20:27 / 06.02.2023
8883

«Бу стереотип фикр» — сиёсатшунос Марказий Осиёда Россия ва Хитой тандеми бўлиши ҳақида

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов Kun.uz’га берган интервюсида Марказий Осиёда таъсир доираси бўйича Россия-Хитой геосиёсий тандеми йўқлиги ва олдин ҳам бўлмагани ҳақида гапирди.

— Украина инқирози ортидан Хитойнинг Марказий Осиёдаги стратегияси масаласи. Шу пайтгача экспертлар минтақамизда Россия-Хитой геосиёсий тандеми Ғарбга қарши ишлайди деган фикрда эди. Хўш эндичи?

— Фикримча, бундай тандем ҳеч қачон бўлмаган. Гап шундаки, кўплаб адабиётлар, таҳлилий материаллар ва баъзан расмий баёнотларда гўёки Марказий Осиёда Хитой ва Россия ўз таъсир доираси ҳамда стратегиясини белгилаб олгани ҳақида гапирилади.

Унга кўра, Россия худдики Марказий Осиёнинг хавфсизлигига масъул бўлади ва бунинг учун барча чораларни кўради, иқтисодий фаровонлик, ривожланиш эса Хитойнинг елкасидаги вазифа эмиш. Бу қандайдир стереотипик фикр, бўлиниш.

Аслида Марказий Осиё давлатларининг мустақилликка эришишидан то бугунга қадар биз бунга яққол далил ё мисол кўрмадик. Ўзингиз ўйланг, бугунга қадар Марказий Осиё халқлари қандай синовлардан ўтмади? Бу террористик хавфлар бўлсин ё фуқаролар уруши. Лекин шу каби хавфларда масалан, Россия хизматини кўрмадик-ку. Бу таҳдидларнинг барчасини Марказий Осиё давлатларининг ўзи ҳал қилди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Марказий Осиёнинг учта давлати кирган бўлса-да, бирор жойда унинг реал хизматини кўрмадик. Қолаверса, Марказий Осиё давлатларида бу каби вазиятларга тайёрланган махсус кучлар, армия бор.

jyZmuQioCD-4kbRfMt84bVeMW7SUSm49.jpg (1400×894)

Иқтисодий жиҳатдан ҳа, Хитой савдо бўйича минтақада биринчи ўринга чиқди, лекин бугун таҳлилчилар айтмоқдаки, бу билан марказий осиёликлар нимага эришди?

Қозоғистон, Қирғизистон ва айниқса, Тожикистон қанча қарзга боғланиб қолди? Улар бугун худдики, боши берк кўчага тушиб қолгандек. Бундан бу ёғига қарзларни қайтариш жуда қийин бўлади. Яъни иқтисодий фаровонликка Хитойнинг масъуллигини жуда жиддий тушунмаслик, ишонмаслик керак. Бу ишлар Марказий Осиё давлатларининг ўзига боғлиқ. Шунингдек, бу икки давлатдан бошқа ҳамкор ва ташкилотлар бор. Дунёда иқтисодий фаровонликка масъул бошқа манбалар ҳам бор.

Бугун Марказий Осиёдаги давлатларнинг хавфсизлиги ва иқтисодий фаровонлигини қайсидир улкан давлатлар эмас, минтақа давлатларининг ўзи белгилаши керак. Яъни минтақада Россия, Хитой ёки АҚШга қанча «жой» берилиши марказий осиёликларнинг ўз иродасига боғланиши керак.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Top