«Челси» АПЛнинг 36-турида «Вест Ҳэм»ни тор-мор этди (5:0) ва еврокубоклар йўлланмаси учун имкониятларини оширди
«Челси» – «Вест Ҳэм» 5:0
Голлар: 1:0 – 15 Палмер, 2:0 – 30 Галлахер, 3:0 – 36 Мадуэке, 4:0 – 48 Жексон, 5:0 – 80 Жексон.
«Челси» – Петрович, Чалоба (Гюсто, 83), Тиаго Силва (Дисаси, 82), Бадяшил, Кукуреля, Галлахер, Мудрик (Нкунку, 76), Палмер (Гилкрист, 89), Кайседо, Мадуэке (Казадеи, 76), Жексон.
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Цоуфал, Огбонна, Зума, Эмерсон, Соучек, Лукас Пакета (Крессуэлл, 76), Алварес (Уорд-Проуз, 46), Қудус, Боуэн, Антонио (Ингз, 70).
Огоҳлантиришлар: Огбонна (34), Кукуреля (38), Эмерсон (44), Лукас Пакета (45+2).
«Челси» ўз майдонида «Вест Ҳэм»га қарши дерби ўйинида ишончли ғалабага эришди. Ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлганди – мезбонлар танаффусгача ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Аввалига Палмер АПЛнинг бу мавсумидаги 21-голини урди ва тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринга кўтарилди (Ҳоландда – 25 гол). Кейин Галлаҳер рақиб жарима майдонидаги рикошетдан фойдаланиб, дарвозани ишғол этди. Кейин эса бурчак зарбаси амалга оширилганида Тияго Силва тўпни боши билан ўтказиб берди ва Мадуэке ўз имкониятидан аниқ фойдаланди.
Николас Жексон АПЛда вазиятлардан фойдалана олмаслик бўйича учликдан ўрин олган, аммо танаффусдан кейин у дубл расмийлаштирди. Аввалига Чалоба ҳимоячилар орасидан тўпни жарима майдонига етказиб берди, кейин эса Мадуэке ўзи ҳам гол уриши мумкин бўлган вазиятда тўпни Жексондан қизғонмади. Ўйин охирида Жексон яккама-якка вазиятга чиқиб кетиб, аниқ зарба берди. Бу вазиятда қанот ҳаками байроқчасини кўтарди, аммо видеотакрордан кейин ҳужумчи тўғри ҳолатда тўпни қабул қилиб олгани ойдинлашди ва гол инобатга олинди.

Бу дербида Боуэн ўзига хос натижа қайд этди. «Вест Ҳэм» вингерининг учта зарбаси дарвоза тўсинига тегди. Ўз навбатида, «Челси» сардори Галлаҳер ҳам бир бор тўсинни пойлади.
Эътиборли томони, бу «Челси»нинг мавсумдаги энг йирик ғалабаси эмас. 20 кун муқаддам Почеттино шогирдлари АПЛда «Эвертон» дарвозасига жавобсиз 6 та голл йўллаганди.
Фабрицио Романо маълумотига кўра, «Вест Ҳэм» бу ўйингача ҳам бош мураббий Дэвид Мойес мавсум якунида клубни тарк этиши бўйича бир қарорга келиб бўлганди. Почеттинонинг ҳам клубдаги келажаги савол остида турибди. The Telegraph маълумотига кўра, агар жамоа еврокубоклардан бирига йўлланма ололмаса, аргентиналик мутахассис ишдан бўшатилиши аниқ. Аммо «Челси» ҳозир яхши формада — жамоа АПЛдаги охирги 12 ўйинида фақат бир бор мағлуб бўлган ва еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлар учун курашда қолмоқда.



















