13:40 / 02.02.2023
49062

«Челси»нинг «қутуриши», «трансфер қароқчилиги» ва Роналдунинг улкан шартномаси. Қишки трансферларнинг асосий воқеалари

Фото: Спорт-экспресс

Европада трансферларни рўйхатдан ўтказиш муддати тугади. «Спорт-Экспресс» бу сафарги трансферлар ойнасининг асосий тенденциялари ҳақида ёзди.

Қатар қаҳрамонларига «ов»

Жаҳон чемпионатлари доимо клубларнинг турнирда яхши иштирок этган футболчиларга жиддий эътиборини қаратади — айниқса бунгача диққат марказида бўлмаган ва шу турнирда порлаганларга. Қишда ўтган бўлса ҳам ЖЧ-2022 истисно бўлмади. Январдаги трансферлар ойнасида клублар одатда таркибни жиддий кучайтирмайди, шу туфайли Қатардаги турнирнинг барча қаҳрамонлари ёппасига янги клубларга ўтиши кузатилмади. Шунга қарамай тенденция барибир сақланиб қолди.

Трансферлар бозоридаги янгилик марокашликлар бўлди. Хусусан, Қатардаги турнирда миллий жамоа таянч зонасини бетонлаб ташлаган Аззедин Унаи ва Софьян Амрабатга қизиқиш юқори эди. Уларнинг биринчиси 8 миллион евро эвазига «Анже»дан «Марсел»га ўтди, иккинчисининг трансфери борасида «Фиорентина» ва «Барселона» ўртасида музокаралар узоқ давом этди, аммо италияликлар футболчини ижарага беришни исташмади. Ҳаким Зиёш ҳам клубини ўзгартириши кутилганди — «ПСЖ» дедлайн арафасида ушбу ҳавбекни «Челси»дан ижарага олиш бўйича келишувга эришганди, аммо лондонликлар уч марта Францияга нотўғри ҳужжатлар юбориши оқибатида трансфер барбод бўлди.

Турнирда бронза медаллар соҳиби бўлган Хорватия таркибидаги футболчиларга ҳам кўп клублар томонидан қизиқишлар бўлди. Масалан, Бразилия билан ўйиндаги жавоб голига ассистентлик қилган Мислав Оршич Загребнинг «Динамо»сидан «Саутҳемптон»га ўтди, дарвозабон Доминик Ливаковични эса «Вильярреал» ёки «Ноттингҳем Форест» сотиб олиши мумкин эди. Деян Ловреннинг «Лион»га кўчиб ўтиши ҳам қайсидир маънода ЖЧ-2022 таъсирида рўй берди.

Қатарда кутилганидан кучлироқ ўйин намойиш этган нидерландияликларнинг икки нафари АПЛ топ-клубларига ўтишди: Коди Гакпо — «Ливерпул»га, Ваут Вегҳорст — «МЮ»га. Икки метр бўйга эга австралиялик ҳимоячи Ҳарри Суттар дедлайн арафасида «Стоук Сити» либосини «Лестер» либосига алмаштирди. Барча топ-клублар учун биринчи нишон эса кутилганидек мундиалнинг энг яхши ёш футболчисига айланган Энцо Фернандес бўлди — «Челси» том маънода сўнгги дақиқага қадар «Бенфика» билан музокара олиб борди ва барибир португаллар клубини ўз жавоҳирини сотишга кўндирди. 121 миллион евро — аргентиналик ёш футболчи бир лаҳзада АПЛнинг энг қимматбаҳо футболчисига ва қишки трансферлар ойнаси тарихидаги энг қимматбаҳо харидлардан бирига айланди.

Қишки трансферлар тарихидаги энг қимматбаҳо харидлар

Боули Абрамовични сояда қолдирди

Футбол мухлислари рейтингга қарамасданоқ бу қишда энг кўп харажат қилганлар Англия премьер-лигаси клублари бўлганини айтиши мумкин. Энг кўп пул сарфлаганлардан иборат топ-7да бошқа чемпионатлар вакиллари йўқ, январдаги асосий исрофгар эса кутилганидек «Челси» бўлди. Лондоннинг ушбу клуби бу мавсумда бозорни «портлатмоқда»: ёзда улар тўққиз нафар янги футболчи билан шартнома имзолаганди, қишда эса — яна саккиз футболчи олиб келинди. Клубнинг икки трансфер ойнасида харидларнинг учун сарфлаган пули 611 миллион еврони ташкил этди — бу катта фарқ билан ўрнатилган жаҳон рекордидир. Бунгача бир мавсумда энг кўп харажат қилган жамоа «Барселона» бўлганди, каталонияликлар 2017/18 йиллар мавсумида 380 миллион евро сарфлашганди.

Роман Абрамович даврида «Челси» чемпионат ўртасида камдан кам ҳолларда катта трансферларга қўл урарди — олдинги уч қишда клуб умуман бир пенни ҳам сарфламаганди. Россиялик олигарх январдаги ойнада катта харажат қилиши билан боғлиқ сўнгги ҳолат 2011 йилга тўғри келади, ўшанда «Челси» Фернандо Торрес ва Давид Луиз учун 83,5 миллион евро тўлаганди. Клубнинг янги хўжайини Тодд Боули эса клубга келганидан кейинги илк қишдаёқ 300 миллион евродан ортиқ маблағни янги трансферларга сарфлади. Қишдаги энг қимматбаҳо харидлар саккизлигидан «Челси»нинг биратўла беш нафар янги футболчиси жой олди.

2023 йил қишида амалга оширилган энг қимматбаҳо трансферлар ўнлиги

Шартномалар узоқ муддатга тузилмоқда

«Челси» ҳақида энг кенг тарқалган савол шундай: «Клуб нима учун молиявий фейр-плейдан чўчимаяпти?» Боули Америка спорт бозорини яхши билгани туфайли («Челси» раҳбари Америкадаги «Лос-Анжелес Доджерс» бейсбол клуби акцияларининг 20 фоизига эгалик қилади) Европада лазейка топа олди. АҚШдаги турли лигаларда узоқ муддатли шартномалар урф бўлган: бейсболчилар, футболчилар ва ҳоккейчилар кўп ҳолларда 10-12 йил муддатга шартнома тузишади. Европада эса кўпчилик янги шартномалар кўпи билан беш мавсумга тузилишига одатланган.

Боули бу тизимни бузди. Ёздаёқ «Челси»нинг тўрт нафар янги футболчиси билан олти йиллик шартномалар имзоланди, Уэсли Фофана билан эса — етти йиллик. Қишда Боули янада олдинроққа кетди: Андрей Сантос, Бенуа Бадиашил ва Нони Мадуэке етти ярим йиллик, Мудрик ва Фернандес — саккиз ярим йиллик шартномаларга имзо чекишди! Бундай тактика лондонликларга молиявий фейр-плей қоидаларини бузмаслик имконини беради, чунки бухгалтерлик ҳисобларида трансфер учун сарфланган маблағлар шартноманинг ҳар бир йили учун тенг миқдорда тақсимланади. Натижада Мудрикнинг трансфери бонусларсиз 70 миллион евро эмас, балки йилига тахминан 8,2 миллион евродан бўлиб чиқади.

Аслида бу ғоя Европада биринчи бор Боули томонидан ўйлаб топилмади. Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида «Бетис» бразилиялик Денилсон билан 11 мавсум учун шартнома тузганди, ўтган ёзда эса Дарвин Нуньес, Орельен Тчуамени ва Калвин Филлипс мос равишда «Ливерпул», «Реал» ва «Манчестер Сити» билан олти йиллик шартномаларга қўл қўйишганди. Аммо бунгача ҳеч ким бу имкониятни суиистеъмол қилмасди, Боули эса бу бўшлиқдан очиқчасига фойдаланмоқда. Натижада футбол мулозимлари дарғазаб бўлишган: The Times шу кунларда УЕФА беш мавсумдан ортиқ муддатга шартнома расмийлаштиришни чеклашга ҳозирланаётгани ҳақида хабар тарқатди.

2023 йил қишида энг кўп харажат қилган 7 клубнинг барчаси АПЛ вакиллари

Трансферларни «илиб кетиш» одатга айланмоқда

Шундай ҳолатлар бўлади, футболчи бир клуб билан келишувга эришади, сўнгги лаҳзаларда эса бошқа клубга ўтиб кетади. Масалан, 2013 йилда «Челси» Виллианни «Тоттенҳэм»нинг бурни остидан илиб кетганди, 2018 йилда «Барселона» — Малкомни «Рома»дан «ўғирлаган». Ўтган ёзда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлди: «Севилья» ҳимоячиси Жюл Кунде Ромелу Лукакунинг Лондондаги уйига кўчиб ўтиш тараддудида эди, аммо «Барселона» ушбу французни «Челси»га кетиш йўлида тўхтатиб қолди.

Бу қишда эса икки футболчи барча кутган жойда эмас, бошқа клубларда пайдо бўлди. Биринчи ҳолатда украиналик вингер Михаил Мудрик ижтимоий тармоқлари орқали тез орада «Арсенал»га ўтишига ишора қилди — «Арсенал» унинг нархини пасайтириш учун музокаралар олиб бораётганида, у очиқчасига Микел Артетани топ-мураббий деб атади. Аммо «Челси» орага тушди: Боули «Шахтёр»га бирданига бонуслар билан бирга 100 миллион евро таклиф этди, «Арсенал» эса сотувчининг барча талабларини бажаришга кўнмади. Шу билан бирга, АПЛда етакчилик қилаётган жамоа раҳбарияти оқилона трансфер амалга ошириб, пулларини сақлаб қолди: «Эмирейтс»га «Брайтон»дан бошқа вингер, белгиялик Леандро Троссар (24 млн евро), «Челси»дан италиялик ҳавбек Жоржиньо (12 млн евро) ва «Специя»дан полшалик ҳимоячи Якуб Кивиор (25 млн евро) олиб келинди.

АПЛда яна бир футболчи «ўғирлаш» содир бўлди, бу тарих янада қизиқроқ. «Вильярреал» ҳужумчиси Арно Данжума «Эвертоном» билан нафақат шартнома бўйича келишиб олган, балки ушбу клуб учун тиббий кўрикдан ўтган, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги тақдимот учун фотосессияда ҳам қатнашганди. Аммо шу вақтда ливерпулликлар клуби бош мураббий Фрэнк Лэмпардни истеъфога чиқарди, Данжуманинг вакилларига эса «Тоттенҳэм» алоқага чиқди. Нидерландиялик футболчи қайта ўйлаб кўрди — кейинги куни Лондон клуби сафида пайдо бўлиб, Англия Кубоги доирасидаги ўйинда «шпорлар» сафида гол уришга ҳам улгурди.

Бундай «олиб қўйишлар»ни тўлақонли тенденция деб аташ қийин, аммо бундай ҳолатлар сони ортаётганини қайд этиш мумкин. Бу каби «трансфер қароқчилиги» одатда клублар ўртасидаги муносабатларга таъсир кўрсатмай қолмайди, аммо «Челси» ва «Арсенал» мисоли шуни кўрсатдики, хафагарчилик йўқ: Мудрик трансфери атрофидаги баҳсли вазиятдан кейин Лондон клублари Жоржиньо трансферини расмийлаштиришди. Афтидан, бозор қоидалари энди шундай.

2023 йил қишида сотувлардан энг кўп даромад қилган клублар еттилиги

Футболчилар музокараларга ундашмоқда

Футболчилар ўз иш берувчиларидан миннатдор бўлишлари лозим, аммо одатда улар кетмоқчи бўлганида раҳбарият билан очиқчасига зиддиятга киришишади. Бу қишда ҳам шу каби бир неча ҳолат кузатилди, аммо барча клублар ҳам исёнкор футболчиларини қўйиб юборишга рози бўлмади.

«Брайтон»да етакчилардан бири норозилик бошлади — Леандро Троссар. Аввалига ушбу белгиялик шунчаки жамоанинг янги бош мураббийи Роберто Де Дзерби уни ўйинлардан бирига заявка қилмаганига эътироз билдириб, клуб базасидан кетиб қолди. Кейин эса Троссар агенти орқали мураббий ва клубга босим ўтказишга киришди. Унинг омади келди, чунки бу вақтда «Арсенал» Мудрик трансфери бўйича муваффақиятсизликка учради, шу туфайли унда Лондон клубига ўтиш имкони пайдо бўлди.

«Брайтон»нинг бошқа бир футболчисида эса шундай уриниш ўхшамади. Эквадорлик таянч яримҳимоячиси Мойзес Кайседо жаҳон чемпионатида яхши таассурот қолдирганди ва у ҳам Троссар ортидан Лондонга йўл олиши мумкин эди — «Арсенал» музокараларни 50 миллион фунтлик таклифдан бошлаб, нархни 70 миллион фунтгача кўтарди, аммо «Брайтон» сабот билан рад этди. Кайседо эса раҳбариятдан бир неча бор ўзини қўйиб юборишни сўради, ҳатто ижтимоий тармоқдаги саҳифасида мухлислар билан хайрлашиб, таъсирли пост ёзди: «Брайтон»ни рекорд миқдордаги трансфер маблағи билан қўллашимдан фахрланаман». Лекин якунда эквадорлик фтуболчи ҳеч қаерга кета олмади — энди баҳорда унда қандай иштиёқ бўлишини кўриш қизиқарли бўлади.

2022 йилги мундиалнинг яна бир қаҳрамони Софиян Амрабат ҳам «Фиорентина»ни тарк этишга ҳаракат қилди — қишки трансферлар ойнаси ёпилиши арафасида марокашлик футболчи ҳам инстаграмдаги саҳифасида кетмоқчилигини билдирди, ҳатто машғулотларда иштирок этишдан бош тортди, у «Барселона»га ўтишдан умид қилаётганди. Каталонлар чиндан ҳам ушбу ҳавбекни сафига қўшиб олишни истаганди, аммо уларнинг ижара бўйича таклифига флоренцияликлар рози бўлмади.

2023 йилги қишки трансферлар ойнасида топ-5 лига клубларининг даромад ва харажатлари

Николо Заниоло — шахсий манфаатларини жамоаникидан юқори қўйган футболчи учун яна бир мисол. Январда «Рома»нинг ушбу яримҳимоячисига АПЛ клублари ва «Милан»дан алоқага чиқишди. Жозе Моуриньо Заниоло унга кетмоқчилигини айтганини тан олди ва музокараларни якунлаши учун уни «Наполи»га қарши ўйин қайдномасига киритмади. «Рома» трансфер бўйича «Борнмут» билан келишиб олди, аммо шу вақтда Николо Англияга кетишни истамай қолди - Италиядаги бошқа грандлардан бирига ўтишни кўзлаганди. Шундан кейин римликлар футболчини ушбу клубга ўтишга кўндиришга уринди, клуб раҳбари акс ҳолда у жамоадан четлатилиши билан таҳдид қилди. Трансферлар ойнаси ёпилиши арафасида Заниоло барибир «Борнмут»га ўтишга кўнди, аммо бу вақтга келиб инглизлар клуби керакли харидларни амалга ошириб бўлишган ва навбатдаги трансфер учун уларда ортиқча пул қолмаганди. Заниолонинг ҳаракатлари «Рома»да барчанинг ғазабини қўзғади — мухлислар Колизейга ҳақоратомуз баннер илишди.

Жоау Канселу эса клубини ўзгартира олди. Бу қишки ойнанинг энг шов-шувли трансферларидан бири бўлди: «Манчестер Сити»нинг португалиялик ҳимоячиси Пеп Гвардиола билан жанжаллашиб қолди ва «Бавария»га ижарага берилди. Мюнхенликлар ёзда уни 70 миллион еврога трансфер қилиши мумкин. Канселу — ўз позициясида сайёранинг энг кучли футболчиларидан бири (у янги жамоасида буни намойиш этишни бошлади, «Бавария»нинг «Майнц»га қарши ўйинда унинг ўзига хос узатмасидан кейин ҳисобни очди, Шупо Мотинг яна гол уришни бошлади, жамоа уч ўйиндан иборат ғалабасиз сериясига чек қўйди). Жаҳон чемпионатидан кейин у «шаҳарликлар»нинг асосий таркибидаги жойини йўқотиб қўйди, испаниялик мутахассис 18 ёшли Рико Люисга ишонч билдирмоқда. Гвардиола у каби муҳим футболчининг ҳам кўнглига қараб ўтирмаслигини намойиш этди ва уни осонлик билан Чемпионлар лигаси ғолиблиги учун рақобатчиларидан бирига бериб юборди.

Сўнгги беш йилликда топ-5 лигалар клубларининг қишки трансферлар учун харажатлари

Криштианунинг сўнгги клубими?

Нима бўлганда ҳам бу трансфер ойнасида асосий ном Роналду бўлиб қолади — келажакда 2023 йил қиши муҳокама қилинганда айнан уни эслашади. Португалиялик футболчи асрга татийдиган трансферга қўл урди: у илк бор Европани тарк этди, ҳолбуки бунга ҳеч ким ишонмасди, яна бир муҳим жиҳати португалиялик футболчи Саудиянинг «Ан-Наср» клуби билан улкан шартнома бўйича келишувга эришганидир — йилига 200 миллион доллар. Криштианунинг жаҳон чемпионати арафасида Пирс Морганга берган шов-шувли интервюсини ҳам ёддан чиқариб бўлмайди — бу қишда демаршлар ва можаролар силсиласини айнан Роналду бошлаб берганди. Унинг бу интервьюси бўлмаганида, эҳтимол исёнчилар ҳам бу қадар кўп бўлмасди.

Роналдунинг трансфери Саудия Арабистонида футболга йирик сармоя киритиш бўйича яна бир тенденциядан далолат беради. Подшоҳликдагилар 2030 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқчи ва биринчи рақамли спорт тури орқали ўз имижини яхшилашга умид қилмоқда. Маҳаллий грандлардан яна бири «Ал-Ҳилол» Лионел Мессини ўз сафига қўшиб олмоқчи экани ҳақида миш-мишлар авж олнан. Аммо бу энди кейинги трансфер ойналари масаласи.

Top