19:30 / 03.02.2023
17482

Ўзбекистонда илк бор «Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги» акцияси ўтказилмоқда

Акция 1 мартга қадар давом этади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистонда илк бор «Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги» акцияси бошланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу йил 1 февралдан 1 мартгача бўладиган ушбу акция доирасида Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 6-оилавий поликлиникада ҳудуддаги аграр соҳа ходимлари — фермерлар, деҳқон ва боғбонлар, кластер ходимлари ва уларнинг оила аъзолари профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилмоқда.

«Ушбу тадбирда, аввало, аграр соҳа ходимлари орасидан тиббий хизматга эҳтиёжи бор контингент ҳамда уларнинг оила аъзолари рўйхати шакллантирилди. Кейин  ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, улар тегишли гуруҳларга ажратиб олинди. Шундан сўнг улар махсус тиббий бригадалар томонидан тиббий текширувлардан ўтказиляпти», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Барно Одилова.

130 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Бўка туманида қишлоқ хўжалиги фаолияти муҳим ўрин тутади. Туманда кўп тармоқли марказий поликлиника билан бирга 5 та оилавий поликлиника, 5 та оилавий шифокорлик пункти бўлиб, уларда фуқароларга бирламчи тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Туманда 700 га яқин фермер хўжалиги фаолият юритяпти.

Ушбу хўжалик раҳбарлари, ходимлари ва уларнинг оила аъзолари навбати билан тиббий кўрикларга жалб қилиняпти. «Ислом» фермер хўжалиги раҳбари Абдурасул Абдураззоқов акция борасидаги фикрларини билдирди.

«Ўттиз йилдан бери деҳқончилик билан шуғулланаман. Иш кўп. Ерни тирнаб юравериб, соғликка қарашга вақт бўлмабди. Кейинги йил пенсияга чиқаман, деб турибман. Фермерларни тиббий кўрикдан ўтказишади, деб хабар беришгани учун келдим. Юрак, ўпка, жигар, буйрак – ҳаммасини кўришди. Ўзимизнинг дўхтирларми десам, кўпчилиги пойтахтдан келган экан. Хурсанд бўлдим», дейди у. 

Шунингдек, акция доирасида аграр соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари орасида ҳомиладорлар, янги фарзандли бўлган аёллар, чақалоқлар, ётиб қолган, кекса, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бор шахслар бўлса, ушбу қатлам оила шифокори ва оила ҳамширалари томонидан патронаж қилиниб, зарур ҳолларда тор соҳа мутахассислари иштирокида хонадонларнинг ўзида кўриклар амалга оширилмоқда.

Фермерлардан бирининг рафиқаси Дилнора Холжонбоева ҳам фикрларини айтиб ўтди. 

«Турмуш ўртоғим «Абдували ота» фермер хўжалиги раҳбари. 100 гектар еримиз, ишчилар, болалар бор. Уларга иссиқ овқат етказиб туриш осонмас. Йилда бир-икки марта поликлиникага келишга имкон топардим. Лекин бундай чуқур текширувлардан ўтиш учун марказга бориш керак. Бизнинг бир оёғимиз далада бўлса... Мана, бугун ҳам эрта тонгдан турмуш ўртоғим кўрикдан ўтиб кетдилар, кейин мени юбордилар. Ишчиларимиз ҳам навбатма-навбат кўрикдан ўтяпти. Энг яхшиси, текширувларнинг барчаси бепул амалга ошириляпти», дейди у.

Тиббий кўриклар давомида:

  • 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳоли — оила шифокори профилактик кўригидан;
  • 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли — юқумли бўлмаган касалликлар скринингидан;
  • 35-55 ёшли аёллар — бачадон бўйни саратони текширувидан;
  • 45-65 ёшли аёллар — кўкрак бези саратони скринингидан;
  • 15-49 ёшли хотин-қизлар — профилактик кўрик, ҳомиладорликка монеликни аниқлаш кўригидан;
  • сил касаллиги бўйича хавф гуруҳига мансуб қатлам — флюорографик текширувдан;
  • сурункали касаллиги бор беморлар — оилавий шифокор ва тегишли тор соҳа мутахассислари томонидан диспансер кўригидан;
  • 1-18 ёшли болалар — чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан;
  • 2-10 ёшли болалар — гельминтозга текширувдан;
  • 3-18 ёшли болалар — онкогематологик касалликлар скринингидан ўтказилмоқда.

«Agro family» фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Шокиров шундай дейди:

—  Ҳозирги ёғингарчилик пайтида далаларда ишлар камайган. Мартнинг бошларида уруғ экиш бошланади. Шу билан ноябр охиригача қўлимиз қўлимизга тегмайди. Ташкилотчилар деҳқонларнинг шароитига, вақтига мослаб акция бошлабди. Йил бўйи оёғимда оғриқ сезиб юргандим. Мана, шифокорларга кўриниб, керакли тавсияларни олиб қайтяпман.  

Текширув натижаларига кўра, аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида беморлар саломатлигини тиклаш чоралари кўрилади.

Кўриклар якунида:

  • ҳаётида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади;
  • ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади;
  • юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.

Шунингдек, тиббий текширув натижасида меҳнат қобилиятини турғун йўқотгани, организм функцияси бузилиши ва ҳаёт фаолияти чегаралангани аниқланган беморларга ногиронликни белгилаш бўйича тегишли органга йўлланмалар берилади.

Акция бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда.

Top