19:38 / 08.02.2023
51523

Ўзбекистон ташқи қарзи. Хавотирлар ўринлими?

Ички молиявий бозор кўлами чекланган шароитда, давлатлар устувор ижтимоий-иқтисодий, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун ташқи қарздан фойдаланади. Мутахассислар таҳлилларига кўра, жалб этилган маблағлар ялпи ички маҳсулот ўсишига сабаб бўлса, ташқи молиялаштириш манбаларини жалб этиш билан боғлиқ хавотирлар ўринсиздир.

Фото: Getty Images

Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини молиялаштиришнинг асосий манбаи – давлат бюджети бўлиб, унинг даромад ва харажатлари деярли тенг бўлиши лозим.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги мутахассислари таҳлилларига кўра, давлат бюджети қуйидагига ўхшаш бир қанча сабабга кўра, ҳар доим ҳам мутаносиб бўлмаслиги мумкин:

  • давлат бюджети мамлакат иқтисодий салоҳияти юксалишини ҳам, ҳал этиладиган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазифаларнинг сифат ва кўлами ўсишини ҳам акс эттиради. Иқтисодий ўсиш суръатлари аҳоли сони ўсиш суръатларига нисбатан паст бўлган тақдирда ҳам давлат харажатлари аҳоли турмушининг янги сон ва сифат даражасига мувофиқ бўлиши керак;
  • давлат харажатлар ошиши муқаррар бўлган ҳолатларга дуч келиши мумкин (эпидемиялар, инфратузилмани сақлаш ва ривожлантириш билан боғлиқ кечиктириб бўлмас харажатлар, ижтимоий соҳани ривожлантириш), давлат даромадлари чекланган ҳисобланади, харажатларни ички қайта тақсимлаш имкониятлари эса катта эмас. Ёки аксинча, конъюнктура даромадлари ошганда, давлат жамғарма маблағларни кўпайтиради;
  • давлат халқаро молия-товар бозорларидаги ҳолатдан ёки бошқа қулай омиллардан келиб чиқиб, ўз олдига жадал техник ва иқтисодий ривожланиш мақсадларини қўяди.

Шунинг учун ҳам барча мамлакатлар бюджет мувозанатини харажатлар қисми кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда таъминлайдилар, яъни сальдо ижобий бўлганда – олтин-валюта захираларини тўплайдилар ва келажакда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилиш мақсадида бошқа молиявий жамғармаларни ташкил этадилар (масалан, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси каби), сальдо салбий бўлганда эса – захираларни ишга солиб (шу жумладан, олтин-валюта захираларини) ва/ёки қарз олиш воситаларидан фойдаланган ҳолда бюджет мувозанатли бўлишига эришадилар.

Ички молиявий бозор кўлами чекланган шароитда, давлатлар устувор ижтимоий-иқтисодий, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун ташқи қарздан фойдаланади.

Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатларнинг ўзига хослиги шундаки, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш кўламлари доимо ўсиб боради ва давлат ушбу лойиҳаларни энг қисқа муддатларда бажариш имкониятига эга бўлиши лозим. Фақатгина йўл инфратузилмасини сақлашга ҳар йили 2 млрд долларгача маблағ талаб этилади, бу эса мамлакатнинг 2023 йил учун режалаштирилган давлат бюджетининг 9,7 фоизини (ёки мамлакат консолидациялашган бюджетининг 7,2 фоизини) ташкил этади.

Бу каби вазифаларни муайян муддатларда ҳал этиш учун давлатда 2 та муқобил ечим мавжуд: солиқларни ошириш (бу билан келажакда иқтисодиётни ривожлантириш рағбатларига путур етказиш) ёки давлат қарзлари воситаларидан фойдаланиш ва иқтисодиётни инвестициявий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобидан ривожлантириш учун шароит яратиш. Шу жиҳатдан, мамлакатнинг ташқи қарзи мавжудлиги ва унинг ўсишини ғайриоддий ҳолат деб кўрмаслик лозим.

Шу билан бирга, солиқ тўловчилар ҳам ташқи қарз ҳажми ва ўзгариш суръати тўғрисида тасаввурга эга бўлиши лозимдир. Мамлакат учун ташқи қарзнинг иқтисодий мақбул чегарасини тушуниш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жалб этилаётган ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги муҳим омил ҳисобланади. Агар жалб этилган маблағлар ЯИМ ўсишига сабаб бўлса, ташқи молиялаштириш манбаларини жалб этиш билан боғлиқ хавотирлар ўринсиздир.

2022 йил давомида ташқи қарз маблағлари ҳисобидан муҳим инфратузилмавий лойиҳалар молиялаштирилди: умумий узунлиги 269 км бўлган автомобиль йўллари қайта таъмирланиши, 243 км ичимлик сувлари ва 83,8 км суғориш сув ўтказгичлари қурилиши, 15 та ичимлик сувини тақсимлаш жойлари (насослар, фильтрлар), 817 та гидротехник иншоотлар қайта таъмирланиши шулар жумласидандир.

Ўзбекистон ташқи қарзи ва унинг ўзгариб бориши тўғрисида умумий маълумотлар

Ташқи давлат қарзи деганда давлат ва давлат томонидан кафолатланган (ДДК) қарзлар тушунилади.

Сўнгги 6 йилда Ўзбекистон ташқи қарзининг ўсиш суръатлари жадаллашгани кузатилди. Агар 2016 йил охирида ташқи ДДК қарзлари ЯИМнинг 8 фоизини ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 октябри ҳолатида у ЯИМнинг 30,14 фоизига ёки 23,16 млрд долларга тенг бўлди. Мазкур сумманинг 17 млрд доллари Ўзбекистон номидан жалб этилган қарздир, 6,16 млрд доллари эса  давлат томонидан кафолатланган ташқи қарз ҳисобланади.

Ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилишда қуйидагиларни эътиборга олиш лозим:

  • 2017 йилда миллий валюта айирбошлаш курси қарийб икки баробар пасайди ҳамда сўмда ҳисобланадиган ва АҚШ долларига кўчириладиган ЯИМ ҳажми сезиларли даражада “камайди”. Фақатгина мазкур омил натижасида ташқи қарзнинг ЯИМга бўлган нисбати 6 фоиз бандига ошган;
  • Covid-19 ва постковид омиллар таъсири натижасида 2022 йилда давлат бюджети тақчиллиги ЯИМнинг 4 фоизини ташкил этди, бу Халқаро валюта фонди баҳосига кўра ташқи қарзнинг ЯИМга бўлган нисбати яна 9 фоиз бандига ўзгаришига олиб келган. Ковид ва постковид даври дунёнинг кўплаб мамлакатларида ташқи қарз ўсишига олиб келди;
  • Ташқи қарз ўсишига олиб келадиган оқимлар ошганини ўсишнинг қолган улушидан ҳам кўриш мумкин. Бу, авваламбор, мамлакат ва давлат корхоналарининг ташқи қарз бозорига чиқиши, энергетика ва логистика инфратузилмаларини модернизация қилишдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқдир.

Бошқача айтганда, сўнгги 6 йил давомида ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатан 29,7 фоизлик ошишидан фақатгина 14,7 фоиз бандга кўпайгани ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатан солиштирма қиймати ўсишига бевосита боғлиқ.

Қандай ижобий томонлар мавжуд?

Давлат ташқи қарзи ўсиш табиати ва динамикасига доир бир нечта ижобий кутилма мавжуд:

Биринчидан, ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатан ўсиш чўққиси 2022 йилга тўғри келди ва истиқболда пасайиши кутилмоқда.

Иккинчидан, 2021 йилдан буён давлат ташқи қарзининг ўсиш суръатлари сезиларли даражада пасаймоқда. Биргина, 2022 йил бошидан буён 823 млн долларлик қарз тўловлари амалга оширилгани ҳисобига давлат ташқи қарзи 1,7 фоизга камайди.

Учинчидан, Ўзбекистон ташқи маблағларни узоқ муддатларга ва халқаро даражада танилган молия институтларидан жалб қилмоқда. Хусусан, Халқаро молия институтларидан (ХМИ) жалб қилган ташқи қарз портфели 11,3 миллиард доллар ёки ташқи қарз умумий қийматининг 48,7 фоизини ташкил этади.

Ушбу кредитлар узоқ муддатли бўлиб, халқаро капитал бозоридаги нисбатан қиммат қарзлардан фарқли ўлароқ Ўзбекистонга имтиёзли фоизлар бўйича узоқ муддатларга – 20 йилдан 40 йилгача бўлган даврга тақдим этилмоқда.

Тўртинчидан, жалб этилган маблағларнинг тахминан тўртдан бир қисми давлат бюджети тақчиллигини қоплаш мақсадларига, тўртдан уч қисми энергетика (25 фоиз), транспорт (11 фоиз) ва қишлоқ хўжалиги (10 фоиз), турар жой секторидаги (9 фоиз) инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун ишлатилган. Яъни жалб этилган пуллар истеъмол мақсадларига эмас, балки энергетика, транспорт тизими ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари учун шароит сарфланмоқда.

Бешинчидан, ташқи қарз сифатида жалб этилаётган ресурслар асосан АҚШ долларида ифодаланган (74,8 фоиз), шунингдек, асосан АҚШ долларида шаклланадиган экспорт тушуми тузилмасига мувофиқдир. Шундай қилиб қарзни тўлашда қўшимча валюта хатари юзага келмайди.

Олтинчидан, Ўзбекистон 2020 йилдан ташқи қарз жалб этиш бўйича қонуний чекловлар ўрнатди. Эндиликда нафақат йиллик қарз миқдори максимал ҳажми, балки ташқи давлат қарзининг охирги даражаси (ЯИМнинг 60 фоизидан кўп бўлмаган) ҳам қонунлар билан чекланган.

Бюджет кодексига мувофиқ, кейинги йил учун давлат бюджетини тасдиқлашда ташқи қарзнинг максимал ҳажми давлат бюджети параметрлари билан бирга қонун кўринишида ўрнатилади. Натижада, давлат номидан ҳамда давлат кафолати билан тузилган ташқи қарз шартномаларининг ҳажми тўхтовсиз пасаймоқда.

Еттинчидан, Халқаро валюта фондининг баҳолашига кўра Ўзбекистонда ташқи қарз кризиси юзага келиш хатари паст, қарзга хизмат кўрсатиш қобилияти эса юқори ҳисобланади. Ўзбекистоннинг валюта тушумлари асосий манбалари барқарордир, яъни экспорт ҳажмлари ўсмоқда, мамлакатга трансчегаравий ўтказмалар ҳажми ошиб бормоқда, жорий тўлов балансининг асосий кўрсаткичлари барқарор бўлиб, дефолт таҳдиди йўқ ҳисобланади.

Агар мамлакатнинг жорий тўлов ҳисоб варағи салбий шаклланганда ташқи қарз ва унга хизмат кўрсатиш бўйича мажбуриятлар ҳажми ҳукуматни жиддий ташвишга солиши мумкин эди. Бироқ Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 ойида мамлакатнинг жорий тўлов ҳисоби 194 млн доллар миқдорида ижобий кўрсаткични ташкил этган. (Таққослаш учун, 2021 йилнинг 9 ойида салбий сальдо 5,2 млрд долларга тенг бўлган). Бунда савдо балансининг (товарлар ва хизматлар) салбий сальдоси (11 млрд доллар) бирламчи ва иккиламчи тушумларнинг (11,2 млрд доллар) ижобий сальдоси билан тўлиқ қопланган.

Экспорт ҳажми (номонетар олтинни ҳисобга олмаганда) 11 млрд долларни ташкил этиб, 2021 йилнинг 9 ойи билан солиштирганда 25 фоизга ошган.

Бироқ энг ижобий жиҳат – бу иккиламчи тушумларнинг сальдоси 2,4 баробар ошгани билан боғлиқ. Жумладан, шахсий трансчегаравий ўтказмалар 2021 йилнинг тегишли даври (2021 йилнинг 9 ойида 4,5 млрд доллар) билан солиштирганда 2022 йилнинг мос даврида 10,9 млрд долларни ташкил этиб, 2,4 баробарга ошган. 

МБнинг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 ойида молиявий ҳисоб узоқ йиллар давомида илк бор 0,5 млрд доллар ҳажмида мусбат шакллангани – яна бир ижобий фактдир (2021 йилнинг 9 ойида салбий сальдо 6,1 млрд долларга тенг бўлган). Ушбу давр мобайнида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф ўсиши 1,7 млрд долларни ташкил этган.

Мавзуга оид
Top