14:58 / 02.02.2023
18942
Реклама

Янги Меҳнат кодексининг ходимлар ва иш берувчилар учун энг яхши жиҳатлари

Янги Меҳнат кодекси 3 ойдан сўнг кучга киради. Янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳининг аъзоси, ТОР Advisor компаниясининг ривожлантириш бўйича директори Алексей Ниязметов Kun.uzʼга иш берувчилар ва ходимлар талабига жавоб берадиган  асосий ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.

Янги Меҳнат кодексида ўзгаришлар анча кўп ва янги кодекснинг вазифаларидан бири ходим ва иш берувчи ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлашдан  иборатдир, шунинг учун ўзгаришларнинг бир қисми ходимга ёқса, иккинчи қисми иш берувчига кўпроқ усуллар ва имкониятлар тақдим этади. Иш берувчилар ва ходимлар учун эътибор қаратиш мумкин бўлган энг эътиборга молик янгиликларни келтирамиз.

Янги Меҳнат кодексидаги иш берувчилар учун фойдали бўладиган янгиликлар

Энди иш берувчи касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда қабул қилиши  лозим бўлган ички ҳужжатларни, касаба уюшмаси қўмитаси 20 кун давомида иш берувчининг мурожаатига жавоб бермаган тақдирда, ўзи мустақил ҳал қилиши мумкин. Ташкилотда  касаба уюшмаси тузилмаган бўлса, у ҳолда меҳнат жамоасининг умумий йиғилишига мурожаат қилиши , агар икки ҳафта мобайнида меҳнат жамоаси  йиғилмаса ва касаба уюшмаси тузилмаса, бу ҳолда ҳам  иш берувчи масалани мустақил ҳал қилиши мумкин. Бу қоида касаба уюшмаси тузилмаган ёки иш берувчи мурожаатига жавоб бермаган ҳолларда, ички ҳужжатларни қабул қилиш масаласини ҳал қилиш учун хизмат қиладиган энг яхши норма бўлиб ҳисобланади.

Муддатларни кўрсатиш қулай бўлишини таъминлаш мақсадида  юз бериши керак бўлган “воқеага” ҳавола қилиш белгиланди. Масалан, муддатли меҳнат шартномасида ушбу шартномани аниқ ходимнинг ҳомиладорлик таътилидан чиққунига қадар амал қилишини кўрсатиш мумкин.

Энг яхши ходимларни жалб қилишга ёрдам берадиган воситалар пайдо бўлди. Биринчиси HR-менежментдан кириб келган бўлиб, ишга таклиф қилишдир.

Job offer HR-менежмент мутахассисларини ўз ташкилотига  ишга жалб қилишга  ёрдам беради.

Бироқ ушбу восита муайян мажбуриятларни ҳам юклайди:биринчидан,  таклифнинг амал қилиши муддатида ходимни ишга қабул қилишни рад этишига йўл қўйилмайди.  Иккинчидан,  иш берувчига энг яхши ходимларни танлаб олишга ёрдам беради – иш берувчиларга ишга қабул қилишнинг ўз танлов тартибини белгилаши мумкинлигини белгилаб беради.

Учинчидан,  топ-менежмент ва бош бухгалтерни ёллашда ёрдам беради – ушбу тоифадаги ходимларга бошқа ходимларга нисбатан узоқроқ (6 ойгача) синов муддатини белгилаши мумкинлигини белгилайди.

Бундан ташқари, эндиликда иш берувчилар ходимларни ишдан бўшатишда қўшимча ҳуқуқий ҳимояга эга бўладилар. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганда меҳнат дафтарчасини олиб кетмаган бўлса, унга меҳнат дафтарчасини олиб кетиши ёки уни почта орқали юборишга рухсат бериши илтимоси билан билдиришнома  юбориш лозим. Иш берувчи билдиришнома юборилган кундан эътиборан жавобгарликдан озод этилади ва ходим ишга тиклаш ва меҳнат дафтарчасини беришнинг кечиктирилиши сабабли мажбурий прогул учун ҳақ тўлашларини талаб қила олмайди. Топ-менежмент ва бош бухгалтерларни ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатишда огоҳлантириш муддатлари (1 ойдан 2 ойгача) узайтирилди, бундай муддатнинг белгиланиши бир томондан, ходим томонидан жавобгарликни юзага келтириб чиқариши мумкин бўлган вазиятдан чиқиб кетишига, иккинчи томондан,  иш берувчига янги муносиб ходимни топишга имкон беради.

 Салмоқли  ўзгаришлар муддатли меҳнат шартномаларига тааллуқлидир. Амалдаги Меҳнат кодексида уларни тузиш учун фақат учта асос мавжуд бўлса, янги кодексда 18 та асос белгилаб қўйилди. Муддатли меҳнат шартномаси тузилиши лозим бўлган асослар ва у тузилиши мумкин бўлган асослар белгиланди. Бундай ёндашув,  иш берувчиларга ходимларни ёллашда кўпроқ имкониятлар яратади.

Кўптармоқли шериклик ёки ҳудудий шуъба компаниялар тармоғига эга корхоналар учун янги вақтинча хизмат сафарига юбориш усули пайдо бўлди. Ходим бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилиши учун учта тарафнинг – ходим, иш берувчи ва ходим хизматга юборилаётган иш берувчининг розилиги талаб қилинади. Вақтинча хизмат сафарига юборишнинг энг узоқ муддати 1 йилни ташкил қилади. Ушбу вақт давомида ходим билан меҳнат шартномаси тўхтатиб турилади, хизмат сафарига юборилган  иш жойида эса муддатли меҳнат шартномаси тузилади.

Ишдан бўшатиш нафақасининг дифференциациялашган миқдори иш берувчидаги молиявий юкни енгиллаштиради. Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори шу  ташкилотдаги ёки соҳадаги иш стажига боғлиқ бўлади. Агар ходим 3 йилдан кам ишлаган бўлса, нафақа миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизини ташкил қилади. Шуни ҳам таъкидлаш муҳимки, кодекс ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашнинг ягона тартибини белгилади – бу  тартиб ўз ўрнида ходимларга турли тўловлар ва нафақаларни ҳисоблашда қулайлик яратади.

Яна бир эътиборга молик  янгилик тижорат сирини ҳимоя қилишга қаратилгандир. Энди топ-менежмент, филиалларнинг директорлари ва бош бухгалтерлар асосий иш берувчининг рухсатисиз ўриндошлик асосида ишлай олмайдилар. Шундай йўл билан конфиденциал маълумотларнинг чиқиб кетиш хавфини камайтириш имконияти пайдо бўлади..

Ишлаб чиқариш таълими шартномасини тузиш имконияти назарда тутилди, бунда ходим таълим якунларига кўра иш берувчида ишлаб бериши лозим бўлган муддатни ва ходимнинг, агар у муддатидан олдин ишдан бўшайдиган бўлса, иш берувчининг унинг ўқиши билан боғлиқ бўлган харажатларини қоплаш мажбуриятини белгилаш имконияти белгилаб қўйилди .

Обрўни сақлаш, вақт ва пул маблағларини тежаш учун янги Меҳнат кодекси бўйича баҳсларни медиаторни жалб қилган ҳолда ҳал қилиш мумкинлиги белгиланди.

Янги Меҳнат кодекси иш берувчилар учун бекор туриб қолишлар, ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ва хизмат текширувларини ўтказиш билан боғлиқ асосланган, янги ўзгаришларни кўзда тутади.

Янги Меҳнат кодексидаги ходимлар манфаатини кўзлайдиган  ўзгаришлар

Янги Меҳнат кодексида меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги узайтирилгани ҳақида кўпчилик эшитиб улгурди, энди у 21 календарь кундан иборат бўлади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас! Ходимлар битта  ташкилотда ёки соҳадаги иш стажи учун қўшимча таътил кунларига эга бўладилар. Ходимга ишлаган йилларининг ҳар бир 5 йили учун 2, аммо бир иш йилида  жами 8 кундан ошмаган, қўшимча таътил куни тақдим этилади. Шунингдек таъкидлаш жоизки, фойдаланилмаган таътил куймайди ва ходим иш даврида ёки меҳнат шартномасини бекор қилишда  фойдаланилмаган барча таътиллар учун пулли компенсация олиши мумкин.

Жуда кўп эътибор қаратилган бошқа норма бу дам олиш куни, агар у ишланмайдиган дам олиш кунидаги байрамга тўғри келса, дам олиш кунини кейинги кунга кўчириш ҳақида. Бу ерда шуни таъкидлаш муҳимки, норма фақат байрам якшанба кунига тўғри келганида эмас, балки байрам шанба кунига тўғри келганида ҳам, агар ташкилотда беш кунлик иш ҳафтаси белгиланган бўлса, амал қилади. Қоида оддий – агар аниқ тоифадаги ходимларда ушбу кун дам олиш куни бўлса ва у байрам кунига тўғри келса, у ҳолда дам олиш кунини кўчириш лозим бўлади.

Тўловларни (иш ҳақи, таътил пуллари, ишдан бўшатиш нафақалари, ишдан бўшатишда ҳисоб-китоб ва бошқалар) кечиктиргани учун иш берувчи энди ходим олдида тўғридан тўғри жавобгар бўлади. Тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун ходимга Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан 10 фоиз миқдорида пулли компенсация тўланади.

Шунингдек, янги кодексда ходим иш ҳақининг тузилиши белгиланди, унга мукофотлар, устамалар, қўшимча тўловлар ва тўловлар кириши мумкин. Мазкур норма ходимга интизомий жазо қўллашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Ходимги нисбатан интизомий жазо чораси қўлланган тақдирда ҳам,  унинг иш натижалари билан боғлиқ бўлган мукофотлар умумий қоидага кўра (меҳнатга ҳақ тўлаш тизими билан белгиланган) тўланиши мумкин, рағбатлантирувчи тўловлар эса рад этилиши лозим.

Ишга қабул қилишда иш берувчи ходим учун таништириш тартиб-таомилини ўтказиши – ишни бажариш жойини  кўрсатиши, ходимга тааллуқли бўлган ички ҳужжатлар билан, шунингдек ходимнинг меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ бўлган барча жиҳатлар билан таништириши лозим.

Ҳақиқатда ишга қўйиш тўғрисидаги нормалар кенгайтирилди. Агар ходимни корхона раҳбари ёки ишга қўйиш ваколатига эга бўлган мансабдор шахс ишга қўйган бўлса, у ҳолда ходим ҳақиқатда ишга қўйилган санадан ишга қабул қилинган деб ҳисобланиб, расмийлаштирилиши лозим. Агар ходимни ваколатга эга бўлмаган бригадир ёки цех бошлиғи ишга қўйган бўлса, у ҳолда иш берувчи умумий қоидалар бўйича иш кунлари учун ҳақ тўлаши шарт.

Муддатли меҳнат шартномалари бўйича ўзгаришлар ходимлар учун тааллуқлидир. Биринчидан, муддатли меҳнат шартномасининг муддати қисқартирилди – энди у 3 йилни ташкил этади. Иккинчидан, муддатли меҳнат шартномасини тарафлар келишуви билан узайтириш мумкин. Учинчидан, шартнома муддати узайтирилганда ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг жами муддати 5 йилдан ошиб кетмаслиги керак.  мумкин эмас.

Шунингдек энди ходимлар иш берувчидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳужжатларидан исталган ҳужжатнинг кўчирма нусҳасини талаб қилишга ҳақли. Иш берувчига керакли ҳужжатлар кўчирма нусхасини тайёрлаш ва уларни ходимга бериш учун 3 кун тақдим этилади.

Штат қисқаришида ходимларни ҳимоялашнинг қўшимча кафолатлари  назарда тутилган норма назарда тутилди. Штат қисқариши сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлиб,  олти ой ичида ходим илгари эгаллаган ўша мутахассислик, малака бўйича бўш иш ўринлари пайдо бўлган бўлса, уни ишга қабул қилиши шартлиги белгиланди.

Бундан ташқари, ўзини ўзи ҳимоя қилиш  тушунчаси  ва тартиби назарда тутилди . Масалан, ходим ноқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганда ёки ундан меҳнат шартномасида кўзда тутилмаган вазифаларни бажариш талаб қилинганда, ходим уларни бажаришдан бош тортишга ёки ишга чиқмасликка ҳақли. Бундай ҳолатда мажбурий прогул ходимга компенсация қилиниши лозим.

Кодексга иш вақтининг турли режимлари қўшилди. Масалан, мослашувчан иш вақти режими белгиланди.. Бунда ходим ўз иш жадвалининг бир қисмини ўзи тартибга солиши мумкинлиги бошқа қайд этилган қисми – бу ходим иш жойида бўлиши шарт бўлган иш соатларидир.

МКда ходимлар учун энг мақбул, қулайликни таъминлайдиган  янги нормалар  кўлами кўп. Масалан, стажёрлар меҳнати, мураббийлик, масофавий иш ва бошқалар тартибга солинди.

Май ойидан ишни янги қоидалар бўйича бошлаш учун янги Меҳнат кодексини ўрганиш ва барча янги киритилган қоидаларни батафсил тушуниб олиш имкониятига “Янги Меҳнат кодекси: назариядан амалиётга” курсида эга бўлишингиз мумкин. Курс кадрлар билан ишлайдиган ходимлар, HR-менежерлар, юристлар ва бухгалтерлар учун фойдали бўлади. Сифатли таълим учун керакли бўлган ҳаммаси - қулай онлайн формат, тажрибали ўқитувчи, амалиётдан олинган кейслар. Қуйидаги ҳавола бўйича кўпроқ маълумот олиш ва ёзилиш мумкин.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top