч ким денонсация қилмаганми? Демак, ҳозир Ўзбекистон учун худди Қозоғистон каби Россия ҳам иттифоқдош, стратегик шерик экан-да.

Агар ўша битимларни очиб кўрсангиз, унда шартнома имзолаётган давлатлар бир-бирига ҳужум бўлганда, ўзаро ёрдам беради, керак ҳолатда ҳарбий кучларни олиб киради, деган жумлалар бор. Яъни биз Россия билан ҳанузгача иттифоқдош эканмиз. Шу билан бирга, бизда АҚШ билан ҳам шундай битим бор.

Умуман олганда, бизда кўплаб давлатлар билан шундай стратегик шериклик шартномалари бор ва бу бир “мода”га айланган ҳолат. Қаранг, Ўзбекистоннинг Россия билан “Стратегик шериклик тўғрисида”ги шартномаси 2004 йилда имзоланган. Қарийб 20 йил бўлибди, лекин шунча вақтда Ўзбекистон ва Россия қаерда бир-бирига стратегик шерик сифатида ёрдам берди ёки биргаликда ҳаракат қилинди? Табиий савол туғилади: бизга бу шартнома керакми ўзи? У самарасиз экан, воз кечишимиз керакми? Бу худди ўз самарасини ҳеч қачон кўрсатмаган КХШТ ташкилотига ўхшайди. Бу ҳам фақат қоғозда қолиб кетаётган ҳужжат. Бизда аввал ҳам бундай саволлар бўлган, лекин Украина контексти бу саволларнинг долзарблигини янада оширди.

Марказий Осиё давлатларининг ҳозирги ҳолати ва келажагини таҳлил қилганимда бир фикрга келяпманки, уларда заиф давлатлар комплекси бордек. Яъни бу мамлакатлар ва уларнинг раҳбариятида биз заиф давлатмиз, ожиз давлатмиз, қудратли давлатлар қуршовида турибмиз, босимига дош беролмаймиз, Хитой бўлсин, Россия бўлсин, уларга йўқ деёлмаймиз, босимига рози бўлишдан бошқа йўлимиз йўқ экан, деган бир комплекс бор. Мана шу комплексдан воз кечиш муаммо бўлиб турибди. Биз учун бу комплексдан воз кечиш қийин бўлиб турибди. Бу комплекс Марказий Осиё давлатларининг ҳар бирида мавжуд. Кимдир бу комплексни кўпроқ сездиради, кимдир камроқ. Шунинг учун, бирлашишдан ўзга йўл йўқ.

Шу йил Марказий Осиё давлатларининг бешинчи маслаҳатлашув учрашувини кутяпмиз. Бу тадбирда жиддий хулосалар қилиш вақти келди. Ўтган сафарги учрашувда Тожикистон ва Туркманистон томонлари “XXI асрда Марказий Осиё давлатларининг тараққиёти тўғрисида”ги битимига имзо қўймаган эди. Сабаби, ўша пайтда бу икки давлат ўртасида кескинлик бор эди. Бешинчи учрашувда улар ҳам бу ҳужжатга имзо қўйса, катта ютуқ бўлган бўларди. Яъни бу билан Марказий Осиё давлатларининг консултатив учрашувидан ташқари ўзаро битим ҳам қабул қилинган бўларди. Бу битим бизга жуда катта куч бағишлайди”, – деди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Top