15:21 / 18.02.2023
21232

Болаларнинг дардини енгиллаштирувчи маскан — Ўзбекистондаги илк ҳосписдан репортаж

Ҳоспис бу — оғир ва бедаво дардни енгиллатишга кўмак бериладиган жой. Бу тушунча Ўзбекистонга энди кириб келмоқда: кўплаб ота-оналар, ҳатто шифокорлар ҳам ҳоспис ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Kun.uz мухбири республикадаги илк шундай маскан — «Таскин» ҳосписида бўлиб, репортаж тайёрлади.

Ҳоспис— тузалмас дардга чалинган беморларга касалликнинг сўнгги босқичида паллиатив ёрдам кўрсатувчи тиббий-ижтимоий ташкилот. Бу йўналиш Ўзбекистонда янги. Республикадаги биринчи «Таскин»болалар ҳосписи очилганига эндигина олти ой бўлди.Аммо мамлакатда бундай ташкилотларга эҳтиёж катта. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра,Ўзбекистонда биргина онкологик касалликларга чалинганлар сони тахминан 45 минг нафарга яқин. Шундан 10 минг нафарида ҳосписга муҳтожлик бор.

«Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, ҳоспислар жуда ҳам керакли ташкилот. Ўзбекистонда ҳали етарли эмас. Биз яратган 20 та ўрин жуда ҳам кам. Бизнинг ҳоспис фақат болалар учун, аммо бундай масканлар катталарга ҳам керак. Фақат онкологик йўналишда эмас, бошқа касалликларда ҳам муҳим бундай жойлар. Шунингдек, Тошкентдан ташқари бошқа вилоятларда ҳам очиш керак.Айтиш лозимки, ҳоспислар фаолияти давомийлиги ва иш сифати нафақат давлат кўмаги, балки ҳамкор ташкилотлар ва ҳомийларга боғлиқ»,— дейди «Ezgu Amal» жамоат фонди бошқарув раиси Мунира Хўжахонова.

Ҳосписда ҳар бир хона бемор ва унинг қаровчиси — оила аъзоси учун уй шароитига яқин жиҳозланган. Масканда дори-дармон, озиқ-овқат ва барча хизматлар бепул.Айни пайтда ҳоспис хизматларидан 12 нафар бола фойдаланмоқда. Улар республиканинг турли ҳудудларидан келишган.

«Ўтган йилнинг май ойида қизимга бурун-ҳалқум хавфли ўсмаси эстезионейробластома ташхиси қўйилди. Бу касаллик ҳақида эшитгач, шокка тушганман. Ҳеч кимни эшитишни ҳам, кўришни ҳам хоҳламай қолганман. Кейин бу ерга келдик. Шароит ҳам, ходимлар ҳам жуда яхши. Психолог маслаҳатлари билан анча ўзимга келдим, кўнглим кенгайди. Қизимнинг ҳам ҳолати яхшиланди. Сентябрь ойида олиб келганимда қизим 45 кило бўлиб қолган, жуда чарчаганди. Иштаҳаси, гапиришга ҳоли йўқ эди. Бу ерда болаларнинг кўнглини кўтарадиган ҳар хил тадбирлар бўлар экан. Кайфият томондан анча ўзгарди. Ҳозир қизимнинг вазни 55 килога чиқди»,— дейди Адолат Бегимқулова.

Фотима Дўсмуродованинг айтишича эса ўғлини ҳосписга яқинда олиб келган. Оила бир йилдан бери тузалмас дард билан курашади.

«Болам кимётерапияларда анча толиққан. Уч кун кимётерапия бўлса, қолган кунларни бу ерда ўтказамиз. Боламизда ўзгаришлар яхши, Худога шукр. Олдин кўп инжиқлик қиларди. Телефондан бошини кўтармасди. Психологик суҳбатлардан кейин секин-секин китоб ўқий бошлади. Жуда катта ёрдам беришяпти. Болаларимизнинг кўнглини олиш учунт урли томошалар, қўғирчоқ спектакллари ҳам ташкиллаштиришяпти. Кўпчилик келиб ҳолимиздан хабар оляпти»,— дейди у.

Мунира Хўжахоновага кўра, эҳтиёжи бўлса-да, кўпчилик ота-оналар ҳосписга мурожаат қилишмайди. Бунинг сабаби уларда ҳоспис ҳақида етарли маълумот йўқлигида:

«Бу жараёнларда шуни кўрдикки, Ўзбекистонда ҳоспис тушунчаси яхши сингдирилмаган. Кўп ота-оналар, ҳатто шифокорлар ҳам ҳоспис ҳақида маълумотга эга эмас. Шунинг учун беморлар оиласига кўпроқ маълумот етказяпмизки, ҳоспис бу— қўрқинчли маскан эмас, дардни енгиллатишга кўмак бериладиган жой. Бу ерда меҳр-оқибат яшайди. Ҳар битта ходим ўз эътиборини, кучини болаларга қаратади».

Ҳоспис олти ой ичида 25 нафар бемор болага хизмат кўрсатган. Бу ерга асосан болалар оғриқ синдроми билан келади. Биринчи навбатда оғриқни қолдириш, кўнгил айнишини тўхтатишга  эътибор қаратилади. Кейин бемор ва унинг ота-онасига психологик ёрдам кўрсатилади.

«Чунки кимётерапия оладиган беморлар 2–3 йил мобайнида даволанади, шунинг учун улар чарчаган. Болалар шифокорлардан ҳам қўрқади, шу сабабли шифокорлардай кийинмаймиз. Булардан ташқари,болалар арттерапия хоналаримизда расмлар чизиб, турли нарсалар ясайди. Кўпинча болалар арттерапиялардан сўнг кейинги оғриқ қолдирувчи дориларни олмайди, оғриқларини унутади. Уларнинг терапия олиш вақтлари оралиғи узайиб боради»,— дейди Республика 2-сон Зангиота шифохонаси «Таскин» болалар ҳосписи бўлим мудири Рустам Норбоев.

Ҳосписда волонтёр гуруҳлар, ҳамкорлар томонидан ҳар ҳафта болалар учунк ўнгилочар тадбирлар ташкиллаштирилиб, совғалар улашилади, ота-оналар болалари билан пойтахт бўйлаб сайр қилишларига ҳам шароит яратиб берилади. Барча ҳаракатлар беморларнинг охирги ҳаёт паллаларини яхшилаш, оғриқларни, кимётерапиядан кейинги асоратларни камайтириш орқали ҳаёт сифатини оширишга қаратилган.

Top