16:24 / 09.02.2023
10960

Полша Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришга тайёрлигини маълум қилди

Фото: Reuters

Полша жанговар самолётларни Украинага етказиб беришга тайёр, бироқ НАТОда энг биринчи бўлиб буни қилмайди, деди мамлакат бош вазири Матеуш Моравецкий Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ саммити олдидан. 

«Бизнинг позициямиз аниқ. Биз фақат Шимолий Атлантика альянси шартномаси доирасида биргаликда ҳаракат қилишимиз мумкин. Агар шундай қарор қабул қилинса, у ҳолда биз биринчи бўлиб қирувчи самолётларни тақдим этмаймиз, аммо бунга ижобий жавоб берамиз», - деди Моравецкий

Унинг фикрича, кўп сонли шундай қирувчиларга эга бўлган НАТО давлатлари Украинани биринчи бўлиб жанговар самолётлар билан таъминлаши мумкин. Полшада эса қирувчи самолётлар етарли эмас, деди Полша ҳукумати раҳбари.

ЕИ саммитида Полшанинг учта асосий мақсади бор: ЕИ давлатларининг Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлиги, Россияга қарши санкцияларнинг 10-пакети ва Россия мулкини мусодара қилиш, шунингдек, ундан тушган маблағлардан энергия нархларини пасайтириш ва Украинани тиклаш учун фойдаланиш, деб ёзди Матеуш Моравецкий Twitter’да. 

Аввалроқ Германия ва Полша Украинага Leopard 2 танкларини етказиб берувчи давлатлар йиғилишини чақирмоқчи, деб хабар берганди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари Варшавада.

Ғарб ҳамкорлари Leopard 2 жанговар танкларининг биринчи батальонини йил бошидан уч-тўрт ой ичида Украинага етказиб бериши мумкин. Бу ҳақда 8 февраль куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус Варшавага ташрифи чоғида маълум қилди.

«Биз камида битта батальонни жорий йилнинг дастлабки тўрт, балки уч ойида етказиб беришимиз мумкин, кейин эса иложи борича тезроқ ҳаракат қилишимиз табиийдир», деди Писториус ва батальон тахминан 31 танкдан иборат бўлишини қўшимча қилди.

Вазирлик раҳбари Германия ва Полша Украинага Leopard 2 етказиб беришни режалаштираётган давлатлар йиғилишини чақирмоқчи эканини айтди. Бундай формат ушбу давлатлар манфаати учун хизмат қилади, деб қўшимча қилди Писториус Варшавада Полша миллий мудофаа вазири Мариуш Блашчак билан учрашувдан кейин.

Top