12:06 / 27.03.2021
21198

Ўзбекистон ташқи қарзи 33 миллиард доллардан ошди

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 33,8 миллиард долларни ташкил қилди.

Фото: Shutterstock

Марказий банк эълон қилган навбатдаги ҳисоботда республика умумий ташқи қарзининг ҳажми 2020 йил бошига нисбатан 37,4 фоизга ёки 9,2 миллиард долларга ошиб, 1 январ ҳолатига 33,8 миллиард долларни ташкил этгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, мазкур маблағлардан 21,3 миллиард доллари давлат ташқи қарзи, 12,5 миллиард доллари эса давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз ҳисобланади.

Давлат ташқи қарзининг ўсиши

2020 йилда давлат ташқи қарзининг соф ўсиши, курслар ва нархлар ўзгаришини инобатга олганда, 5,5 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ўсиш асосан янги қарздорликлар жалб қилиниши ва давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши билан изоҳланади.

Ўтган йилда хусусий қарздорлик 3,7 миллиард долларга ошиб, асосан банклар ҳиссасига тўғри келган.

«2020 йилда хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 5,5 миллиард доллар қарздорлик жалб қилинди. Ушбу қарзларнинг 4,3 миллиард доллари асосан банклар ҳиссасига тўғри келса (жорий йил IV чорагида иккита банк томонидан қиймати 600 миллион долларлик янги қимматли қоғозлар чиқарилди), нефт-газ ва энергетика секторидаги корхоналар 211,8 миллион доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан 984 миллион доллар жалб қилинган», – дейилади Марказий банк махсус нашрида.

Давлат ташқи қарзи бўйича амалга оширилган фоиз тўловлари

Маълум қилинишича, ҳисобот даври мобайнида давлат ташқи қарзи бўйича 651,3 миллион доллар миқдордаги асосий қарз ва 380,2 миллион доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.

Хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 2 миллиард доллар ва фоиз тўловлари бўйича 370,8 миллион долларни ташкил қилди. Бунда асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг энг катта қисмини банклар ҳамда нефт-газ ва энергетика сектори корхоналари амалга оширмоқда.

2020 йилда хусусий секторнинг ташқи қарз тушумлари ва тўловлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда хусусий ташқи қарзнинг сўндирилиши бўйича прогнозлар халқаро ҳисобот тизими талабларига мувофиқ кредиторлар ва қарз олувчилар кесимида тақдим этилмоқда.

Ялпи ташқи қарз ҳолати

2021 йил 1 январ ҳолатига ялпи ташқи қарз қолдиғи 37,5 фоизга ёки 9,9 миллиард долларга ошиб, 36,2 миллиард долларни ташкил қилди.

2020 йилда ялпи ташқи қарз асосан операцион ўзгаришлар ҳисобига 9,4 миллиард долларга ошди. Бунда қайта баҳолашлар (курслар ва молиявий инструментларнинг нарх ўзгаришлари) ва бошқа ўзгаришлар мос равишда 674,9 миллион ва -241,1 миллион долларни ташкил қилди.

Аввалроқ халқаро молиявий институтлардан Ўзбекистон жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 8,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, мазкур кредитлар узоқ муддат (30 йилгача) ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилгани хабар қилинганди.

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 23,3 млрд доллар эквивалентини ташкил этаётгани, шундан 21,1 миллиарди – давлат ташқи қарзи экани очиқланган.

Шунингдек, молия вазири Тимур Ишметов республиканинг ташқи қарзи миқдори халқаро меъёрларга нисбатан паст ҳисобланиши, уни ҳукумат яхши бошқариш билан бирга, ўз вақтида бемалол қайтара олишини таъкидлаган. Вазирга кўра, 2021 йилда ташқи қарз олиш лимити 5 миллиард доллар қилиб белгиланган.

Мавзуга оид
Top