12:16 / 03.02.2023
17269

“Болам кўрмасин” деб йиғлолмаймиз ҳам” — кичик вужудида катта дардни кўтариб юрган норасидалар

Дарддан азоб чекаётган боласининг кўзига қараб туриб ёрдам бера олмаслик қанчалар оғир бўлса, ота-онасининг имкони йўқлигини кўриб, сезиб туриш бола учун ҳам шунчалар қийин.

Митти вужудидаги оққон касаллиги билан курашаётган болажонлар учун даво муолажасини бошдан ўтказиш ҳам осон эмас. Лекин шу муолажа учун ота-онаси маблағ тополмай қийналаётганини кўриш янада оғриқли.

“Ая, ўлгим келмаяпти”

Жаҳонгирнинг аҳволи шу даражада оғир эдики, докторлар Тошкентгача етиб келишига ҳам гумон қилишди. Лекин Сурхондарёда олиб қолишнинг ҳам фойдаси бўлмади.

“Аҳволи шу даражада эдики, таърифлаб беролмайман. Худога шукр, бир амаллаб пойтахтга етиб келдик. Даволанди, мана ҳозир тўртинчи курсдамиз. Шу ҳолатга етиб келиши ҳам осон бўлмади. Аҳволи оғирлашиб, неча маротаба реанимацияга тушиб қолди”, дейди Дилдора опа кўз ёшларини тиёлмай.      

Беш ойлик чақалоғини ташлаб, катта ўғли Жаҳонгирни даволатишга олиб кетган онаизор кичик фарзандининг ёшига тўлишини ҳам, энг ширин даврларини ҳам кўролмаганидан ўкинади. Жаҳонгирнинг “ойижон, мен яшагим келади, ўлишни хоҳламайман”, деган сўзлари эса онаизорнинг юрагини янада кўпроқ ўртайди.

Жаҳонгир Жўраевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0440 8893 7706 отаси Абулқосим Маҳамадиев номида

Виза: 4073 4200 1009 2637 отаси Абулқосим Маҳамадиев номида

Манзил: Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани, Зарбдор маҳалласи, Ёшлик кўчаси 14-уй.

 

“Ҳамма нарсамизни сотиб бўлдик”

Элбек ҳам беш ойдан бери гематологияда даволаниш муолажаларини олади. Бир ҳафта шифохонада бўлса, бир ҳафда квартирада туришади.

“Ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин экан. Ичингиздан зардоб ўтади, сиртингизга чиқаролмайсиз. Болам кўрмасин деб йиғлолмайсиз ҳам. Бир ёқда моддий етишмовчилик...

Барча нарсамизни сотиб, камига кредит олиб келганмиз. Ойига 400 доллардан квартира турамиз. Дадаси кунлик ишларга чиқиб келаётган эди. Қор ёғиб, ҳаво совиб шунга ҳам чиқолмай қолди. Бирда етиб, бирда етқизолмай, дорихоналардан ҳам қарз бўлиб кетдик”, дейди Элбекнинг онаси кўз ёшларини артиб.

Элбек Эргашевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0423 8216 9463 отаси Ойбек Ҳасанов номида

Ҳумо: 9860 0803 5273 9496 отаси Ойбек Ҳасанов номида

Манзил: Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани, Мингчинор маҳалласи 37-уй.

“Олти йил деганда етишган болам”

Шукрона ота-онаси учун ўзгача азиз, суюкли. Чунки унга ота-онаси олти йил деганда тилаб-тилаб етишган. Энди бағрим тўлди, бахтим бут бўлди дейишганда, тақдирнинг уларга яна бир синови бор экан. Қизалоққа докторлар оққон ташхисини қўйишди.

“Бу касалликнинг номини эшитганмиз-у, ўзи қандай бўлишини ҳеч ўйлаб кўрмаган эканмиз. Тасаввуримга ҳам сиғмасди. Ҳеч бир ота-она билмасин, кўрмасин, бу дард боласининг бошига тушмасин.

Жуда қўрқинчли касаллик экан. Тасвирлаб беришни ҳам хоҳламайман. Қаерда, қандай бундай бўлди, ўйлаб ўйимга етолмайман. Аллоҳнинг синови экан, насиб қилса буни ҳам енгиб ўтамиз”, дейди онаизор.

Шукрона Алижоновага оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0601 2107 8830 отаси Шуҳрат Эрматов номида

Манзил: Наманган вилояти, Поп тумани, Санг қишлоғи, Соҳибкор кўчаси 72-уй.

 

“Ота-онамнинг мени даволатиш учун ҳеч нарсаси қолмади”

Мўминжон ўзи кичкина бўлса-да, хасталик уни улғайтириб қўйгандек, гўё. Сўзлари дардли, кўзлари ўйчан. Уни фақат касаллик эмас, балки ота-онасининг моддий аҳволи ҳам ўйга толдирган.

“Бу оғриқларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Кўнглимни айнитади, беҳаловат қилади. Март ойидан бери шифохонадамиз. Ота-онамнинг мени даволатишга ҳеч нарсаси қолмади. Ҳамма нарсани сотдик.

Соғайиб кетсам, гематологияга катта-катта эҳсонлар қиламан”, дейди Мўминжон.

 “Болам ўзи ўқишга жуда қизиқади. Хасталикка чалинмасдан олдин тил курсларига боришни бошлаганди. Мактабда ҳам яхши ўқийди. Қанийди, тезроқ тузалиб, тенгдошлари қатори ўйнаб-кулиб, мактабга бориб келса”, дейди онаизор ўкинч билан.

Мўминжон Қосимовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0610 9548 3961 онаси Мўътабар Қаҳҳорова номида

Манзил: Наманган шаҳри, “Дамбоғ” МФЙ, 20А-уй.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top