21:46 / 09.02.2023
49947

20 мингга яқин қурбон, Туркия учун ёрдам ва четда қолаётган Сурия. Зилзиланинг тўртинчи кунидаги асосий маълумотлар 

Сурия шимоли-ғарбида мухолиф кучлар назоратидаги Идлибга илк инсонпарварлик ёрдами энди етиб келди.

Фото: Petros Giannakouris / AP / Scanpix / LETA

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия ва Сурияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 19 700 дан ошди. Туркия ҳукуматининг 9 феврал куни берган сўнгги маълумотларига кўра, 16 546 киши ҳалок бўлган (яна 66 мингдан ошиқ киши жароҳат олган). Сурияда эса маҳаллий расмийлар ва ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, 3 247 киши ҳалок бўлган (яна камида беш минг киши яраланган). Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти зилзила оқибатлари четлаб ўтмаган инсонлар сонини 23 миллион кишига баҳолаган; шундан 1,4 миллион нафари болалар.

Қурбонлар орасида камида бир нафари ўзбекистонлик. Туркияда иш олиб бораётган Ўзбекистон ФВВ бўлинмалари Ҳатай вилоятида бир ўзбекистонликнинг жасади топилгани ҳақида хабар берган, 13 нафар бедарак кетган ўзбекистонлик қидирилмоқда. Ўзбекистонлик қутқарувчилар шу вақтгача харобалар остидан 13 кишини тирик ҳолда қутқаришган, 50 кишининг жасадини топишган. Ўзбекистонга қайтган бортда 11 ўзбекистонлик олиб келинган.

6 феврал тонгида рўй берган 7,8 магнитудали ер силкиниши сўнгги 10 йилликда дунёда рўй берган энг йирик зилзила бўлди. Туркия расмийларига кўра, биринчи зилзила эпимаркази Сурия билан чегара яқинидаги Ғозиантеп шаҳридан шимоли-ғарбда жойлашган. Шу куни кун давомида яна ўнлаб афтершоклар кузатилди, куннинг иккинчи ярмида эса Ғозиантепдан шимолроқда, Қаҳрамонмараш шаҳри яқинида 7,5 балли иккинчи зилзила рўй берди. Зилзилалардан кейин 1200 дан ортиқ афтершоклар кузатилди.

Сурия ва Туркияга дунёнинг 19 мамлакатидан 80 мингдан ошиқ қутқарувчилар ёрдам учун йўл олди (жумладан Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан ҳам). Аммо шунга қарамай, қутқарувчилар етишмаяпти, уларнинг ишини эса совуқ ва қорлар қийинлаштирмоқда. Зилзиладан кейин 72 соатдан ортиқ вақт ўтди, бу омон қолганларни қидириб топиш учун муҳим бўлган «олтин давр» ҳисобланади, аммо ҳамон харобалар остидан омон қолганлар олиб чиқилмоқда. Хусусан, Қаҳрамонмараш шаҳрида 80 соат давомида вайроналар остида қолиб кетган тўққиз ёшли қиз ва унинг отаси қутқарилди. Жаҳон нашрларида кенг тарқалган яна бир қутқариш ҳолати — Сурияда харобалар остидан киндиги узилмаган чақалоқнинг олиб чиқилиши бўлди, унинг онаси зилзила оқибатида ҳалок бўлган.

Туркия ҳукумати секин ҳаракат қилгани ва қурилиш ишлари сифатсизлиги учун танқидга учрамоқда. Бу фонда мамлакатда твиттерга кириш вақтинча чекланди. Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳукумат 13,5 миллион киши яшайдиган катта ҳудудларда сезилган зилзила оқибатларига қарши курашиш учун барча кучларни сафарбар қилгани ҳақида маълум қилди. «Албатта, камчиликлар бўлди. Бундай офатга олдиндан тайёр бўлишнинг имкони йўқ эди», — деган Эрдўған. ОАВнинг қайтишича, зилзила унинг май ойида ўтказиладиган президентлик сайловларида ғалаба қозонишига тўсқинлик қилиши мумкин.

10 йилдан ошиқ вақт давомида фуқаролик уруши қамраб олган Сурияда янада оғир вазият юзага келган. Бу ерда Башар Асад ҳукумати назорат қиладиган ҳудудлар ҳам, унга мухолиф кучлар назоратида бўлган ҳудудлар ҳам табиий офатдан жабрланган. Зилзиладан энг кўп даражада талафот кўрган мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида инфратузилмалар вайрон бўлгани, ёнилғи етишмаслиги, ичимлик суви танқислиги - бунинг натижасида вабо тарқалгани туфайли бунгача ҳам гуманитар инқироз юзага келганди. Энди буларга харобаларни тозалаш учун талаб этиладиган оғир техникалар етишмовчилиги қўшилди, қолаверса, гуманитар ёрдам етказишнинг деярли имкони йўқ: бунга расмий Дамашққа нисбатан қўйилган санкциялар ва зилзила туфайли алоқа йўллари вайрон бўлгани сабаб бўлмоқда. Натижада БМТнинг илк гуманитар карвони Асад ҳукумати назорат қилмайдиган ҳудудга фақат 9 февралга келиб етиб келди. Пайшанба куни Туркия билан чегарадаги Боб ал-Ҳава назорат-ўтказиш пункти орқали Идлибга илк ёрдам ўтган. Туркия ҳукумати чегарадаги яна иккита пунктни очишни ваъда қилган. «Дунёнинг исталган нуқтасида бу фавқулодда ҳолат бўлиши мумкин эди. Сурияда юз берган бу воқеа эса фавқулодда вазият ичидаги фавқулодда вазиятдир», деган «Халқаро қутқарув қўмитаси» вакили Марк Кайе.

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top