15:56 / 15.02.2023
6261

Шавкат Мирзиёев Ўзэнергоинспекция фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб берди

Президент “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) ташкил этилган

Ўзбекистон президентининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзэнергоинспекциянинг Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув штат бирликлари сони 357 та, шу жумладан, Ўзэнергоинспекция бошлиғи ўринбосарларининг сони 2 нафар этиб белгилангани қайд этилган.

Қуйидагилар Ўзэнергоинспекция фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш (қазиб чиқариш), қайта ишлаш, узатиш (ташиш), тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-тарож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;
  • бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган ҳамда тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ёқилғи-энергия ресурслари ҳажми ўртасидаги тафовутларни аниқлаш ва бартараф этиш;
  • юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) энергетика объектларида бахтсиз ҳодисалар ва технологик бузилишлар (авариялар)нинг олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва унинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ҳамда энергия самарадор ва энергия тежовчи замонавий технологияларни жорий қилиш, шунингдек, энергия ресурсларини истеъмол қилиш самарадорлигининг мониторингини олиб бориш;
  • ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмолининг меъёрлари бажарилиши ва келгусида такомиллаштирилиши устидан назоратни амалга ошириш.

Белгиланишича:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан Ўзэнергоинспекция ходимлари зиммасига уларнинг ваколатига кирмайдиган вазифаларнинг юкланиши тақиқланади;
  • давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар мазкур қарорга мувофиқ Ўзэнергоинспекцияга унинг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиши шарт;
  • Ўзэнергоинспекция зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар унинг қонуний талабига кўра бепул тақдим этилади;
  • Ўзэнергоинспекция томонидан ёқилғи-энергия ресурсларини беҳуда сарфлаш, улардан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш борасида давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ назорат тадбирлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳисобланмайди;
  • Ўзэнергоинспекция ходимлари хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида истеъмолчиларнинг ёқилғи-энергия ресурсларини ҳисобга олиш ускуналари кўрсаткичларини ёзиб олиш ва уларнинг ҳолати, уланиш схемалари ва қурилмаларини кўрикдан ўтказиш учун ҳисобга олиш ускуналари, схемалари ҳамда қурилмаларини тўсқинликсиз бориб кўришга ҳақли;
  • Ўзэнергоинспекция Ўзбекистон президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари ўрнатилишини назорат қилади ва белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши таъминланмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан чоралар кўриш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.
Top