12:47 / 18.02.2023
8572

Европа Иттифоқи Украинага қарши тажовуз бўйича тергов қачон бошланишини маълум қилди

Украинага қарши тажовуз жиноятини тергов қилиш халқаро маркази июль ойида бўлажак суд жараёнлари учун далиллар тўплашни бошлайди. Махсус трибунал учун юрисдикция излаш давом этмоқда, дея маълум қилди Европа Иттифоқи вакили.

Фото: Euronews

Ҳаагада Украинага қарши тажовуз жиноятини тергов қилиш халқаро маркази июль ойида иш бошлайди. Бу ҳақда 17 февраль, жума куни Брюсселда Украина бош прокурори Андрей Костин билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида адлия бўйича Европа комиссари Дидье Рейндерс маълум қилди. «Жорий йилнинг июль ойида марказ тўлиқ ишга тушади», деб ваъда берди Рейндерс.

Еврокомиссарнинг сўзларига кўра, ушбу марказ Европа Иттифоқига аъзо олти давлат ва Украина томонидан тузилган қўшма тергов гуруҳига бириктирилади ҳамда Халқаро жиноий суд билан яқин ҳамкорлик қилади. «Далилларни тўплаш ва келажакдаги суд жараёнлари учун сақлаш керак», деди Рейндерс. Унинг сўзларига кўра, у Костин билан жиноятни тергов қилиш ва махсус трибуналнинг навбатдаги қадамлари ҳақида гаплашган. «Унинг учун юрисдикцияни топиш муҳим», деб таъкидлади Европа комиссари ва бу жараён босқичма-босқич давом этаётганини қўшимча қилди.

Ўз навбатида, Костин ҳозирда тажовуз жинояти учун айбдорларни жазолашнинг самарали ҳуқуқий механизми йўқлигини эслатди. Унинг нуқтайи назарига кўра, БМТда Россиянинг Украинадаги тажовузини қоралаган давлатлар бундай механизм яратилиши учун кейинги қадамни ташлаши керак.

Бошқа ҳарбий жиноятлар бўйича 67 мингта иш аллақачон ҳужжатлаштирилган, деди Костин. «Украинада 99 фоиз ҳолатда ишлар тергов қилинади ва жиноий жавобгарлик белгиланади», деди у ва 25 та ҳукм чиқарилгани, бироқ тўлиқ адолатга эришиш учун қўшимча ҳуқуқий механизмлар зарурлигини қўшимча қилди. У Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги жараёнида содир этилган геноцид, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгарликка тортадиган махсус трибунални ҳамда Халқаро жиноий судни мисол сифатида келтирди.

«Ушбу жиноятларнинг барча айбдорлари умрининг охиригача трибуналга тортилиш хавфи борлигига ишонч ҳосил қилишлари керак», деди Рейндерс.

Шунингдек, у ЕИ аллақачон санкциялар рўйхатидаги россиялик олигархлар ва ташкилотларнинг 21,5 миллиард евролик активларини музлатиб қўйганини айтди. Россия Украинани қайта тиклаш учун пул тўлаши ва етказилган зарарни қоплаши керак, деди Европа комиссари Украинага етказилган зарарлар реестри бўйича ишлар давом этаётганини эслатиб.

Андрей Костиннинг сўзларига кўра, Россия томонидан содир этилган жиноятларни қоплашнинг энг адолатли усули бу Россиянинг суверен активларидан фойдаланишдир, чунки бу ҳуқуқбузарликларни Россия давлати содир этган. Гап нафақат ЕИда, балки G7 мамлакатларида ҳам музлатилган Россия Марказий банкининг 300 миллиард активлари ҳақида бормоқда. Ушбу активларни мусодара қилишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмас, чунки улар суверен иммунитетга эга, аммо Европа Иттифоқи ушбу активларни бошқаришга фонд яратишни ва олинган фоизларни Украинани тиклашга ўтказишни таклиф қилмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top